Конституция байрами чекка ҳудудларда ҳам кенг нишонланмоқда

17:03 08 Декабрь 2023 Жамият
195 0

Фото: «Халқ сўзи»

Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этиб, барчани байрам билан табриклади.

Қайд этилганидек, кейинги икки йилда мамлакатимизда олиб борилган Конституциявий ислоҳотлар натижада Бош қомусимиз ҳам мазмунан, ҳам шаклан мутлақо янгиланди, чинакам халқ Конституцияси бўлди.

Янги Конституцияда Ўзбекистон — суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлди.

Камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятларни олди. Умуман, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар уч баробар кўпайди.

Тадбирда санага бағишлаб тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Унда Конституция берган имкониятлар натижасида юртимизда юз бераётган ўзгаришлар ўз ифодасини топди.

Шу ўринда айтиш керакки, ўтиб бораётган 2023-йилда вилоятнинг энг чекка туманларидаги қишлоқларда ҳам катта ҳажмдаги ўзгаришлар амалга оширилди.

Хусусан, вилоятидаги 4 та маҳалла — Каттақўрғон туманидаги “Чўянчи”, Оқдарёдаги “Янгиқўрғон”, Паст Дарғомдаги “Олти қаҳрамон” ва Иштихондаги “Чағатой” маҳаллалари “Обод хонадон — обод кўча — обод маҳалла” дастурига киритилган эди. Бу маҳаллаларда амалга оширилиб келинаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги байрами арафасида ўтказилган “Конституция ҳафталиги” доирасида ушбу маҳаллаларда бунёд этилган янги объектлар тантанали равишда фойдаланишга топширилди.

— Бизнинг Иштихон туманидаги “Чағатой” маҳалласида байрам арафасида 15 та объект фойдаланишга топширилди, — дейди маҳалла раиси Сайфиддин Холмаматов. — Хусусан, “Чағатой” маҳалла фуқаролар йиғини янги биноси, ҳудуддаги асфальт қилинган Ноғорчи, Қизилқулоқ, Чағатой, Қўнғирот қишлоқларининг ички йўллари, маҳалла тиббиёт пункти, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш маркази, дам олиш маскани, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари, учта автобекат, “Шодлик” оилавий боғчаси фаолият бошлади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг чекка ҳудудларда ҳам ўз самарасини бераётганлигининг ёрқин исботидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбири санъат усталари, истеъдодли ёш хонандалар иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер