«Бу ёмғирлар...»

15:49 25 Март 2025 Жамият
137 0

Бу ёмғирлар баҳор пардозчисидир: унга безак ва оро беради, чиройини чунон очади. Кўкламни киройи кўкартиради, чинакам кўклам қилади, яшнатади, яшиллантиради. Ўт-ўланни бўйчан қилади, улар шунчалар баланд ўсадики, чўккалаганни кўмади. Қизғалдоқзор мисли алвон денгиз бўлади, қуёш нуридан оловланади. Миллионлаб янги экилган кўчатлар томирига оби раҳмат етиб борадики, бу табиий нам кўкаролмай турган ниҳолни ҳам амал олдириб юборади.

Бу ёмғирлар файзу барака, ризқ келтирувчидир: лалми деҳқончиликка, чорвага барака олиб келади. Қўй-қўзию, эчки-улоқ, қорамоллар кўп ўтлаганидан кун адоғида қорниларини кўтаролмай қолади. Қўйлар қўрасига келмай қўяди: қир-адирда тунайди. Оқшом маҳал адирдан сигирлар ҳар қачонгидан-да баҳайбат елинларини мисли судраб қайтади. Улардан келинлару қиз-жувонлар соғаётган сут челакларни тўлдиради, кўпириб, тошади. Кувилар гуваладай-гуваладай саримой чиқариб беради, сузмаю қатиқ мўл бўлади.

Бу ёмғирлар борлиқ ва кўнгилни покловчи ҳамдир: илло, ҳавони шунчалар тиниқ қиладики, узоқдаги Туркистон тоғлари чўққисидаги қорнинг товланишини Гулистондан ҳам илғаш, осмоннинг Ердан кўринадиган асл ранги мовий эканлигини англаш ва мусаффо ҳавонинг нақадар тотлилигини ҳис этиш мумкин бўлади. Унинг қайсидир уммон бағридан буғланиб, фариштали фалакда обдон покиза бўлиб, сўнгра булутлардан узилиб заминга интилаётган ҳеч бир гардсиз, тоза томчилари сочлардан юзларга, кўзларга томиб, юмалаб, эркалаб чўмилтиргандек бўлади. Ва албатта, бу ажиб покланиш кўнгиллар тубигача боради. Қалбдаги ғуборларни қувиб солиб, унинг ўрнига кўкламий кайфиятни жойлаб қўяди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер