“Коинотни ўрганиш бўйича Ўзбекистон ва Россия томонидан режалаштирилган ишлар икки давлатнинг бир-бирига юксак ишончидан далолатдир”

18:59 25 Октябр 2018 Жамият
1745 0

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон — Россия олий даражадаги музокараларининг натижалари хусусида таниқли экспертлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати минтақада мутлақо янгича муҳит шаклланишига хизмат қилди. Бу унинг сиёсий танлови ва тарихий аҳамиятга эга хизматидир, дейди Россия Махсус медиаметрик тадқиқотлар маркази эксперти Игорь Николайчук.

Юртимизда ва Марказий Осиёда илк атом электр станцияси қурилиши ҳақида тўхталар экан, мутахассис ушбу лойиҳа Ўзбекистонда юқори технологияларга асосланган янги тармоқнинг юзага келишига кўмаклашади, дея фикр билдиради. АЭС фақатгина йирик бир объект эмас, балки кўплаб муҳандис ва илмий кадрларни жалб қиладиган муҳим стратегик танловдир. Коинотни ўрганиш бўйича Ўзбекистон ва Россия томонидан режалаштирилган ишлар, экспертнинг сўзларига қараганда, икки давлатнинг бир-бирига юксак ишончидан далолат беради.

— Ўзбекистон — улкан имкониятлар мамлакати. Республика раҳбарияти замонавий ишлаб чиқариш турлари ва объектларини кўпайтиришга жиддий эътибор қаратаётир. Ўзбекистонда саноатлашувнинг янги босқичи бошланди, дейиш мумкин. Ушбу жараёнда Россиянинг ҳам иштирок этиши ҳар икки давлат учун бирдай манфаатлидир, — дея ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти Дмитрий Александров.

Москвада жойлашган Энергетика ва молия институти катта тадқиқотчиси Сергей Кондратьев айтиб ўтганидек, атом энергетикасини ривожлантириш орқали Ўзбекистон Марказий Осиёдаги позициясини янада мустаҳкамлайди:

— АЭС қурилиши нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки сиёсий томондан ҳам муҳим лойиҳа ҳисобланади. Биринчидан, Ўзбекистон учун бу ниҳоятда катта манфаат келтиради. Зеро, атом электр станцияси орқали мамлакат газкимё соҳасидаги ресурсларни тежаш имконига эга бўлади. Иккинчидан, АЭС минтақадаги ўзаро ҳамкорлик тенденциясининг кучайишига кўмаклашади. Бундан ташқари, атом электр станцияси бутун минтақага фойда келтириб, унинг ягона энергетик макон сифатида шаклланишини таъминлайди.

Сиёсатшунос Антон Курилкин таъкидлаганидек, Ўзбекистон раҳбарияти доимо аниқ келишувларга эришишни мақсад қилади ва уларнинг бажарилиши устидан қатъий назоратни амалга оширади. Мисол сифатида, Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи чоғида ўзаро товар айрибошлаш ҳажмини 5 миллиардга етказиш тўғрисида музокаралар юритилган эди. Жорий йилда ушбу кўрсаткич беш эмас, ҳатто олти миллиард доллардан ортиши кутилмоқда. 2016 йил билан солиштирганда товар айрибошлаш ҳажми деярли уч баробар ортгани Ўзбекистоннинг келишувлар ижросига қатъий эътибор қаратишидан далолат беради.

Иқтисодий алоқалар мавзусини давом эттирар экан, Лев Гумилев номидаги марказ эксперти Александр Разуваев Ўзбекистон табиати ва иқлимининг ўзиёқ ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун катта омил эканлигига урғу беради. Унинг фикрича, арзон ва сифатли маҳсулотлар орқали республика тез суръатларда Россия бозорини эгаллаб бормоқда.

— Ташриф доирасида бўлиб ўтган “Ўзбекистон — Россия” биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми кутилганидан ҳам юқори даражада ўтди, — дейди “Osokins Consulting” консалтинг ва таҳлил фирмаси раҳбари Роман Осокин. — Бундай тадбирлар республиканинг ҳақиқий сармоявий ҳамда савдо-иқтисодий имкониятлари тўғрисида батафсил ва яққол маълумотларни олиш имконини беради.

Анвар МИРЗАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?