Китобхонлик ҳафталиги байрамона руҳда ўтмоқда

11:32 22 Апрель 2025 Жамият
105 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Сурхондарёда «Ўзбекистон — китобхонлар юрти» шиори остидаги V республика китобхонлик ҳафталиги тантанали равишда бошланди. Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, кутубхона ходимлари, китобсевар ёшлар ва талабалар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда китобхонлик ва китоб мутолаасига қаратилаётган юксак эътибор, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг китобхонлик маданиятини юксалтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритилди.

Жорий йил вилоятда «Китобни қадрлаш ва мутолаа йили» деб эълон қилинган. Режага кўра, йил давомида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда ҳам китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш учун «Маърифат тур» лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, давлат хизматчилари, болалар ва ёшлар ўртасида турли лойиҳалар ўтказилиши белгиланган.

Мазкур ҳафталикни ҳам юқори савияда ўтказиш учун аниқ мақсадга қаратилган дастур ишлаб чиқилди.

— Ҳафталик доирасида «Бир китоб — минг оламга очилган эшик» шиори остида очиқ эшиклар кунлари, Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишланган «Маҳмудхўжа Беҳбудий чизгилари» деб номланган тадбир, «Мовий жомадон ташрифи» лойиҳаси ўтказилади, — дейди вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи З.Тўраев. — Шунингдек, вилоятда яшаб, ижод қилаётган ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар уюштирилади. Ёшларнинг «Заковат» интеллектуал ўйини, куч тузилмалари ўртасида «Диктантлар танлови», «Китобхон оналар куни», янги нашр этилган китоблар тақдимотлари ва бошқа тадбирлар ҳафталикнинг янада сермазмун ўтишига хизмат қилади. Кутубхоналарга китоблар туҳфа қилинади. Ҳафталик кунлари китобхонлик ва китоб мутолаасини кенг тарғиб қилиш маҳалла ҳамда чекка қишлоқларгача кириб боради.

Тадбир доирасида мактаб ўқувчилари, ёш ижодкорлар томонидан мушоира ва фольклор жамоаларнинг чиқишлари тадбирга байрамона руҳ бағишлади. Китоблар кўргазмаси ва китоб савдо ярмаркаси ташкил этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?