Китоб аслан бебаҳо, аммо...

11:30 18 Апрель 2025 Жамият
107 0

Отабек ИСРОИЛОВ/«Халқ сўзи». Китоб нархи арзон бўлиши керак. Бунинг учун нашриётлар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши лозим. Чунки мазкур солиқни китоб сотиб олаётган одам тўлайди. Жорий йилдан нашриётлар фойда солиғидан озод қилиниши айни муддао бўлди. Ўзбекистонда нашриёт-матбаа фаолиятидан олинган даромадлари ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромадининг камида 90 фоизини ташкил этган солиқ тўловчилар 2025 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар бўлган даврда мазкур фаолият тури бўйича фойда солиғини (бундан фоизлар тарзидаги даромадлар мустасно) тўлашдан озод этилди. Бу ислоҳотларни изчил давом эттириш шарт! Токи аслан бебаҳо бўлган китобнинг моддий қиймати қиммат бўлмасин!

Туман кутубхонаси қаерда?

Ҳозирда «ахборот-кутубхона маркази» деган жимжимадор ном билан аталадиган кутубхона биноси компьютер клубидан, тунги клубдан кўра кўримлироқ бўлмас экан, «Ёшлар китоб ўқимай қўйди», деган гаплар бефойда. Зиё масканлари учун ҳудуднинг гадойтопмас, пана-пастқам биноларидан эмас, аҳолига қулай локациялардан жой ажратиш керак. Биз кўпинча «Ёш китобхон» танловига борадиган йўлни Ёшлар ишлари агентлиги биноларидан ўтади, деб ўйлаймиз. Йўқ, бу йўл туман-шаҳар кутубхоналарининг қоқ юрагидан ўтади. Ёшлар ўша йўлни қийналмай топиши керак. Кутубхоналар хазина. Аммо бу яшириладиган эмас, очиб қўйиладиган, одамлар баҳраманд бўладиган хазина бўлиши лозим.

Сўнгги йилларда «Босма нашрлар даври ўтди. Кутубхоналар энди фақат архив вазифасини бажаради», деган фикр шаклланиб қолмоқда. Ривожланган давлатлар кутубхоналарини йилдан йилга янги дизайнлар билан безатиб, ўқувчини ўзига жалб қилмоқда. Балки бизда ҳам кутубхоналар учун янги ва бир хил кўринишдаги меъморий ечим топиш вақти келгандир.

Мактаб кутубхоначисини танийсизми?

Китобхонлик ҳақида гап кетса, дарров адабиёт ўқитувчиларини тилга оламиз. Тўғри, боланинг китобга қизиқишида уларнинг муҳим ўрни бор. Лекин бола адабиёт ўқитувчиси билан юқори синфга ўтганда танишади. Ҳолбуки, у 1-синфда, баъзан боғча пайтидаёқ ўқишни ўрганади. 2-синфдан мактаб кутубхонасига қатнаётган ўқувчи учун китобхонлик тарғиботчиси кутубхона мудираси ҳисобланади. Шунинг учун кутубхоначининг обрўси бошқа педагог ходимлар, ҳатто мактаб директори ўринбосарлари қаторида туриши жоиз. Модомики, китобхонлик давлат сиёсати даражасида экан, мактаб кутубхоначилари ана шу тарғиботнинг энг кичик, аммо энг муҳим мурвати ҳисобланади. Бу мурват ишламаса, катта тизимнинг айлангани тўлиқ натижа бермайди. Хаёлий экранда носозлик сигнали ёниб тураверади.

Энг яхши ибрат – оилада

— Нимагаки эришган бўлсам, китобдан миннатдорман, қайсидир хато ишдан қайтган бўлсам ҳам, — дейди ижодкор Азиз Норқулов. — Эсимни таниганимдан буён уйимизда адабиёт, турли бадиий асарлар, она тилимиз жозибаси, шевалар ҳақида гаплашганмиз. Отам ўқитувчи бўлиб ишлагани, ўзи ҳам ижод билан шуғуллангани учун уйимизда катта кутубхона доим бўлган. Шу боис, энг яхши ибрат – оилада, деб биламан. Бугун мендан улгу олиб, фарзандларимда ҳам китобга қизиқиш баландлигини кўриб, хурсанд бўламан.

Миллий кутубхонамизга кўп бораман. Эрта тонгдан ёшлар китобларга муҳр бостириш учун навбатда турганини кўраман. Ичкаридаги ўқув зали доим тўла, китобхонлар сиғмай қолади. Ёшлар китоб ўқимай қўйди дея ёзғирганларни шу даргоҳга олиб келиб, кўрсатгим келади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?