Киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш тизими йўқ эди — Фирдавс Абдухолиқов

20:25 08 Апрель 2021 Маданият
1329 0

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов кинематография соҳасидаги сўнгги янгиликлар ҳақида «Халқ сўзи» нашрига интервью берди.

«Бугун ўзбек кинематография дунёси учун тарихий кун бўлди, десам, муболаға эмас. Негаки, соҳанинг жуда кўп муаммоларини бартараф этишга қаратилган — «Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент Фармони ҳамда «Кинематография соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳа вакилларининг ижодий фаолияти учун муносиб шароит яратиш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Таъкидлашни истардимки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ўтган даврда кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар дунё юзини кўрди. Уларнинг ижроси туфайли тараққиётдан анча ортда қолган миллий кино санъатимиз анча жонланди. Биргина киномаҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ажратиладиган маблағлар бир неча баробар ошди. Хусусан, 2017 йилда ушбу мақсадлар учун 12 миллиард сўм ажратилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 84 миллиард сўмга етди. Шунга мос равишда давлат буюртмаси асосида фильмлар яратиш миқдори ҳам 30 тадан 74 тага ошди.

Аммо бугунги шиддатли замон соҳага янги-янги ёндашув ва технологияларни қўллашни талаб этиши тайин. Очиғи, яқин-яқингача кинематография соҳасида чуқур илдиз отган масалалар сақланиб қолган, соҳа бошқаруви, киноижодкорларга ҳақ тўлаш тартиби мутлақо эскирганди. Хусусий сектор ривожланмаган, киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш тизими йўқ эди. Кинокомпанияларнинг моддий-техника базасини-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Миллий фильмлар ва мамлакат хроникаси яратилмагани, халқаро тажриба асосида таълим бериш тизими йўлга қўйилмагани, кинотеатрлар тармоғи ривожланмай қолгани киноижодкорларни қийнаб келаётганди.

Президентимизнинг Фармон ва қарори эса шу ва бошқа муаммолар ечимини белгилаб берган тарихий ҳужжат бўлди. Уларда киноижодкорларни қийнаб келаётган узоқ йиллик масалаларни бартараф қилиш бўйича аниқ механизм акс этган.

Фармон билан шу кунгача эътирозларга сабаб бўлаётган эски тартиб бекор бўлиб, янги ва замонавий тизим жорий этиляпти. Умуман, кино санъати жамиятнинг маънавий-маърифий, маданий ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларида стратегик манба сифатида ғоятда аҳамиятлидир.

Шунингдек, кино саноати ва киноижодкорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, кинотеатрлар моддий-техника базасини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ҳамда рағбатлантиришнинг бутунлай янгича тизими татбиқ этилади. Мисол учун, эндиликда фильм ижодкорлари ва техник ходимлар гонорари фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида эркин белгиланади, ижодкорларни сифатли кино олишга ундаш мақсадида бир йил давомида фильм фойдасининг 25 фоизи уларни рағбатлантириш учун йўналтирилади.

Илгари қандай эди? Ижодкорлар фильмни суратга оларди ва шу билан бўлди: унинг прокати билан ҳеч ким қизиқмасди ва бунга иштиёқ ҳам бўлмаган. Энди шу йўл билан ижодкорларга мотивация берилади. Кинопрокат жонланса, одамлар кинога кўпроқ туша бошласа, кино санъати ҳам, кино саноати ҳам жонланади.

Баъзида кинони суратга олиш даврида кўзда тутилмаган тезкор харажатлар қилишга тўғри келади. Буни биз тушунамиз, аммо бюрократия тушунмасди. Энди ижодкорлар ортиқча бюрократиядан холос бўлиб, жараён чўзилиб кетмаслиги учун нақд пулдан фойдалана олади. Яъни ҳужжатда кинокомпанияларга фильмни ишлаб чиқариш жараёнида фильм бюджетининг 10 фоизигача миқдорда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишга рухсат этилди.

Қолаверса, киноижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарадиган Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмаси, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ташкил этилиши, шунингдек, Тошкент халқаро кинофестивалини «Ипак йўли дурдонаси» номи остида таъсис этиш ва келгуси йилдан мунтазам ўтказилиб борилиши диққатга сазовор. Шу билан бирга, кинотеатрлар тармоғини ривожлантириш ҳамда аудиовизуал асарлар яратишда республика ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг бир қисмини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш (“rebate”) бўйича татбиқ этилаётган янги тартиб-таомиллар кино соҳаси ва саноати тараққиётида янги уфқларни очиши шубҳасиз», деди Ф.Абдухолиқов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер