Кимё ва газ-кимё саноатида Ўзбекистон-Хитой стратегик ҳамкорлигини ривожлантириш тўғрисида битим имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва Хитой Халқ Республикасининг кимё-муҳандислик миллий корпорацияси президенти Вен Ган бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида кимё ва газ-кимё саноати соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга сезиларли даражада ошиб бораётгани ва бу борада айниқса, Кимё-муҳандислик миллий корпорациясининг (CNCEC) ўрни катта эканлиги алоҳида қайд этилди.
«Мен сўнгги ўн йил ичида биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрдим ва кўриб турибманки, Ўзбекистон барча соҳаларда сезиларли даражада тараққий этганига гувоҳ бўлдим. Ишончим комилки, ҳамкорлигимиз келажакда янада ривожланади», – деди, корпорация президенти Вен Ган.
Мулоқот чоғида икки мамлакат кимё ва газ-кимё саноатини янада ривожлантириш масалалари ва истиқболли йўналишларнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди. Шундан сўнг томонлар икки мамлакат ўртасида кимё ва газ-кимё саноатида стратегик ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисидаги битимни имзоладилар.
Ҳозирги кунда CNCECнинг «China National Chemical Engineering No. 7 Construction Co., Ltd.» компанияси томонидан кимё ва газ-кимё саноатининг «Аммиак ва карбамид ишлаб чиқаришни ташкил этиш», «Метанолни полипропиленга (MTR) қайта ишлаш мажмуаси қурилиши», «Метанолни олефинларга (MTO) қайта ишлаш мажмуасини қуриш», «Полибутиленадипаттерефталат (PBAT) ишлаб чиқаришни ташкил этиш» каби ана шундай йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, хорижий томон оқова сувларни тозалаш иншоотлари ва инфратузилмасини қуриш, автомобиль йўллари қуриш, шунингдек, кам углеродли ривожланиш ва қайта тикланувчи яшил энергия манбалари лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этишдан манфаатдор эканлигини билдирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Буюк Британия бош вазири жаримага тортилди
- Энергия таъминотини яхшилаш масалалари кўриб чиқилди
- Мактабларда тил ва касб ўргатишни ривожлантириш чоралари белгиланди
- «Ватан — бамисоли қуёшга ўхшаш...»
- Буркина-Фасода ўғирлаб кетилган аёллар озод қилинди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг