Ким Чен Ин жанговар дронларни оммавий ишлаб чиқаришни буюрди

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин жанговар дронларни оммавий ишлаб чиқаришни буюрди. Давлат матбуотига кўра, бу қарор Россия билан ҳарбий алоқаларнинг кучайиши фонида қабул қилинган. Шимолий Корея август ойида илк марта жанговар дронларини намойиш этган эди. Бу эса Россия билан технология алмашинуви эҳтимолини кучайтирди. Бу ҳақда «France 24»хабар берди.
Қайд этиш керакки, Шимолий Корея яқинда Россия билан муҳим мудофаа шартномасини имзолаганди. Бундан ташқари, Пхенян Украинадаги урушни қўллаб-қувватлаш учун Россияга минглаб аскарларини юборганликда айбланмоқда.
Хабар қилинишича, Жанубий Корея Президенти Юн Сук Ёл ушбу иттифоқ ортидан Россия технологияларининг Шимолий Кореяга ўтиб кетишидан хавотир билдирди. Шу ҳафтада Ким Чен Ин Шимолий Кореянинг янги дронларини синовдан ўтказди ва уларни оммавий ишлаб чиқаришни бошлашга чақирди.
Шимолий Кореянинг жанговар дронлари ер ва денгиздаги нишонларни зарбага олишга мўлжалланган ҳамда улар ўзларини душман объектларига уриш орқали портлатиш учун ишлаб чиқилган. Ушбу дронларнинг синовлари муваффақиятли ўтгани ва уларнинг аниқлик билан мақсадларга зарба бериши тасдиқлангани айтилмоқда.
Шимолий Корея ушбу дронларни яратишда бошқа давлатларнинг технологияларидан фойдаланиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Мутахассислар бу дронларни Исроилда ишлаб чиқарилган «HAROP» ва Россиянинг «Lancet-3» дронларига ўхшаш деб таърифлашган. Бу технологиялар Россияга Эрон орқали етиб келган бўлиши мумкинлиги айтиляпти.
2022 йилда Шимолий Корея ўз дронларини Жанубий Корея чегарасидан ўтказган, аммо Сеул уларни кичиклиги сабабли уриб тушира олмаган эди. Бу йил эса Шимолий Корея Жанубий Кореяга қарши «жавоб чораси» сифатида чиқинди тўлдирилган шарлардан фойдаланмоқда. Жанубий Корея бу таҳдидга қарши курашиш учун ўтган йили махсус дрон қўмондонлигини ташкил этди.
Ўтган ойда Шимолий Корея ўз конституциясида Жанубий Кореяни «душман давлат» деб белгилаган, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг кескин ёмонлашганидан далолат берарди. Шимолий Корея БМТ санксияларига қарамай, ҳукумат баллистик ракеталар синовларини давом эттирмоқда ва ўзини Жанубий Кореядан ажратадиган йўл ҳамда темир йўл линияларини бузиб ташлади. Бу ҳаракатлар икки давлат ўртасидаги кескинликни янада оширмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг