“Кичик бизнесда катта имкониятларни кўрдим”
Истам ИБРОҲИМОВ/“Халқ сўзи”. Бундан икки йил муқаддам Бухоро шаҳридаги “Ҳавзи нав” маҳалласи фаоллари шу ҳудудда яшовчи Олия Шукуровага “Ҳовлингизда кичик цех очасиз. Уйингиздан буюртмачиларнинг қадами узилмайди”, дейишганида у бир ишониб, бир ишонмаган эди.
Олия опа субсидия асосида тикув машинаси олди. Кунни тунга улаб ишлади. Мижоз орттирди. Натижада рўзғорига барака кирди. Кейин эса келини-ю маҳалладошларини қаватига олди. Унга молиявий муассасадан 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Бу сармояга тикув машиналари харид қилди. 10 та иш ўрни яратди.
— Турли кийим-кечаклар, рўзғорбоп буюмларимиз орқали бозорда ўз ўрнимизни топдик, — дейди тадбиркор. — Буюртмалар кўп тушаяпти. Барчасига улгуриш ҳаракатидамиз. Тўғри, бизнинг бизнесимиз ўз номи билан кичик бизнес. Лекин мен унда катта имкониятларни кўрдим. Энг муҳими, нафақат ўзимнинг, балки ишчиларимнинг ҳам рўзғори бут. Биласизми, улар маърака-маврид ўтказишса, топганлари яхши кунларига буюраяпти, деб хурсанд бўламан.
“Ҳавзи нав”дан чамаси 65 километр олисда жойлашган “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам шу мазмундаги сўзларни эшитишимизга тўғри келди. Шофиркон туманидаги мазкур маҳаллада “Нурия Султон чеварлари” тикувчилик корхонаси фаолият кўрсатмоқда.
— Ўтган йилда банк томонидан ажратилган 100 миллион сўм миқдоридаги сармоя эвазига шу корхонани барпо этдик, — дейди лойиҳа ташаббускори Гулсара Каримова. — Чойшаблар тўплами ишлаб чиқаряпмиз. Қишлоғимизнинг ўндан зиёд хотин-қизлари ишли бўлди. Уларнинг ўз ҳаётларидан, ишларидан розилигини кўзларига боқиб ҳис қиламан. Бу менга куч-қувват бағишлайди. Маҳсулот ассортиментини кўпайтириш, соҳага янги технологияларни жалб этиш орқали халқаро бозорда ҳам рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш ниятидамиз.
Ҳар иккала тадбиркор аёлнинг ўз ишчилари турмуши фаровонлиги ҳақида алоҳида тўхталиши бежиз эмас, албатта. Фойдали ижтимоий меҳнат билан банд кишининг оиласи тинч, рўзғори бут бўлади. Оила дея аталган қайиқ ҳаёт уммонининг пўртаналари олдида ожиз қолмайди.
Табиийки, бу каби кичик бизнес субъектлари вилоят саноат харитасида ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолаётгани йўқ. Давлатимиз томонидан тадбиркорлик билан шуғулланиш учун яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёзлар, секторлар, маҳалла “еттилиги”, молиявий муассасалар, давлат ва нодавлат ташкилотларининг аҳоли орасида олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишлари кичик бизнес ривожига хизмат қиляпти. Шундай муассасалардан бири “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлимидир.
— Бугунги кунда икки минг нафарга яқин тадбиркор хотин-қиз аъзомиз бор, — дейди мазкур бўлим раҳбари Дилбар Аҳмедова. — Вилоят бўйича жами ўн мингдан зиёд хотин-қиз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Уларни 12 та шаҳар ва тумандаги бўлимларимиз билан ҳамкорликда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпмиз.
Ассоциациянинг вилоят бўлими бешта йўналишда иш олиб бормоқда.
Ўз ишини бошламоқчи бўлган ва тадбиркор фаолияти билан машғул хотин-қизларнинг иқтисодий, ҳуқуқий ва тадбиркорлик борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш шуларнинг бири саналади. Ушбу йўналишда хотин-қизлар ўртасида ўқувлар, семинарлар, тренинглар, давра суҳбатлари, бизнес-учрашувлар ташкил этилмоқда. 2021-2023 йиллар давомида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёки тадбиркорлик этагидан тутган 3657 нафар хотин-қизнинг билим ва кўникмалари оширилди. 1678 нафар аёл ўз бизнесини йўлга қўйиб, янги иш ўринлари яратди. Ассоциацияга мурожаат қилган ва тадбиркорликка ўқитилган 1437 нафар хотин-қизга банк муассасалари томонидан кредитлар ажратилди.
Бизга яна бир эътиборга молик далилни тақдим этишди. “Сабр микромолия ташкилоти” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан Жаҳон банкининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш тўғрисида”ги лойиҳа доирасида Бухоро вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, “аёллар”, “ёшлар” дафтарларига кирган 496 нафар фуқаро ўқитилди ва уларга тегишли сертификатлар берилди.
Бу каби кенг қамровли ишлар кичик ва ўрта бизнес равнақига хизмат қиляпти, бандлик масаласини ҳал этиш, камбағалликка барҳам беришдек долзарб ижтимоий муаммога ечим топишда қўл келмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг