Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
2025 йилнинг 4 февраль куни Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси, Комиссия раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Унда давлат раҳбари томонидан хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш юзасидан белгилаб берилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш, улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, айниқса, камбағалликни қисқартириш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш йўлида муҳим чоралар кўрилмоқда.
Сўнгги йилларда ушбу йўналишдаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш мақсадида 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, ижрога қаратилди.
Жумладан, хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш бўйича Сенат Раиси бошчилигида Янгийўл туманининг Қирсадақ маҳалласи тажрибаси асосида республикада янгича тизим йўлга қўйилди.
Натижада 2024–2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ресурсидан хотин-қизлар тадбиркорлиги лойиҳаларини молиялаштириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинди.
Шунга мувофиқ Халқ банки, Микрокредитбанк, Бизнесни ривожлантириш банки орқали хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга оид 250 та тавсиявий бизнес лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, “Лойиҳалар фабрикаси” электрон платформаси ишга туширилиб, фойдаланувчиларга тавсиявий бизнес лойиҳалар, соҳалар бўйича ажратиладиган кредит шартлари билан танишиш, кредитларни онлайн расмийлаштириш имконияти яратилди.
Белгиланган вазифалар ҳамда мақсадли кўрсаткичларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига, шунингдек жойларда аниқланган муаммоларнинг тезкорлик билан ҳал этилишига кўмаклашиш мақсададида Олий Мажлис Сенати аъзолари, Республика комиссияси аъзолари ҳудудларга, маҳаллий Кенгаш депутатлари туман, шаҳар ва маҳаллаларга бириктирилди.
Бунинг натижасида 2024 йилнинг ўзида хотин-қизларнинг 251,4 минг нафари доимий иш ўринларига жойлаштирилди, 54,5 минг нафари жамоат ишларига жалб қилинди, 177,1 минг нафари касб-ҳунарга ва 147,3 минг нафари тадбиркорликка ўқитилди.
Шу билан бирга 55,1 минг нафар хотин-қизга 289 млрд сўм субсидия ажратилиб бандлиги таъминланди. 206,6 минг нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва уни кенгайтирш мақсадида 3 трлн 472 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилди.
Мажлисда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича берилган айрим топшириқларнинг ижроси танқидий таҳлил қилинди.
Жумладан, айрим маҳаллаларда хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш, жамоат ишларига жалб қилиш, маҳаллаларнинг драйверидан келиб чиқиб касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш талаб даражасида эмаслиги айтиб ўтилди.
Тижорат банкларига ташаббускор хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, йил давомида лойиҳалар амалга оширилишини кузатиб бориш, аёл тадбиркорлар билан доимий мулоқот қилиш ва уларнинг муаммоларини ечиш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Мазкур камчиликлар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар, тижорат банклари, ҳудуд раҳбарларининг ахборотлари эшитилиб, бартараф этиш чораларини кўриш юзасижан топшириқлар берилди.
Шунингдек, мажлисда Республика комиссияси томонидан келгусида амалга ошириладиган ишларга ҳам эътибор қаратилди.
Хусусан, норасмий бандликни қисқартириш, ногиронлиги бўлган меҳнатга лаёқатли ишсиз аёлларга эътибор қаратиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган, юқори даромадли ва замонавий касб-ҳунарга хотин-қизларни ўқитиш қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг ўсиш драйверларидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш вазифалари белгилаб олинди.
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Мирзо Бобур – буюк империя асосчиси
- Навоий вилоятида 2025 йил «Алишер Навоий йили» деб номланади
- Миллий гвардияга янги ваколат берилди
- Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди
- Президент «Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси» IV халқаро симпозиуми иштирокчиларига табрик йўллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг