Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди

18:08 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
286 0

Олий Мажлис юқори палатасининг еттинчи ялпи мажлисида Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Бугун, 20 ноябрь куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида ушбу парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бизнес юритишлари учун қулай муҳит ва кенг имкониятлар ҳамда кафолатлар бериш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш – ушбу йўналишда олиб борилаётган ишларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири. Хусусан, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида узоқ муддат бола парваришида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни меҳнат бозорида талаб этилаётган касблар бўйича қайта тайёрлаш ишлари олиб борилган. Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирганларига кўмаклашилиб, бизнес ғояларини тайёрлашда консультатив ёрдам берилган. Натижада жорий йилда 99,1 минг нафар иш билан банд бўлмаган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган, 11,5 минг нафари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилган. Иш билан банд бўлмаган хотин-қизларнинг 412,1 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган.

Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар соҳада ўзининг ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжудлигини таъкидлади.

Хусусан, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун уларнинг тижорат банклари кредит ресурсларидан фойдаланишида ҳам бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, 2020 йилда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси томонидан тегишли кредит ресурслари йўналтирилган. Аммо аксарият ҳолларда, тадбиркор аёлларга Жамғарма томонидан ажратилган маблағлар тижорат банклари томонидан ўз вақтида берилмаган.

Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, парламент сўровида кўтарилган айрим муаммоли масалалар Вазирлар Маҳкамасининг маълумотида тўлиқ ёритилмаган. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун масъул бўлган ташкилотларнинг самарали ҳамкорлигини таъминлаш, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизлар қатламини аниқлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича тасдиқланган манзилли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши каби масалалар шулар жумласидан.

Ялпи мажлисда соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича қатъий чоралар кўриш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?