Хоразмнинг биринчи ҳокими Маркс Жуманиёзов ҳаёт бўлганида 85 ёшга тўларди

16:24 10 Август 2023 Жамият
494 0

...Бошловчиларга ҳамиша қийин бўлган. Тақдирига юрт озодликка эришган, турли эврилишлар гирдоби бўғиздан олиб турган замонларда ишлаш, яна бутун бир эл ташвишлари елкасига тоғдек юк бўлган раҳбарларга осон тутманг!

Катта авлод вакиллари яхши эслайди: ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари — мамлакатимиз мустақилликка эришиб, жаҳон ҳамжамиятига қўшилиш сари қадам ташлаган даврда одамларнинг бир қоп ун топиши ҳам катта муаммога айланганди...

Ғалла мустақиллиги учун кураш кейин бошланади. Бозор сиёсатига сўнг ўтилади ва расталар турлик маҳсулотлардан синиблар кетай дейди...

Энди тан оламизки, ўша етар-етишмовчилик замонларида ўзаро меҳр-оқибат кучли эди. Одамларда шукр билан яшашдек қадим қадрият ўлиб битмаган, сабр-қаноат деган тушунчаларга завол етмаган —“Берсанг ейман, бермасанг ўламан!» дейдиганлар идоралар остоналарида ётиб олишмаганди.

...Маркс оға катта раҳбар, аммо ҳамма қатори оддий одам эди. Аввало, халққа қайишар, одамларнинг оғирини енгил қилишга интиларди. Муомала маданиятининг ўзи бир мактаб. Ҳозирги айрим оғзи шалоқ раҳбарлардан фарқли ҳеч қачон одоб чегараларини бузмас, аммо топиб айтадиган гаплари қалбга етиб борарди.

Ҳали ҳамон одамлар турли давраларда бу инсоннинг йиғилишларда топиб айтган гапларни нақл қилишади...

...Хоразмнинг биринчи ҳокими — ўзидан яхши хотира, ибратли ишлар қолдирган инсон осмондан тушмаганди. Шўро қатоғони авжига чиққан йилларда бригадир бўлиб ишлаган, қама-қамалардан юрак олдириб қўйган отаси унга шўровийларнинг назарий доҳийси шарифини исм ўрнида қўйгани — келажакда бошига мушкулотлар тушмасин деган ниятда. Негаки, ўғлининг тиксўз, катта давраларда, каттаконлар олдида ҳақ сўзни айтишдан қайтмайдиган феъли бўлишини биларди. Бу феъли ўзидан ўтишини ҳам.

Чекка бир қишлоқда туғилган йигит мактабда ва олий ўқув юртида яхши ўқиб, иш фаолиятини оддий муҳандисликдан бошлайди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ҳали ҳамон вилоятда қурилиш, техника, саноат соҳаларида русийзабон раҳбарлар барча курсиларни эгаллаб ўтиришганди. Маркс ака ва у кишининг тенгқурлари айнан ўша даврдан бошлаб маҳаллий кадрлар қўшинини шакллантириш, ўз эли учун хизмат қилиш, одамлар одамга ўхшаб яшашлари учун шарт-шароитлар яратиш жараёнига киришади. Қисқа муддат — ўн беш йилнинг нари-берисида вилоятда катта силжиш рўй беради, асрий тупроқ йўлларга тош ётқизилади, асфальт қилинади, юзлаб бетон кўприклар қўрилади, замонавий мактаб, боғча ва аҳолига хизмат кўрсатувчи шохобчалар барпо этилади.

Тақдири сув билан боғлиқ воҳада шу даврда мелиорация-ирригация тизимида ҳам ҳайратланарли ишлар қилинган. Ва шу бунёдкорликлар жараёнида ташкилотчилик қобилияти, одамлар билан ишлаш салоҳияти, янгилик ва ташаббусларга ўчлиги Маркс оға учун масъул лавозимларга йўл очади. Вилоят ижроқўми раиси муовини, Хонқа ва Урганч туманларида ўн йилдан ортиқ биринчи раҳбар бўлиб ишлагани, ўзига топширилган вазифаларни ошиғи билан адо қилгани куни кеча машина-трактор паркида оддий муҳандис бўлиб иш бошлаган ёш кадрни вилоятнинг кўзга кўринган шахсларидан бирисига айлантиради.

Мустақилликдан сўнг бошқарувнинг янги тизими — ҳокимликлар ташкил қилингач, қадим Хоразмга илк ҳоким бўлиш у кишининг тақдирига ёзилгани бежизга эмас. Бир муддат ҳокимлик даврида янги давр учун ишлай оладиган бутун бир кадрлар тизимини яратдики, Маркс оға ишончини қозонган, у кишидан иш ўрганган кадрлар бугунги кунда ҳам вилоятда ислоҳотларнинг янги босқичида амалга оширилаётган улкан бунёдкорликларга бош бўлишяпти.

Кейинчалик республика Қишлоқ хўжалиги вазири, республика карантин инспекцияси бошлиғи вазифаларида ишлаган даврларида ҳам тарихимизга ёзилгулик ҳайрли ишлар бошида турганлари алоҳида бир мақолага мавзу!

...1994-йилнинг 22 апрелида Франция президенти Франсуа Миттиран Хоразмга келган. Бу дунё сиёсатини белгилайдиган “Кучли еттилик”ка кирувчи давлат раҳбарининг қадим юртга илк бор ташрифи эди. Ҳали президентлар самолёти қўниши арафасида ташрифни ёритиш учун келган юздан ортиқ хорижий журналистлар Маркс оғадан матбуот анжумани ўтказишни илтимос қилишган. Ўшанда Маркс оға сўзини дунё тамаддунида ўз ўрнига эга Хоразм тарихидан бошлаган. Мартабали меҳмонлар бориши кутилаётган Хива шаҳри, ундаги меъморий обидалар тарихидан аниқ сана, тугал маълумотлар келтирган. Қўлида бирорта қоғоз йўқ, барчасини ёддан айтгани хорижлик журналистларни ҳайратга солган. Берилган турли саволларга ҳам лўнда ва ишонарли жавоб қайтарган. Саволларнинг аксари тарихдан эди. (Ҳали анжуман бошланиши арафасида Маркс оғанинг кўзи ногоҳ менга тушиб: “Рўзимбой, бу ёққа кел, ёнимда тур ва бу гапларимни анов диктафонингга ёзиб ол! Бир вақт келиб булар ҳақида ёзарсан”, деганди).

...Ҳоким матбуот анжуманини якунлагач, чет эллик ҳамкасблардан бириси мендан: “Ҳоким тарихчими?» деб сўраб қолди. Мен у кишининг техника бўйича муҳандис экани, аммо тарихни бир академикдан кам билмаслиги, бундан ташқари санъатга қизиқиши, ўзи мусиқа асбобларини маромига етказиб чалиши, кучли, ўктам овози билан мумтоз қўшиқларни куйлаши ҳақида гап маълумот бердим...

Матбуот анжуманининг “иккинчи қисми” хорижлик журналистларнинг вилоят ҳокими ҳақида тўлиқроқ маълумот билишлари ниятидан келиб чиқиб, камина билан бўлиб ўтган...

...Нафақага чиққач ҳам Маркс оға ибратли ишларини давом эттирди. Бир куни кечқурун қўнғироқ қилиб қолди: “Биласан, қадимдан бизда гўяндалар ўртасида “диралишма” бўлган. Шу диралишма кимнинг кимлигини белгилаган. Ҳозир фонограмма дегани чиққач, ҳамма қўшиқчи жонли ижрони унутди. Бу боришда қадим санъатимизни йўқотамиз. Шунга мен эртага каттаю кичик қўшиқчилар орасида “диралишма” мусобақаси ташкиллаштирдим. Шунга барча журналистларга айт. Келсинлар, кўрсинлар!»

У киши Урганч туманининг бир қишлоғи клубида ташкил қилган қўшиқчиларнинг айтишув — диралишмаси роппа-роса бир кеча-кундуз давом қилган. Қўлига тор олган ва кеккайиб юрган неча-неча “юлдуз”лар ҳали диралишма ярмига етмай торини орқалаб, қочиб қолишган...

...Икки-уч ойда ўтказиладиган (Маркс оға мажлисбозликни ёмон кўрарди) фаоллар йиғилишида барча соҳани чуқур таҳлил қилиб, камчиликка йўл қўйган раҳбарларга умри охиригача ёдидан чиқмайдиган дакки бериб (ривояту ҳадислар аралаштириб айтилган дакки) бўлгач, одатда залда иккинчи қаторда ўтирадиган журналистларга юзланар, барчамизни исмимиз билан айтиб, ҳар биримизга қайси оқсоқ соҳа ҳақида танқидий-таҳлилий мақола ёзишимизни топширарди.

Бир иш билан қабулларига борганимизда биринчи навбатда бизларни —журналистларни қабул қилишлари, фикримиз-таклифимизни эшитишлари... Афуски, кейин бошқа бирорта ҳоким бу “тажриба”ни давом қилдирганини кўрмадим... Ва Маркс Жуманиёзов каби теран билимли, кенг дунёқарашли, камтар ва камсуқим ҳокимни ҳам.

Рўзимбой ҲАСАН,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер