Хоразмга келинг, гурвак емакка

Жорий йилнинг 8-10 августь кунлари қадимий ва навқирон Хива шаҳри яна “Қовун сайли” фестивалига мезбонлик қилди. Хоразмнинг туризм салоҳиятини, қадимий полизчилик тажрибасини кенг тарғиб этиш мақсадида тадбирда вилоятнинг барча шаҳар ва туманлари ўзларига ажратилган павильонларни байрамона безатиб, ўз ҳудудларида етиштирилган ширин-шакар қовунларнинг кўргазма савдосини ташкил қилди. Шу жиҳатдан, “Қовун сайли” фестивали полиз маҳсулотларини етиштирувчи ҳамда қайта ишловчи фермер ва тадбиркорлар учун ўзига хос тажриба алмашув, соҳадаги янгиликлар, селекция натижалари билан танишув майдони вазифасини ҳам ўтайди.
— Хоразмда нафақат янги қовун навларини яратиш ва етиштириш, шу билан бир қаторда уни қайта ишлаш ҳам ривожланиб боряпти, — дейди Урганч давлат университети профессори Мақсуд Жуманиёзов. — Фестивалнинг кўргазмалар павильонида университетимизнинг кимё-технология факультетида инновацион технологиялар асосида қовунни қайта ишлаш орқали олинган 150 турдаги маҳсулотларни намойиш этяпмиз. Айниқса, янги турдаги маҳсулотлар – қовундан олинган асал, чипс, луқум, суюқ совун ва турли косметик геллар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Университетимизнинг ўқув-тажриба хўжалигида Хоразм қовунларининг йўқолиб бораётган 60 дан ортиқ навларини қайта тиклашга муваффақ бўлдик.
“Ичонқалъа” мажмуаси ва “Арда Хива” халқаро туризм марказида уч кун давом этган маданий тадбирлар, кўргазмалар, театрлаштирилган томошалар сайлга ўзгача шукуҳ, иштирокчилар ва жараёнларни жонли эфирлар орқали томоша қилаётган мухлисларга жўшқин кайфият бағишлади. Туркия, Россия, Бельгия, Озарбайжон давлатлари ва пойтахтимиздан ташриф буюрган санъат усталари ҳамда эстрада юлдузларининг чиқишлари кўп сонли мухлислар олқишига сазовор бўлди. Фестивалда бир қатор хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, дипломатик корпус вакиллари, чет эллик сайёҳлар ҳам иштирок этишди.
— Хоразм қовунларининг довруғи олис Европага ҳам етиб борган, — дейди италиялик сайёҳ Энрико Лука. — Қадимий Хивани, қовун сайлини томоша қилиш учун оиламиз билан келдик. Биз учун ҳайратланарли томони, Ўзбекистонда қовуннинг жуда кўп навлари етиштирилар экан. Фестиваль кўргазмаларига қовуннинг 170 тага яқин навига мансуб қовунлар қўйилган бўлиб, уларнинг таъмини татиб кўриб, очиғи лол қолдик. Бундай хуштаъм ва мазали қовунларни дунёнинг бошқа ҳеч жойида учратмаганмиз. Қовундан тайёрланган мураббо, қоқи ва бошқа маҳсулотларни ҳам илк бор шу фестивалда кўрдик.
— Бугун дунёнинг турли минтақаларида нотинчликлар, озиқ-овқат танқислиги, қуролли тўқнашувлар юз бераётган таҳликали ва ўта мураккаб даврда, тўкин-сочинлик, оғзибирчилик билан бундай байрамларни нишонлашнинг ўзи катта бахт, — дейди франциялик сайёҳ Чален Паулино. — Бунинг замирида эса Ўзбекистон Президентининг юртингизда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқингизнинг бахту саодати йўлида кўрсатаётган беқиёс шижоати, шу Ватанга бўлган чексиз меҳри ва садоқати ётибди. Фестиваль давомида концерт дастурлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий либослар кўргазмалари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари, бадиий жамоалар ва фольклор гуруҳларининг жонли ижродаги чиқишларини томоша қилдик. Хоразм қовунчилигининг рамзи бўлган гурвак ва бошқа навларга мансуб қовунлардан татиб кўриб, ўз таассуротларимизни ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали дўстларимиз билан бўлишяпмиз.
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра Урганч шаҳри фестивалнинг олий ўрин соҳиби деб топилиб, “Tracker” автомобили билан тақдирланди. Шунингдек, 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган шаҳар ва туманлар ҳамда турли номинациялар ғолибларига енгил автомобиллар, қимматбаҳо совғалар топширилди.
— Юртимизда буюк истиқлолимизнинг 34 йиллигига бағишланган маданий-маърифий тадбирлар давом этаётган айни кунларда ўтказилаётган, Янги Ўзбекистоннинг яна бир бетакрор ва гўзал байрамига айланган мазкур фестиваль “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоянинг яна бир тасдиғи ва тантанасидир, — дейди фестивалда бош совринни қўлга киритган Урганч шаҳри ҳокими Бунёд Ражабов. — Вилоятимизнинг туризм салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутадиган бу фестиваль йилдан-йилга янада кенгроқ қамров касб этишига, унинг довруғи дунё бўйлаб таралишига шубҳа йўқ.
Хоразм қовунларининг бундай ширин, ўзгача таъмга эга бўлишининг сабаби Амударёнинг минералларга бой лойқа суви, қуёш тафти, воҳанинг унумдор тупроғи ва энг асосийси, Президентимиз таъбири билан айтганда, Хоразмнинг ўз касби фидойиси ва устаси бўлган асл деҳқонларидир! “Бахт гармони”, “Жаннат меваси” деб аталадиган табиатнинг ушбу ноёб неъматидан баҳраманд бўлай десангиз, Хоразмга келинг! Зеро, ота-боболаримиз айтганидек, гурвакдан бир тўйиб есангиз, унинг таркибидаги фойдали микроэлементлар организмингизда бир йил давомида, бетакрор таъми эса умрбод сақланиб қолади!
Одилбек ОДАМБОЕВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг