Хоразмда оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш масалаларига бағишланган Республика ўқув семинари ташкил этилди

13:16 11 Июнь 2024 Жамият
254 0

Одилбек Одамбоев/«Халқ сўзи». Хоразм вилоятида оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш масалаларига бағишланган Республика ўқув семинари ташкил этилди. Уч кун давом этган семинарда вилоятлардан ташриф буюрган масъул мутасаддилар Хоразм тажрибаси билан яқиндан танишдилар. Биз уларнинг айримларини суҳбатга чорладик.

Умид Нуракбоев – Ички ишлар вазирлигининг бўлим бошлиғи, семинар иштирокчиси:

Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги туфайли ёшлар билан ишлаш борасида мутлақо янги тизим яратилиб, ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонгача кириб борилмоқда. Жорий йилда Хоразм вилоятида ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари томонидан ёшларни оталиққа олиб ишлаш тизими намунали тарзда йўлга қўйилди. Вилоятдаги 187 минг 795 нафар ёшлар 7 та тоифага ажратилиб, улар 4 та сектор кесимида 6 та масъул ҳуқуқ-тартибот ва мудофаа органлари, яъни, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия, адлия, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар бошқармаларининг 974 нафар офицер ва ходимларига номма-ном бириктирилди. Оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Семинар давомида бу борадаги тажрибаларни ўртоқлашиш ва янгиликларни бошқа вилоятларда ҳам кенг жорий этиш мақсад қилинган.

Насриддин Бозоров – Миллий гвардия Бухоро вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи, семинар иштирокчиси:

Семинар давомида Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди номли ҳарбий академик лицей фаолияти, IT паркда ёшларнинг рақамли технологияларни ўзлаштириб эришаётган натижалари, ҳарбий қисмда ташкил этилган «Ватанга содиқ ёшлар» лойиҳаси билан танишдик. Шунингдек, ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер майдонлари ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, Хива шаҳридаги 18-сонли мактабда ўқувчиларга хорижий тил ва касбга ўргатиш борасида амалга оширилган ишлар, Урганчдаги «Ишга марҳамат!» мономарказидаги янгиликлар, Хива туманидаги Истиқлол маҳалласида «Жиноятдан ҳоли ҳудуд» лойиҳаси, Янгибозор туманида иқтидорли ўқувчилар учун ташкил қилинган дам олиш оромгоҳи фаолияти семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Биз уч кун давомида оталиққа олинган ёшлар билан ишлаш бўйича ягона ёндашувни шакллантириш бўйича Хоразм тажрибасини ўз ҳудудимизда жорий этиш юзасидан зарур амалий кўникмаларга эга бўлдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?