Хоразмда миллий табиат боғи инспектори калтакланди

13:43 08 Июнь 2024 Жамият
588 0

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Хоразм миллий табиат боғи инспектори хизмат вақтида калтакланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ҳудудда 2024 йил баҳорида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган 3000 туп гужум кўчатлари нобуд бўлиш ҳолатига келиб қолган. Бунга миллий табиат боғига туташ ҳудудда «Амударё олтин балиқ» фермер хўжалиги томонидан ажратилган ер майдонидан ташқарига чиқиб, гужум кўчатлари экилган жойга шоли экиш мақсадида майдон четидаги катта ҳимоя чегаралари бузиб ташлангани ва сув очиб юборилгани сабаб бўлган.

Бунинг оқибатида гужум кўчатлари бир неча кундан буён сув остида қолиб кетган. Хоразм миллий табиат боғи маъмурияти томонидан фермер хўжалигига 1 кун муддатда сув чиқариб юборилмаса, 3000 дан зиёд кўчат нобуд бўлиши ва бу маъмурий жавобгарликка тортилиши юзасидан огоҳлантириш хати берилган.

Аммо фермер хўжалиги раҳбари А. Ў. бу огоҳлантиришга парво қилмасдан, 4 июнь куни тунги соат 00:00 лар атрофида боғ ҳудудига сув очиш мақсадида кирган. Шу пайтда уни инспектор пайқаб қолган ва ҳуқуқбузарликни бартараф қилишга уринган. Лекин маст ҳолатда бўлган А.Ў. инспекторга қаршилик кўрсатган ва уни дўппослаб, тан жароҳати етказган.

«Инспектор Янгибозор туман тез тиббий ёрдам муассасасига ётқизилган, айни дамда унга керакли муолажалар кўрсатилмоқда. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Янгибозор тумани бўлимига қонуний чора кўриш учун юборилган», дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, «Амударё олтин балиқ» фермер хўжалиги раҳбари А. Ў. бундан олдин ҳам Хоразм миллий табиат боғи ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этган ва суд томонидан тегишли жазога тортилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер