Хоразмда ангиография хизмати йўлга қўйилди

20:02 01 Июль 2024 Жамият
170 0

Одилбек Одамбоев/«Халқ сўзи». Бугунги кунда шошилинч кардиология хизматини интервенцион амалиётларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу мақсадда, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиалида ангиография хизмати йўлга қўйилди. Шифо масканига АҚШнинг «General Electronics» компаниясида ишлаб чиқарилган, қиймати 600 минг долларга тенг бўлган «Optima» русумидаги ангиография ускунаси ўрнатилди. Натижада, йилига 1000 нафар беморда коронар ангиография ва коронар периферик артерияларни стентлаш амалиётлари ўтказиш ва бунинг учун зарур барча сарф-харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қоплаш имконияти яратилди.

— Ангиограф ускунаси ёрдамида шошилинч тиббий ёрдам тизимида кўп учрайдиган ўткир миокард инфаркти, ўткир коронар синдром билан мурожаат қилган беморларда тезкор коронаграфия текшируви ва стентлаш амалиётини ўтказиш мумкин, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Хоразм филиали директори Ҳусан Бекчонов. — Натижада, беморларда ўткир миокард инфаркти ва унинг чуқур асоратларининг олди олинади. Тромбни аспирация қилиш амалиёти ҳисобига бош мияда қон айланиши тикланади. Шунингдек, тромбоэмболия, юрак клапанларининг критик торайиш ҳолатларида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини бажариш орқали беморга тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?