Хонобод тарихининг янги қирралари очилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Хонобод шаҳри мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудида жойлашган бўлиб, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош. У ўзининг жойлашуви, табиати, иқлими жиҳатидан фарқланиб туради. Бу ерда ўсимлик дунёсининг ўн мингдан ортиқ турини учратасиз. Ўз вақтида «Ўзбекистон Швейцарияси» номини олган манзилда сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун барча шароитлар мавжуд. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда Хонобод шаҳрида бўлиб, ҳудуднинг мавжуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда уни Фарғона водийсининг сайёҳлик марказига айлантириш тўғрисидаги таклифи бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада жонлантирди. Ҳозирда Хонобод шаҳри катта бунёдкорлик майдонига айланган. Бу ерда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун етарли шароитлар яратилмоқда. Хусусан, шу кунгача дам олиш санаторийси, дала ҳовлилар, темир йўл, дам олиш масканлари, савдо ва кўнгилочар манзиллар барпо этилди.
Хонобод шаҳрида сайёҳлар эътиборини жалб этиши мумкин бўлган жиҳатлар жуда кўп. Уларни юзага чиқариш учун 2020 йилдан буён “Hamkor Stimul Servis” инновацион лойиҳалар илмий-тадқиқот маркази томонидан археологик изланишлар олиб борилмоқда.

— Бунинг учун «Хонобод экспедицияси» ташкил этилган бўлиб, унга республикамиздаги энг тажрибали мутахассислар жалб этилди, — дейди марказ раҳбари, “Antique world” халқаро академияси профессори Шоҳида Султонова. — Фаолиятимизни денгиз ости қатламларини, тош бўлаклари жойлашган тик ҳудудларни ўрганишдан бошладик. Натижада «Авлиёлар дараси» ҳудудида 7 та табиий кўринишдаги тик ва битта ётиқ усулда жойлашган денгиз туби қатлами очилди. Бу қатламлар остида бир неча ранглардан иборат минераллар мавжудлиги аниқланди.
Экспедиция аъзолари денгиз сатҳидан 857 метр баландликдаги булоқ кўзини очиш давомида унинг атрофидан уч даврга оид қурилиш ашёларини топишди. Мутахассислар томонидан олиб борилган изланишлар шуни кўрсатмоқдаки, улар Амир Темур саройининг йўлакларини ҳосил қилишда қўлланилган хом ашёнинг намунасидир.
Марказ мутахассислари изланишлари туфайли шу кунгача 11 та булоқлар кўзи очилди. Ажабланарлиси шундаки, гарчи уларнинг оралиқ масофаси 1-1,5 метрни ташкил этсада, таъми бир-биридан тубдан фарқ қилади. Ушбу ҳолатнинг ўзиёқ сайёҳлар эътиборини жалб қилувчи ажойиб жиҳатлардан биридир. Республика фарматсефтика институти лобараторияси томонидан булоқ сувининг таркиби ўрганилганида, беҳисоб минералларга бойлиги, айниқса, кремний кислотасининг юқорилиги аниқланди. Булоқ атрофидан топилган қурилиш ашёлари эса бу жойлар тарихда обод масканлардан бўлганини тасдиқламоқда. Шу билан бирга қазишма давомида аниқланган аргиллит ва ангоп минераллари ранг йўқотмаслиги, қоришмасининг мустаҳкамлиги сабабли қадимий миноралардаги безак ишларини бажаришда қўлланилган, деган хулосага келиш мумкин.
— Бу ҳудудда палеоген, бўр ва юра даври ётқизиқлари тектоник ҳаракатлар натижасида Ер юзасига чиқиб қолган, — дейди Фарғона геофизика экспедицияси бош геологи Муроджон Абдуллаев. — Фарғона водийсида бу давр ётқизиқларида кўплаб нефть ва газ конлари очилган. Кучли сиқилишлар бу ётқизиқларнинг ҳақиқий ҳолатини бузиб, бўлакларга бўлиб ташлаган.
Экспедиция томонидан ҳозиргача турли чиғаноқлар, баҳайбат ҳайвонларнинг суяк қолдиқлари, кўмирли қатламлар, тошга айланган дарахт танаси топилди. Энг муҳими, Марказий Осиё географик харитасида қайд қилинмаган аргиллит конлари изларига дуч келиниши кутилмаган эди. Мутахассислар хулосасига кўра, аргиллит палеоген, бўр ва юра даври ётқизиқларининг рангли қолдиқлари ҳисобланади. Маълумотларда баён этилишича, ундан турли касалликларни даволашда ҳам фойдаланса бўлади. Сабаби, аргиллит таъсирида жигар, буйрак, буйрак усти ва ошқозон ости бези, генитерия, сийдик йўллари тизими билан боғлиқ дардларни даволаш мумкин. Шунингдек, қон айланишини яхшилайди ва равонлаштиради, жароҳат битишини тезлаштиради, яллиғланиш жараёнларини мускуллар ва бўғинлардан олиб ташлайди. Қолаверса, спиртли ичимликларга қарши курашишда фойдалидир. Ундан косметологияда ҳам ўринли фойдаланса бўлади.
— Хонобод адирликларида аниқланган минераллар ёрдамида беморларни даволаш бўйича бир йил давомида изланишларни амалга оширдик, — дейди Андижон давлат тиббиёт институти катта ўқитувчиси Акбарали Мадиханов. —Натижада уларнинг ошқозон ичак касалликлари, жигар, буйрак, сурункали бронхит, қанд касалликлари, ревмотизм, бўғин ва пой хасталикларида муваффақиятли натижаларига гувоҳ бўлдик.
Хулоса қилиш мумкинки, Хонобод шаҳрида сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш билан бир қаторда ундаги мавжуд имкониятларни ишлаб чиқаришга йўналтириш мумкин. Бу борада Шоҳида Султонова бошчилигидаги “Hamkor Stimul Servis” инновацион лойиҳалар илмий-тадқиқот маркази томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нодирбек Абдусатторов Прагадаги шахмат фестивалида чемпионликни қўлга киритди
- Матчанов Умирзак Сеитжановичнинг иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси эълони
- Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
- “Барселона” қийин ғалабани қўлга киритди
- Аёллар Осиё чемпионати мусобақасининг 3-тур ўйинлари давом эттирилди
- Трамп Эрондаги ҳарбий операция «деярли якунланганини» маълум қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг