Холис ва тезкор ахборот — ижтимоий муҳит барқарорлигининг муҳим шарти

12:45 02 Апрель 2025 Жамият
73 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Бугун жамиятда осойишталикни таъминлаш ва фуқаронинг давлат сиёсатига нисбатан фикрини шакллантиришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳар қачонгидан юқори. Чунончи, бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, давлат идораларининг жамоатчилик билан алоқалар ҳамда матбуот хизматлари институти мамлакатимизда ахборот олиш ва тарқатиш сиёсатида юзага келаётган муаммоларга, жамиятнинг ислоҳотлар тўғрисида кенг қамровли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиш талабларига тезкор ва тўғри жавоб бериш учун ташкил этилди.

Бир қатор ваколат ва мажбуриятлар тақдим қилиниб, ижро ҳокимияти ва давлат ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, ислоҳотлар самараларидан аҳолини хабардор этиш ҳамда турли ахборот хуружларига нисбатан ўз вақтида муносабат билдириш матбуот хизматларининг асосий вазифаларига айланди. Бир сўз билан айтганда, матбуот хизматлари том маънода, муайян ташкилот ёки бошқарманинг қиёфасини белгиловчи тузилмага айланиб, расмий веб-сайтлар, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали тақдим этилаётган маълумотларнинг тезкорлиги ва сифати ўша тузилма фаолиятининг ўзига хос кўзгуси ҳамдир.

Бугун ушбу хизматлар фаолиятининг самарадорлиги қай даражада? Навоий вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан ташкил этилган очиқ мулоқотда матбуот котибларининг фаолияти шу призма асосида таҳлил этилди. Унда вилоятдаги ижро органлари, ташкилотлар матбуот хизматлари раҳбарлари иштирокида 2025 йилнинг биринчи чорагида ўтказилган матбуот тадбирлари ижроси муҳокама этилди.

— Вилоятнинг Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа, Конимех, Учқудуқ ҳамда Нурота тумани ҳокимликлари матбуот хизматлари тадбирларни сифатли ва тўлиқ ўтказишгани ҳолда Хатирчи тумани ва Зарафшон ҳамда Ғозғон шаҳарларида бу масалага жиддий эътибор қаратилмаганлигини таъкидлаш жоиз, — деди мулоқотда вилоят ҳокимнинг матбуот котиби Шоҳира Рауфбоева. — Натижада вилоят бўйича жорий йилнинг И чорагида ўтказилиши керак бўлган 110 та пресс-тадбирларнинг 19 таси амалга оширилмаган. Хусусан, Хатирчи тумани ҳокимлиги томонидан 1 та матбуот анжумани ва Ғозғон шаҳри ҳокимлиги ахборот хизмати 1 та очиқ мулоқот ва 1 та матбуот анжуманини ўтказмаган. Шунингдек, «Навоий азот», «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖлари ўтказиши лозим бўлган брифинг ва пресс-тадбирларнинг амалга оширилиши таъминланмаган.

Йиғилишда биринчи чоракда ўтказилмаган медиа-тадбирларини ҳокимлик, корхона ва ташкилот матбуот хизмати раҳбарлари сифатли ва тўлиқ бажариши шартлиги белгиланиб, холис ва тезкор ахборот жамиятда осойишталик ва ижтимоий муҳит барқарорлигининг муҳим шарти эканлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?