Холид Аҳмад ал-Ананий ЮНEСКО Бош директори лавозимига расман тайинланди
Самарқанд шаҳрида ўтаётган ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Бутунжаҳон мероси конвенциясининг Бош Ассамблеяси 25-сессияси ўз ишини бошлади.
Тадбирда ЮНEСКОга аъзо давлатлар вакиллари, халқаро ташкилотлар ва маданият соҳаси экспертлари иштирок этмоқда.
Сессияни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси креатив иқтисодиёт ва туризм масалалари департаменти директори, Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбари Гаяне Умерова олиб борди. У делегатлар томонидан сессия раиси этиб сайланди ва кун тартиби ҳамда муҳокама этиладиган масалалар ҳақида маълумот берди.

Бутунжаҳон мероси конвенцияси — ЮНEСКОнинг энг муҳим халқаро ҳужжатларидан бири бўлиб, унинг асосий мақсади инсоният учун муҳим бўлган маданий ва табиий меросни аниқлаш, муҳофаза қилиш ҳамда келажак авлодларга етказишдан иборат.
Бош Ассамблея конвенциянинг амалга оширилишини таъминловчи асосий тузилма сифатида давлатлар ўртасида тенг ҳуқуқли мулоқот майдонини яратади ва Бутунжаҳон мероси тизимининг сиёсий ҳамда ташкилий асосини белгилайди.
ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазаре Элоундоу Ассомо ўз нутқида дунё давлатларида конвенция талабларини бажариш борасидаги ишлар, шунингдек, эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Қайд этиш лозимки, бу галги 25-сессия илк бор икки босқичда ўтказилмоқда — 11 ноябрь куни Самарқандда бошланган сессиянинг якуний қисми 24–25 ноябрь кунлари Парижда, ЮНEСКО бош қароргоҳида давом эттирилади.
Шу билан бирга, ЮНEСКО Бош конференцияси доирасида ташкилотнинг янги сайланган Бош директори Холид Аҳмад ал-Ананийнинг инагурация маросими бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 октябрь куни бўлиб ўтган ЮНEСКО Ижроия қўмитасининг 222-сессиясида мисрлик олим ва сиёсий арбоб Холид Аҳмад ал-Ананий Бош директорликка энг кўп овоз тўплаган эди. Унинг номзоди 6 ноябрь куни Бош конференцияси 43-сессиясида аъзо давлатлар томонидан маъқулланди.

Тантанали маросимда Холид Аҳмад ал-Ананий қасамёд қилиб, ЮНEСКОнинг мақсад ва анъаналаридан келиб чиқиб, амалга ошириладиган иш режалари ва устувор вазифалар ҳақида сўз юритди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева сўзга чиқиб, ЮНEСКОнинг янги раҳбарини табриклади ва Ўзбекистон раҳбарияти унинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини давом эттирмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Барселона» Ла Лигада навбатдаги ғалабасини қўлга киритди
- Саида Мирзиёева Доҳадаги кино фестивалга ташриф буюрди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг