ХМТнинг минтақавий директори билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

17:01 23 Ноябрь 2023 Сиёсат
124 0

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг 23 ноябрь куни ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича бюроси минтақавий директори Беате Андреес билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш бўйича янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш, меҳнат соҳасига халқаро стандартларни жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ХМТнинг бевосита кўмагида иқтисодиётнинг турли тармоқларида мониторинг тадбирлари юқори даражада ташкил этилмоқда. Ўтган йили меҳнат шароитлари, жумладан, қурилиш соҳасида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари таҳлили ўтказилди.

 «2021-2025 йилларга мўлжалланган муносиб меҳнатни таъминлаш бўйича мамлакат дастури”ни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда ҳозирданоқ натижалар борлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ижтимоий адолат коалициясини тузиш, Ўзбекистонни Европа ва Марказий Осиё минтақасидан биринчилардан бўлиб Коалиция аъзолари қаторига киргани ва олдинда турган вазифалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Муносиб меҳнат ва ижтимоий ҳимоя тамойилларини жорий этиш, норасмий бандликка қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини асосий даромад билан таъминлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш масалалари таҳлил қилинди.

ХМТ билан изчил ҳамкорликни меҳнат муносабатлари соҳасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув сўнгида ХМТ конвенцияларини ратификация қилиш ва уларнинг ижросини таъминлаш йўналишида ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер