Хитойлик ҳамкорлар билан қатор келишувларга эришилмоқда

15:57 23 Январь 2024 Жамият
359 0

Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев бошчилигидаги вилоят делегацияси айни кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди. Делегация аъзолари 20 январдан 26 январгача қатор саноатлашган ҳудудларда бўлиб, расмийлар ва йирик компаниялар раҳбарлари билан музокаралар ҳамда қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

Делегациянинг Чжесзян провинцияси маъмурияти, провинциянинг Коммерция алоқалари Администрацияси вакиллари билан бўлган мулоқотида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари, жумладан, икки томонлама савдо айланмасини янада ошириш, яшил иқтисодиёт, тармоқларга янги инновациялар, замонавий “Nou-hau”ларни кенг жорий этиш, устувор инфратузилмавий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Маданият, таълим ва туризм соҳаларида алмашинувларни ривожлантириш муҳим эканлиги таъкидланди.

Вилоят вакиллари Ханчжоудаги Dayu Road бошланғич мактаби ва уй жиҳозлари саноатида етакчи бўлган “KUKA Home Furnishing” компанияси фаолияти билан ҳам танишди. Dayu Road бошланғич мактаби 2011 йилда ташкил қилинган бўлиб, унда 36 та синф, бой адабиёт фондига эга кутубхона ва илғор кампус тармоғи тизими мавжуд. Мазкур замонавий мактаб тажрибаси ҳамда мебель ишлаб чиқаришдаги саноат инновациясини келгусида Сирдарёда жорий этиш бўйича таклиф берилди. Хитойлик ҳамкорлар ҳам бунга хайрихоҳлик билдиришди.

Сафарнинг иккинчи куни делегация аъзолари видеокузатув ускуналари ишлаб чиқариш ва ушбу йўналишда хизмат кўрсатишда етакчи бўлган “Zhejiang Dahua Technology“ компаниясининг бош офисида бўлишди. Самимий ва ишчанлик руҳида ўтган музокара давомида вилоят ҳокими бугунги глобаллашув жараёнида компаниянинг илмга асосланган хавфсиз жамият, сифатли ҳаёт қуришга бўлган интилишини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, вилоятни инновацион ҳудудга айлантириш борасида бошланган ишларга ҳамоҳанг тарзда ҳаётий муҳим йўналишлар — йўл ҳаракати хавфсизлиги, таълим ва тиббиёт соҳаларини рақамлаштиришда ҳамкорлик қилиш таклифини билдирди.

Якунда ҳамкорликнинг ҳар бир йўналиши бўйича ишчи гуруҳ тузиш ва биргаликда амалга ошириладиган лойиҳаларни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этишга келишиб олинди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер