Хитойда порахўрликда айбланган собиқ амалдор қатл этилди
Хитойда пора олиш жиноятида айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган “Huarong Asset Management” компаниясининг собиқ бош директори қатл қилинди. Бу ҳақда 9 декабрь куни Хитой Марказий Телевидениеси (CCTV) хабар берди.
Лай Сяомин Хитойнинг йирик қарзлар билан ишловчи “Huarong Asset Management” компаниясига раислик қилган, ундан олдин эса марказий банк ва Банк назорати комиссиясида масъул лавозимларда ишлаган. У 5 январь куни Тяньцзиннинг ўрта суди томонидан коррупция ва икки хотинлик (бигамия) айбловлари бўйича ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.
Суд ҳукмида айтилишича, Лай пора олишда “ўта ёвуз ният” билан иш тутган, жиноятларининг масштаби эса “ўта жиддий” баҳоланган. Олий суд унинг айрим “хизматлари”ни инобатга олган бўлса-да, жиноятларининг табиати сабаб енгиллик қилишга асос топмаган. Қатлдан олдин у яқин қариндошлари билан учрашишга рухсат олган.
Лай Сяоминнинг иши Хитойдаги энг йирик коррупция ишларидан бири сифатида қайд этилмоқда. 58 ёшли Лай 2008–2018 йилларда жами 1,79 миллиард юань (тaxминан 278 миллион доллар) пора олган. Текширув пайтида унинг Пекиндаги квартираларидан сейф ва чемоданлар тўла нақд пул, алтинг тасмалар ва қимматбаҳо автомобиллар топилган. Лай ўзи берган кўрсатмада пулларни “ҳеч сарфламаганини, фақат сақлаб қўйганини” айтган.

Айбловлар орасида икки хотинлик ҳам бор: суд маълумотларига кўра, Лай оиласи бор бўлишига қарамай, бошқа бир аёл билан узоқ вақт янги оила сифатида яшаб, ноқонуний фарзандлар кўрган. Суд унинг барча шахсий мол-мулкини мусодара қилиш ва сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум этиш тўғрисида ҳам қарор чиқарган.
Ушбу жиноят иши Хитой раҳбари Си Цзиньпин бошлаган қатъий антикоррупция кампанияси доирасидаги энг кескин жазолардан бири бўлди. Одатда бундай ишлар бўйича умрбод қамоқ ёки икки йиллик кечиктирилган ўлим жазоси қўлланиларди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг