Хитой тили бўйича нотиқлик санъати танлови ғолиблари аниқланди

Фото: “Халқ сўзи”
Икки кун давомида юртимиз олий ўқув юртлари талабалари ўртасида “Хитой тили кўприги-2023», хитой тили бўйича 22-нотиқлик санъати ва Ўзбекистон мактаб ва академик лицейлари ўқувчилари ўртасида 16-республика танловлари бўлиб ўтди.
Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган танловда Тошкент давлат шарқшунослик, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетлари, Самарқанд давлат чет тиллар институти, ТДШУ ва СамДЧТИ қошидаги Конфуций институти каби қатор етакчи олий ўқув юртларидан талаба ва ўқувчилар иштирок этди.
Барча шартларда муваффақиятли қатнашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллар университети талабалари – Анна Романова ва Мухлиса Худойбердиева ХХРда ўтказиладиган Хитой тили кўприги мусобақасида қатнашиш учун йўлланма олди. Мактаб ва лицей ўқувчилари ўртасидаги танлов якунларига кўра, халқаро майдонда юртимиз шарафини Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳузуридаги Конфуций институти ўқувчиси Паризода ва ТДШУ ҳузуридаги Конфуций институти ўқувчиси Илёс Қутлуғ ҳимоя қиладиган бўлишди.
ХХРнинг Ўзбекистондаги элчихонасининг маслаҳатчиси Чжан Вейнинг айтишича, сўнгги йилларда хитой тилига ўқитиш икки мамлакатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигининг фаол йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
—Тошкент ва Самарқанддаги Конфуций институтлари мамлакатларимизнинг ўзаро алоқалари ва ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайдиган қатор талантли талабаларни тайёрлашди, — дейди маслаҳатчи Чжан Вей. — Хитой томони ҳар йили мамлакатимиз олий таълим даргоҳларида таҳсил олиш учун ўзбек талабаларига давлат томонидан молиялаштириладиган деярли 100 та жой тақдим этмоқда, ўзбек ўқитувчиларига малакаларини оширишга қатор имкониятлар бермоқда, ўқув муассасаларига материаллар ва анжомлар олиб бермоқда, хитой тилини ўрганаётган маҳоратли талабаларга махсус стипендиялар таъсис этмоқда. Тил – бу дунёни тушуниш ва дунёқарашни кенгайтириш учун муомала кўприги ва муҳим воситадир. Тобора кўпроқ ўзбек дўстларимизнинг хитой тилини ўрганиш орқали Хитойни кашф этаётгани бизни қувонтиради.
“Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг