Хитой компанияси Ўзбекистон уранига қизиқмоқда
Фото: "Халқ сўзи"
Темур Эшбоев/“Халқ сўзи”. Бугун дунё саноати электр энергияси ишлаб чиқаришнинг асосий ва анъанавий манбаси бўлган углеродлардан босқичма-босқич воз кечиб, энди экологик тоза, қайта тикланадиган манбалар ва атом энергетикасига талаб ошиб бормоқда.
— Дунё бўйича электр энергиясига бўлган талабнинг 11 фоизи атом энергетикаси ҳиссасига тўғри келади, — дейди “Навоийуран” ДК бошқармаси инвестиция лойиҳалари бўлими бошлиғи Рустам Эргашев. — Бу кўрсаткич Францияда 70, Венгрияда 50 ва АҚШда 20 фоизни ташкил қилади. Сўнгги йилларда Хитой, Ҳиндистон, Яқин Шарқ ва ҳаттоки айрим Африка ва Жанубий Америка мамлакатлари АЭСни кенгайтириш дастурларини амалга оширишмоқда.
Табиийки, энергетика саноатининг атом хом-ашёси бозоридаги ушбу ҳолат маҳсулоти юз фоиз экспортга йўналтирилган “Навоийуран” ДКнинг ҳамкорлик доирасини янада кенгайтирмоқда.
Хитой Халқ Республикасининг “China Nuclear Uranium Co. Ltd.” (CNUC) компанияси делегациясининг амалий ташриф билан “Навоийуран”да бўлиши шу йўлдаги муҳим қадамдир.
— “China Nuclear Uranium Co. Ltd.” уранни қидириш, қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланадиган Хитой Миллий Ядро Корпорациясининг (CNNC) шўъба корхонаси бўлиб, компания Хитойнинг атом энергетика саноатини ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди, — дейди Рустам Эргашев. — Компания Хитойдаги бир нечта уран конларига, жумладан Шинжон-Уйғур автоном районидаги Или конига эгалик қилади ва бошқаради. Шунингдек, Намибия ва Қозоғистон каби бошқа мамлакатларда уран қазиб олувчи қўшма корхоналарда ҳам иштирок этади.
Компания ҳузуридаги институт Бош муҳандиси Янг Руншенг бошчилигида мутахассислар ташриф давомида корхона мутахассислари билан биргаликда қора сланецли уран кон майдонларида бўлиб, “Маъданли” ҳамда “Косчека” майдонларида шурф қазиш ишлари билан танишишди. Шунингдек, “Маъданли” майдонида қазиб олинган технологик намуналар ўрганилиб, ушбу майдонни ўзлаштириш, маъдан таркибидан уран ва бошқа ноёб элементларни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш мақсадида технологик намуналар сараланди.
Хитойлик мутахассислар ташриф дастури доирасида “Навоийуран” давлат корхонаси Бош директори Ж. Файзуллаев билан учрашиб, қора сланецли уран кон майдонларида қазиб олишни кўзда тутувчи технологияларни яратиш устидаги масалалар ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг