Хави, Инеста ва Неймарга насиб этмаган бахтга лойиқ кўрилган Дембеле

Франциялик футболчи Усмон Дембеле кеча «France Football» томонидан анъанавий тарзда топшириб келинадиган «Олтин тўп» мукофотига лойиқ кўрилди. Таъкидлаш керакки, ушбу совринни Хави, Инеста, Баджо, Неймар ва яна бир қатор жаҳон футболининг ёрқин юлдузлари қўлга кирита олмаган.
Футбол тарихида чап ва ўнг оёқда тенг кучли, юқори тезликда дриблинг қиладиган ва рақибларни бир лаҳзада доғда қолдирадиган футболчилар жуда кам учрайди. Шубҳасиз, шундай ноёб иқтидор эгалари орасида Усмон Дембеле алоҳида ўрин тутади. У «Боруссия Дортмунд»да чақнаб, «Барселона»да ўзини кўрсатган, ҳозир эса ПСЖнинг асосий юлдузларидан бири сифатида фаолиятини давом эттирмоқда.
Бугун «Олтин тўп» мукофотининг 2024/25 йилги мавсум соҳиби ҳақида батафсил маълумот берамиз.
Болалик ва футболга илк қадам
Усмон Масур Дембеле 1997 йил 15 май куни Франциянинг Нормандия минтақасида жойлашган Вернон шаҳрида туғилган. Онаси мавританиялик, отаси эса малилик бўлган, бу эса унга Африка ва Европа футбол маданиятини бирлаштирган кучли генетик меросни берди. Ёшлигидан футболга қизиққан Дембеле уйининг яқинидаги майдонларда соатлаб тўп суриб, дриблинг машқлари билан шуғулланар эди.

2004 йилда у «Евро ФК 27» ёшлар академиясида тўп суришни бошлади. Кейинчалик «Ренн» клуби иқтидорли ўсмирни ўз сафига қўшиб олди. Бу ерда у техникаси, тезкорлиги ва икки оёқда бирдек ўйнаш қобилияти билан мураббийлар эътиборини тортди.
Профессионал фаолиятга кириш — «Ренн»
2015 йилда Дембеле «Ренн» асосий жамоасида дебют қилди. Ўша пайтдан бошлаб у Франция футболида энг тез ўсиб келаётган талант сифатида тилга олинди. Унинг илк мавсумиёқ Франция Биринчи дивизионида 12 та гол уриши ва бир қатор самарали узатмалар амалга оширгани йирик клубларнинг скаутларини ҳайратда қолдирди.
«Боруссия Дортмунд» даври
2016 йилда Дембеле Германиянинг машҳур клуби «Боруссия Дортмунд» сафига бориб қўшилди. Унинг трансфер нархи 15 миллион евро атрофида эди, аммо у тез орада бу пулнинг арзишини исботлади. Дембеле Бундеслигада юқори даражали дриблинг, тезкор ҳужумлар ва аниқ паслари билан томошабинларни ўзига ром қилди.
У «Дортмунд» билан 2017 йилда Германия Кубогини қўлга киритди ва ўша мавсумнинг энг яхши ёш футболчиларидан бири сифатида тан олинди. Айни шу даврда у «Барселона» эътиборига тушди.
«Барселона»даги синовлар ва имкониятлар
2017 йилда Неймар ПСЖга ўтгач, «Барселона» уни алмаштириш учун 105 миллион евро ва бонуслар эвазига Дембелени сотиб олди. Бу трансфер ўша даврда футбол тарихидаги энг қиммат битимлардан бири бўлди.
Аммо Каталониядаги фаолияти қийин кечди: Дембеле кўплаб жароҳатларга дучор бўлди. Сон мушаклари, тиззаси ва тўпиқдаги жароҳатлар унинг ўйин давомийлигини чеклаб қўйди. Шунга қарамай, у «Барселона» билан Ла Лига ва Испания Кубоги ғолибига айланди. Айниқса, 2018–19 мавсумида Лионель Месси билан бирга ҳужум чизиғида самарали ўйин кўрсатиб, мухлислар хотирасида қолган.
ПСЖ ва янги босқич
2023 йилда Дембеле ватанига қайтди ва ПСЖ жамоаси сафига қўшилди. У ерда Килиан Мбаппе ва бошқа юлдузлар билан бирга ҳужум чизиғини шакллантирди. Тез орада у ПСЖнинг муҳим футболчисига айланди: қанот ҳужумларида тезлиги, ҳар икки оёқда бирдек зарба бера олиши ва кўплаб асистлари билан жамоага катта фойда келтира бошлади.
2025 йилда эса Дембеле фаолиятидаги энг йирик шахсий мукофот — «Олтин тўп»ни қўлга киритди. Бу соврин унинг ниҳоят жароҳатлардан халос бўлиб, футбол оламида ўз ҳақиқий қадрини кўрсата олганининг тимсоли бўлди.
Миллий терма жамоадаги фаолияти
Усмон Дембеле Франция терма жамоаси сафида ҳам муҳим рол ўйнаган. У 2018 йилда Россияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, терма жамоа билан жаҳон чемпиони бўлди. Шунингдек, 2022 йилги Қатардаги мундиалда ҳам майдонга тушди ва жамоанинг финалга чиқишида ўз ҳиссасини қўшди.
Усмон Дембеле сиймоси
Усмон Дембеле мусулмон оиласидан чиққан. 2021 йилда у никоҳдан ўтган ва оилавий ҳаётини ҳам оммага кўрсатмасликка ҳаракат қилади. Оддийлиги ва имон-эътиқодига содиқлиги билан танилган.
Дембеленинг энг катта муаммоси — жароҳатлар. У “Барселона” даврида бир неча бор мушак жароҳатлари туфайли 2–6 ой майдондан четда қолган. Бу унинг ривожига салбий таъсир қилган бўлса-да, у машаққат билан машқ қилиб, охир-оқибат ПСЖда ўзининг энг яхши формасига қайтди.
Спортда «чемпион бўлиш осон, лекин чемпионликни ҳимоя қилиш қийин», деган гап бор. Кўрамиз, Усмон «чемпионлик»ни ҳимоя қила олармикан.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг