​​​​​​​Хавфсиз уй-жойлар қурилиши – аҳолининг асосий истаги

16:02 22 Январь 2026 Жамият
314 0

Одам ўз уйида хавфсизликни ҳис қилмаса, қанчалик чиройли фасад ёки замонавий лифтлар бўлса ҳам хотиржамликка эришолмайди. Шу боис, бугун қурилаётган ҳар бир кўп қаватли уй сифати фақат қурилиш соҳасига эмас, балки бутун жамият ҳаётига дахлдордир. Айниқса, пойдевори етарлича мустаҳкам бўлмаган биноларда эртами-кеч муаммолар пайдо бўлиши табиий.

Сурхондарё вилоятида мазкур масъулиятни зиммасига олган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси фаолияти сифат, хавфсизлик ва қонун устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилади. Инспекция қошида фаолият юритаётган Қурилиш-синов лабораторияси мутахассислари ҳудудда барпо этилаётган кўп қаватли турар-жой биноларида мунтазам текширувлар ўтказишади. Бу орқали ҳар бир қурилишнинг сифат ва барқарорлиги аниқланади.

Сўнгги ўрганишлар Термиз шаҳридаги Абдулла Авлоний маҳалласи ҳамда Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивидаги кўп қаватли турар-жойларда амалга оширилди. Замонавий лаборатория асбоб-ускуналари ёрдамида бетон ва темир-бетон конструкцияларининг сифати, мустаҳкамлиги ҳамда меъёрий талабларга мувофиқлиги чуқур таҳлил қилинди. Айниқса, биноларнинг пойдевор қисмига алоҳида эътибор қаратилди, чунки айнан шу асос кейинги барча қурилиш жараёнларининг “тақдири”ни белгилайди.

Қурилиш майдонларида олиб борилаётган бундай синовлар айримларга оддий текширувдек туюлиши мумкин, аммо амалда бу жараён қурилишдаги шошма-шошарлик, иқтисод қилиш баҳонасида сифатдан чекиниш каби ҳолатларга қарши энг самарали тўсиқдир. Камчилик аниқланган тақдирда ишлар тўхтатилади, нуқсонлар бартараф этилмагунча кейинги босқичга ўтишга рухсат берилмайди.

Инспекция етакчи мутахассиси Муроджон Набиевнинг таъбири билан айтганда, пойдевордан олинган бетон намунасини лабораториядан ўтказиш қурилаётган уйнинг келажакда одамлар учун хавфсиз бўлишини таъминлайдиган энг муҳим кафолат саналади.

— Инспекция фаолияти фақат алоҳида объектларни текшириш билан чекланиб қолмаяпти, дейди Инспекция етакчи мутахассиси Муроджон Набиев. – Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган йил мобайнида 28 минг маротабадан ортиқ мониторинг ишлари амалга оширилди. Бу жараёнда 175 та ҳолатда шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайдиган қоидабузарликлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. Бу кўрсаткичлар қурилиш соҳасида ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар борлигини кўрсатади.

Муҳими, бу назорат жазолаш учун эмас, балки тартиб ўрнатиш, қурилиш маданиятини ошириш ва фуқаролар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган. Термиз шаҳри ва туманида олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатадики, қатъий лаборатория назорати пудрат ташкилотларини сифатга жиддий ёндашишга мажбур қилмоқда. Бу эса оддий одамлар учун мустаҳкам, ишончли ва хавфсиз турар-жойлар барпо этилишига хизмат қилади.

Сурхондарё вилоятида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси фаолияти самараси ҳар бир пойдеворнинг мустаҳкамлигида, ҳар бетон қаватнинг сифатида ва ҳар бир уйнинг барпо этилишида яққол намоён бўлмоқда. Чунки мустаҳкам пойдевор устида, барча талаблар асосида барпо этилган уйгина инсонга хотиржам ҳаёт бахш эта олади.

Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер