Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

07:17 04 Сентябр 2021 Иқтисодиёт
1000 0

Ислом тараққиёт банки гуруҳи жаҳонда катта нуфузга эга. Ўзбекистон ҳам мазкур банк гуруҳининг муҳим аъзоси ҳисобланади. Бугунги кунда банкка 57 та давлат аъзо бўлиб, устав жамғармаси 150 миллиард долларга тенг.

Ҳозирги кунга қадар банк томонидан молиялаштирилувчи жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳаси маъқулланган. Улар доирасида мактаблар, арзон уй-жойлар, автомобиль йўллари, электр ва ичимлик суви тармоқлари қурилиб, соғлиқни сақлаш муассасалари замонавий жиҳозланган. Шу жиҳатдан, Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорлик аҳоли турмуши фаровонлигини оширишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46 йиллик йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, Ўзбекистоннинг мазкур банк билан ҳамкорлиги, истиқболдаги муҳим масалалар ҳақида нутқ сўзлади.

– Банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи, деб ҳисоблаймиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталар экан, мамлакатимизда инқирозга қарши ишлаб чиқилган чораларни ўз вақтида қўллаб-қувватлагани учун Ислом тараққиёт банкига миннатдорлик билдирди.

Анжуман доирасида иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш бўйича келишув имзолангани айни муддао бўлди. Чунки капитали 500 миллион долларга етказилиши кўзда тутилган мазкур жамғарма орқали камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган лойиҳалар қўллаб-қувватланади.

Сир эмаски, бугун дунё мамлакатлари иқлим ўзгариши, йирик миграцион жараёнлар, табиий ресурслар ва озиқ-овқат етишмовчилиги каби синовларга дуч келмоқда. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз банк фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифларни билдирди.

Биринчидан, «Ғарбий Африкадан Шарқий Осиёгача яшил йўлак» номли савдо-иқтисодий маконни шакллантириш таклиф этилди. Унинг амалга оширилиши эса ўзаро савдо ва сармоявий алоқалар кенгайишга, мамлакатларнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашиши ва барқарор ўсишига хизмат қилади.

Иккинчидан, Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ҳамда Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорацияси томонидан молиявий инструментларни кенгайтириш бугунги куннинг жуда долзарб масаласидир. Шубҳасиз, бу эркин савдони рағбатлантириш, инвестициявий хатарларни суғурталаш, транспорт ва логистика инфратузилмаларини ривожлантиришга ҳисса қўшади.

Учинчидан, коронавирус пандемиясидан кейинги даврда аъзо мамлакатлар иқтисодиётлари ривожланишига инновацион тус бериш ғоят муҳим. Жумладан, Ислом тараққиёт банкининг фан, технология ва инновациялар жамғармаси имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни жорий қилиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қайта тикланадиган энергия ва экологик технологияларни кенг қўллаш айниқса, долзарбдир.

Тўртинчидан, минтақавий аҳамиятга эга инвестицион ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни кенгайтириш таклиф этилди.

Ишончимиз комилки, бу каби ташаббуслар Ислом тараққиёт банки томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланади. Зеро, илгари сурилган таклифлар бугунги кунда долзарб ва ўткир муаммоларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, ЎзЛиДеП нуфузли халқаро молия ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада кенгайиши, қизғин тус олишини тўла қўллаб-қувватлайди. Зеро, эзгу ва кўламдор мақсадларимизни рўёбга чиқариш учун юртимизга, албатта, молиявий мадад ҳам зарур. Зотан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банклари билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш халқимиз манфаатларига хизмат қилади.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер