Халқимиз истаклари тўла акс этган халқ Конституцияси
Ислоҳотлар қачон муваффақият қозонади? Агар унда инсон манфаатлари устувор аҳамият касб этган бўлса! Яна-чи? Яна у вақт ва макон тақозоси, давр эҳтиёжи бўлса! Тараққиётнинг ҳуқуқий таъминотини тубдан такомиллаштириш фурсати пишиб етилган бўлса!
Ўзбекистонда ана шундай зарурат беш-олти йил аввал юзага чиққани эксперту мутахассислар, мансабдору мутасаддиларга яхши аён. Таққослама таҳлиллар олдинроқ бошланганида ҳақиқат.
Хўш, унда нега конситуциявий ислоҳот ташаббуси фақат ўтган йилга келиб илгари сурилди? Боиси Бош қомусимизнинг қайси меъёрлари замон талабига мос келмай қолганини чуқур таҳлил қилиш, қолаверса, қарийб 30 йил муқаддам тасдиқланган нормаларнинг айримлари эскирганини ҳар бир шахс ўз ҳаёти мисолида тушуниб етиши учун муайян муддат керак эди.
Юқорида алоҳида таъкидаганимдек, мамлакат аҳолисининг барча қатламлари қарашларини ифодалайдиган, шунингдек, халқаро конвенциялар ва жаҳон ҳамжамияти олдидаги мажбуриятларни инкор этмайдиган лойиҳани ишлаб чиқиш осон кечгани йўқ. Ҳар бир сўз, ҳар бир сатрда инсон қадри улуғлигини акс эттириш ўта машаққатли кечди.
Турли кодекс ва қонунлардаги баъзи нормаларни Конституция даражасига кўтариш масаласи қайта-қайта экспертизадан ўтказилди. Натижада ҳамма бирдек наф кўрадиган ҳужжат шаклига келди. Аксарият одамлар янгиланаётган Конституция матнига нисбатан позитив фикр билдираётгани, очиқ-ошкора объектив хулосалар бераётганининг сабаби ҳам шунда аслида.
Мулоҳазаларимни аниқ мисолларда асослаб баён этишга ҳаракат қиламан. Масалан, лойиҳанинг 28-моддасини олайлик. Олти қисмдан иборат бу моддада қатъий белгилаб қўйилаётган меъёрлар сиз билан бизга қанчалик тааллуқли бўлиши баробарида эркинлигимиз учун шунчалик долзарб эканини англаш учун юрист ё сиёсатчи бўлиш шарт эмас.
Масалан, ушбу моддада “Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан белгиланмагунча айбсиз деб ҳисобланади. Айбланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар таъминланади, деб белгилаб қўйилмоқда. Кўриб турганингиздек, ойдек равшан қоида.
Инсон манфаатини олий ўринга қўйиш шу модданинг кейинги қисмларида тобора юқори поғоналарга кўтарилиб боради. Мана қаранг: “Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши керак”.
Бундан ҳам муҳим жиҳати шундаки, янги Конституция ҳаётга жорий этила бошлагач қилмаган ишингиз учун ўзингизни оқлашга ҳожат қолмайди. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги билан боғлиқ норма буни кафолатлайди.
На прокурор, на терговчи ёки бирор амалдор ҳеч кимни ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбурлай олмайди. Чунки айни шундай талаб ҳам Бош қомуснинг ўзида аниқ кўрсатиб қўйилмоқда.
Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга эски тузумдан салбий мерос бўлиб қолган “догма”лар ҳам барҳам топади. Уларнинг ўз фаолиятига ёндашуви фуқароларни жазоловчиликдан инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи ва ҳимояловчига, поймол қилинган ҳуқуқларни тикловчиликка ўзгартирилади.
Зеро, Бош қомусимизда агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги, озодликдан маҳрум этилган шахслар ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлиниши ҳамда инсон шахсига хос бўлган шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Бир пайтлар кимдир қамалса, адашиб боши берк кўчага кириб қолган бўлса ёхуд масъул лавозимда ишлаб туриб “урилса” унинг оиласидагилар учун деярли барча эшиклар ёпиларди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида хизмат қилишга ҳар томонлама муносиб фарзанд отасининг қачонлардаги хатоси учун ишга киролмасди.
Энди ундай бўлмайди. Бундай ҳолатни тўлиқ тугатиш мақсадида қуйидаги норма, таъбир жоиз бўлса, катта ҳарфларда аниқ-тиниқ ёзиб қўйилмоқда: “Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмас”.
Асосий қонунда инсонга қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланаётганини қайд этиш жоиз. Ушбу қоида давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда бажариши билан боғлиқ масъулиятини янада оширади.
Янги таҳрирдаги Конституциямиздан ўрин олган янгиликлардан яна бири — ҳар бир шахснинг республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, мамлакатдан ташқарига чиқиш ҳамда Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқи мустаҳкамланаётганидир.
Сир эмаски, яқин ўтмишимизда эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини асоссиз чекловчи қонуности ҳужжатлари мавжуд эди. Масалан, баъзида пойтахтга келиш учун йўллардаги назорат постларидан паспортсиз ўта олмас эдик. Эндиликда мазкур конституциявий қоида киритилиши билан эркин ҳаракатланиш қадрият даражасида олий ҳуқуқий ҳужжатда ўз аксини топмоқда.
Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар сони 3,5 баробарга ошмоқда. Айниқса, инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтириляпти. Шу жиҳатдан, Бош қомусимизни том маънода халқ Конституцияси десак, муболаға бўлмайди.
Сардор ҒИЁСОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг