Халқаро II ёшлар илмий конгрессида Ўзбекистон ҳам фаол иштирок этмоқда

19:05 27 Ноябрь 2023 Жамият
123 0

Жорий йилнинг 26-29 ноябрь кунлари Россия Федерацияси Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳрида II ёшлар илмий Конгресси бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда иштирок этиш учун 72 мамлакатдан 1000 дан ортиқ ёш олимлар рўйхатдан ўтишган.

Мамлакатимиз номидан “Зиё Форум” илм-фан ва таълим тарбияни ривожлантириш Халқаро фонди делегацияси тадбирда қатнашиб, юртимизда ёшлар сиёсати борасида жамғарма томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маъруза қилди.

— Бундай илмий тадбирлар ёшларга ўз лойиҳалари ва кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, жаҳон университет жамоаларининг самарали ҳамкорлигига кўмаклашиш имкониятини очиб беради, — дейди “Зиё Форум” илм-фан ва таълим тарбияни ривожлантириш Халқаро фонди матбуот-котиби, ахборот хизмати раҳбари Сирожиддин Бозоров. — Делегациямиз билан тадбирда фаол иштирок этяпмиз. Биз билан бир қаторда Озарбойжон, Туркия, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Тожикистон, Покистон, Нигерия, Камерун, Марокаш, Иордания, Миср, Қирғизистон, Туркманистон, Сенегал каби бир қатор давлатлардан ёш олимлар ва халқаро жамғармалардан делегациялар ҳам ташриф буюришган. Мазкур тадбир ёшларни янада фаол ҳамкорликка чақириши билан ҳам аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, конгресснинг асосий мақсадларидан бири илмий ва маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг ўзаро таъсирини кучайтириш ва инсон капиталини янада ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, ушбу тадбир ёшларни илмий тадқиқотларга, ёшлар муҳитида янада фаол ҳамкорликка жалб қилиш, халқаро илмий-техникавий ва инновацион ривожланишга кўмаклашиш имконини беришга шубҳа йўқ.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер