Халқаро ҳамжамият нигоҳидаги бош мавзу
Пекинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Расмий вакили (Foreign Ministry Spokesperson) Хуа Чунъин ўз давлатининг “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференциясига оид қарашларини билдирди.
Хуа Чунъин, жумладан, Хитой томони Афғонистоннинг тинч йўл билан тикланиши ҳамда мамлакатда миллий ярашув жараёнига хизмат қилувчи саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Мазкур халқаро конференцияни расмий Пекиннинг диққат-эътиборида турган воқеалардан бири сифатида эътироф этган дипломат ХХР ушбу йирик тадбирни ҳар томонлама маъқуллашини таъкидлади.
Бундан сал аввал Вашингтонда Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти Расмий вакили Хизер Нойерт Ўзбекистон Афғонистонда барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутишини билдирган эди. Тошкент анжумани эса, америкалик дипломатнинг сўзларига кўра, “Ўзбекистоннинг халқаро майдонга қайтиши рамзи” сифатида хизмат қилади.
Тошкент конференцияси олдидан АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси томонидан матбуот учун тарқатилган ахборотда мазкур учрашув Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлида олиб борилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштиришга ёрдам бериши айтилган.
Европа Комиссиясининг 24 март куни тарқатган расмий хабарида анжуман Афғонистонда тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш билан бир қаторда, минтақада терроризмга қарши кураш, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишини бартараф этиш ва ўзаро иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришга доир масалаларни муҳокама қилишга имкон бериши билан муҳимлиги қайд этилган.
Ҳиндистон ҳамда Покистон Ташқи ишлар вазирликлари бир кунда Афғонистон бўйича Тошкент конференциясига доир махсус хабар тарқатдилар. Материалда Нью-Дели ва Исломобод ушбу тадбирни тўлиқ қўллаб-қувватлаши билдирилиб, Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланган.
Япония халқаро тадқиқотлар институти томонидан чоп этилган таҳлилий маърузада расмий Токио ҳамда Тошкентнинг Афғонистон билан иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш зарурлиги тўғрисида якдиллиги эътироф этилади. Таҳлилчиларнинг фикрича, анжуман Афғонистон муаммосини ҳал қилиш бўйича “Тошкент жараёни”га (Tashkent process) асос солади. Маърузада Ўзбекистон ташаббуси барча таклиф этилган давлатлар, хусусан, АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Марказий Осиё мамлакатлари, Эрон ҳамда Покистон учун бирдек муҳим ҳамда манфаатли эканлиги таъкидланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг