Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида ёшлар масалалари ҳам ўрганилди
Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги доирасида «Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида эришилган ютуқлар ҳамда истиқболдаги вазифалар» мавзусида сессия ташкил этилди.
Мазкур йиғилишда маҳаллий ва хорижий экспертлар, ёшлар сиёсатига масъул халқаро ташкилотлар вакиллари, фуқаролик жамияти институтларининг мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.
Тадбир аввалида Ёшлар ишлари агентлиги директори мамлакатимиздаги ёшларга оид давлат сиёсати, уларнинг моҳияти, эришилган ютуқлар ва истиқболдаги устувор вазифалар юзасидан тақдимот қилди.
Шундан сўнг, ёшлар ишига масъул бир қатор ташкилот раҳбарлари сўзга чиқиб, ушбу учрашувнинг Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган долзарб масалалар ҳамда стратегик вазифаларни муҳокама қилиш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги устувор вазифалар билан халқаро ҳамжамиятни яқиндан таништириш йўлидаги муҳим қадамлигини таъкидлашди.
Шунингдек, хорижий экспертлар томонидан ҳам мазкур тадбир халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда тажриба алмашишда муҳим аҳамиятга эга экани эътироф этилди.
Сўз — тадбир иштирокчиларига:
Саида Амна БАТУЛ,
Покистон Бош вазири офиси вакили, Покистон Миллий Ассамблеяси аъзоси:
— Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати соҳасидаги ютуқлар ва соҳа бўйича истиқболдаги стратегиялар муҳокамасига бағишланган ушбу конференцияда иштирок этаётганимдан мамнунман.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим давлатларидан биридир. Биз ўзбек жамияти ва халқи билан исломий, тарихий ва маданий алоқаларга эгамиз. Ўзбекистонга келганимизда, ўзимизни меҳмондек эмас, гўё иккинчи уйимизга келгандек ҳис қиламиз.
Бу тадбирда бизга глобал алоқаларни кенгайтириш ва ёшлар ривожи ҳамда тараққиёти ҳақида фикр алмашиш имкониятини берди. Биз ёшлар сонининг дунё миқёсида ортиб бораётганини инобатга олиб, уларнинг таълим олиши, соғлиги, фаровон ҳаёт тарзини таъминлаш йўлидаги режа ва мақсадларни биргаликда ишлаб чиқишимиз зарур. Ушбу тадбир бизга шундай имкониятни бергани билан ҳам аҳамиятлидир.
Рафаэл ХАЖИБАЙЛИ,
Озарбайжон Миллий ёшлар ташкилотлари ассамблеяси раҳбари:
— Бугун ёшлар эртаси йўлидаги умумий мақсад ва масъулият атрофида тўпланганимиз мени жуда қувонтиради. Биз турли мамлакатлардаги ёшлар овозлари ва ғояларини бир жойга йиғамиз, бизни бирлаштирувчи мақсад — келажак авлод учун ёрқинроқ ва яхшироқ келажак яратишдир.
Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, жорий йилнинг август ойида Озарбайжон Республикаси Президенти жаноб Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди, бу икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқалар ривожида янги саҳифани очди. Миллий ёшлар кенгаши сифатида биз ушбу ташрифда белгиланган йўналишларни амалга ошириш ва етакчиларимиз томонидан белгиланган мақсадларга эришишга ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Озарбайжон ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини, хусусан таълим, стартаплар ва ижтимоий тадбиркорлик соҳаларида тажриба ва амалиётлар алмашинувини кўришимиз мумкин.
Лиу ХИ,
«Hi China» Халқаро ёшларни ривожлантириш алянси президенти:
— Ёшлар миллий тараққиёт ва халқаро муносабатларни ривожлантиришда ҳал қилувчи ўринга эга эканини чуқур англаймиз. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ёшлар сиёсати соҳасида ажойиб натижаларга эришди. Инновацион ва етакчиликка йўналтирилган кўплаб лойиҳалар орқали мамлакат келажаги учун мустаҳкам пойдевор ярата олди. Биз бу ютуқларни жуда юқори баҳолаймиз, албатта.
Биз келгусида Хитой ва Ўзбекистон ёшлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда алмашинув бардавом ва мустаҳкам бўлиши тарафдоримиз. Икки мамлакат ёшлари учун алмашинув дастурларини давом эттиришдан, ҳамкорликдаги лойиҳаларни ривожлантириш ва соҳа тараққиёти йўлида бир-биримизни қўллаб-қувватлашдан мамнун бўламиз.
Тадбиркорлик ва инновациялар замонавий иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучидир. Бизнинг ташкилот шу пайтгача 100 нафар хитойлик тадбиркор ва Ўзбекистон тижорий корхоналари ўртасида ҳамкорликни ташкиллаштирган ва келажакда ҳам тадбиркорлик ҳамкорлигини давом эттириш, тажриба, ресурслар ва бозор имкониятларини ўртоқлашишда ўзаро қўллаб-қувватлашни истайди. Икки давлат ёш тадбиркорларининг инновация ва тадбиркорлик соҳаларида ҳам ҳамкорлик қилишларга умид қиламиз.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ
(«Халқ сўзи») ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг