Халқ мулкига айланган истеъдод

22:21 01 Март 2023 Маданият
1349 0

Фото: Архив сурат

1 март — Озод Шарафиддинов туғилган кун

Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов бугун ҳаёт бўлганида 94 баҳорни кутиб олган бўларди.

Заҳматкаш олим ўзининг ҳаққоний сўзи, ирода ва матонати билан ҳаётда ҳам, ижодда ҳам барчага ибрат кўрсатиб яшади. «Истеъдод — халқ мулки» деган эзгу тамойилга асосланиб, адабиётнинг янги иқтидорларини кашф этишга интилди. Яхши асар яратилганидан қувонган мунаққид уларни китобхонга яқинлаштиришга, уларнинг кўнгил мулкига айланишига бор куч ва салоҳиятини сафарбар этди.

Унинг «Замон. Қалб. Поэзия», «Адабий этюдлар», «Биринчи мўъжиза», «Адабиёт — ҳаёт дарслиги», «Чўлпонни англаш», «Ижодни англаш бахти», «Довондаги ўйлар» ва бошқа кўплаб асарлари халқимизнинг қалбини акс эттиргани, руҳини кўтаргани, адабиётга, истиқлол ғояларига садоқатини юксалтиргани учун ҳам асрлар оша ўз аҳамиятини йўқотмаслиги шубҳасиз.

«Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан»*

Сеҳрли мусиқадай жарангловчи бу ажиб сўзларни илк бор болалигимда — уруш бошланган йили эшитгандим. Ёш томошабинлар театрининг Эски Жўвадаги алмисоқдан қолган торгина зали. Одам тирбанд. Саҳнада паст бўйли, кулча юзли, истараси иссиқ артист кўзлари чақнаб, овозини бир кўтариб, бир пасайтириб ҳаяжон билан шеър ўқимоқда:

Ватан — она сўзи нақадар лазиз,
Сенсан ҳар нарсадан мўътабар, азиз,
Ҳурматингни сақлар ҳар бир олғил-қиз,
Муқаддас, мўътабар, улуғ Ватаним,
Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан…

Кўп ўтмай театр залида ўтирганим ҳам, шеърни саҳнада артист ўқиётгани ҳам унут бўлди. Шеър мисралари ва, айниқса, ҳар банд охирида такрорланаётган «Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан» деган ибора гўё юрагимда туғилиб, ичимдан жўшиб чиқаётгандай. Учта оддий сўздан таркиб топган бу оташин хитоб шеър эмас, бутун умр бўйи амал қиладиган тантанавор қасамдай жарангларди. Кейин чинданда шундай бўлди — Уйғун қаламига мансуб бу мисра бутун умрим мобайнида менга ҳамроҳ бўлиб келмоқда. Қадамим етиб борган турли маконларда, турли шароитларда бу мисра мендан сўраб ҳам ўтирмай, бирдан қалбимда жаранглаб кетади. Шунда юртимизнинг сахий қуёшидан баҳраманд бўлган ям-яшил далалардай кўнглим ёришиб кетади. Томирларимда янги куч югураётгандай ўзимни бардам сеза бошлайман.

Ватан. Ватан туйғуси. Ватан муҳаббати. Нимадир булар? Булар қандай сеҳрли қудратки, ҳали вояга етмаган, дунё кўрмаган, турмушнинг паст-баландларидан бехабар, ўйину шўхликлардан ўзга дарди йўқ бир ўсмирнинг юрагига жо бўлиб олиб, бутун умр унинг хатти-ҳаракатини, юриш-туришини бошқариб туради. Бу туйғу инсон фарзандида туғма бўлармикин? Ёки гўдак тамшана-тамшана онасини эмганида, она сути билан бирга бу туйғу унинг ҳам томирларига югурармикин? Умуман, «Ватан» деганнинг ўзи надир? Туғилиб ўсган уйингми? Бешикда қулоғингга кирган мунгли ва айни чоғда нурли аллами? Бувингнинг эртакларими? Мактабми? Илк бор висол онларига гувоҳ бўлган сўлим хиёбонларми? Албатта, буларнинг ҳаммаси ва яна аллақанча нарсалар бирлашиб, «Ватан» деган нарсанинг сўнмас тимсолини яратса керак. Ва яна ўйлайманки, боланинг мурғак қалбидаги илк бор пайдо бўлган Ватан тимсоли ҳар қанча ёрқин бўлмасин, ҳали ўзининг шаклу шамойилини тўла топиб улгурмаган бўлади. Ватан туйғуси инсоннинг ўзи билан бирга ўсиб-улғаядиган туйғу бўлар экан. Тажрибангиз ортгани сари, ҳаёт дошқозонида қайнаб пиша борганингиз сари Ватан деган нарсани чуқурроқ қадрлайдиган бўлиб қоласиз, Ватан ҳақидаги тасаввурингиз тўлишиб, кенгайиб, бойиб боради. Ватан туйғуси бутун вужудингизни қамраб олади, ҳар бир ҳужайрангизга томир ёзади. Сиз энди англай бошлайсизки, Ватан нафақат жўшқин ёшлик дамлари билан боғлиқ сўлим маскандир. Инсон ҳам ниҳолдай гап — уни ундириб ўстирадиган она замин бор, қуёш, сув, ҳаво уни ўз неъматларидан баҳраманд қилади. Шунинг учун буларнинг бари инсон учун азиз ва ардоқли. Лекин булар ҳали тугал Ватан эмас. Одамзод шундай яратилганки, у бошқалардан ажралган ҳолда, якка-ёлғиз, сўппайиб умргузаронлик қилолмайди. Тўғри, одамлар орасида таркидунё қиладиганлари, танҳоликни ёқтирадиганлари, ҳеч кимни жини суймайдиганлари ҳам бор. Аммо улар ҳар қанча танҳо бўлмасин, элу юртдан юз ўгириб, ҳар қанча ғорлар ичида макон қилмасин, барибир, минглаб ришталар орқали одамлар билан, дунё билан боғлиқ бўлади. Ҳатто умрининг ярмини хумни ватан қилиб ўтказган қадимги юнон файласуфи Диоген ҳам, барибир, шогирдлари билан, бошқа файласуфлар билан алоқада яшаган. Ота-оналар, фарзандлар, қариндош-уруғлар, ёру биродарлар, дўстлару дугоналар ҳар қандай инсон ҳаётига турфа хил маъно ато қилади. Одам уларни яхши кўриш, улар билан иноқ яшаши мумкин, уларни ёқтирмаслиги ҳам мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам уларнинг ҳаммасидан юз ўгириб, ҳаммасидан бутунлай кечиб кетиб бўлмайди. Хуллас, қариндош-уруғ, дўсту биродарлар, маҳалла, жамоа, қолаверса, бутун жамият одамнинг ўсиб-улғайишида, умргузаронлигида истаса-истамаса унга таянч бўлади, унинг парвозига қанот беради. Шунинг учун «Ватан» тушунчаси муайян жўғрофий ҳудуднигина қамраб олмайди, балки унинг таркибига бутун жамият, унинг кечаги куни, бугуни ва эртаси ҳам киради. Шунинг учун мен «ўлсам айрилмасман қучоқларингдан» дея бот-бот такрорлаганимда биламанки, мен ватанимга керакман. Кимлигимдан, ёшу қарилигимдан, касбу коримдан қатъи назар. Биламанки, менсиз Ватанимнинг нимасидир кемтик, нотўкис бўлиб қолади. Айни чоқда шуни ҳам биламанки, Ватаним менга кўпроқ керак. Ватан менсиз яшаши мумкин, лекин мен ватансиз яшаёлмайман! Ростда! Мен етмишга кириб, умримда нимаики рўшнолик кўрган бўлсам, шу Ватаннинг бағрида унинг саховати туфайли, «бир меҳрибон қўл» билан пешонамни силагани туфайли кўрдим. Албатта, турмуш бўлгандан кейин унинг ўзига яраша ташвишлари, қийинчиликлари бўлади, оёғингиз остидан катта-кичик муаммолар чиқиб туради. Лекин, сирасини айтганда, чолу кампир иккимиз «муроду мақсадга етиш» арафасида бола-чақаларимиз билан бирга устимиз бут, қорнимиз тўқ, еганимиз олдимизда, емаганимиз кетимизда, тинч, хотиржам ҳаёт кечирмоқдамиз. Бировдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан тили қисиқ жойимиз йўқ. Мен бунга баъзан ўзимда йўқ хурсанд бўламан, Яратганга беадад шукроналар қиламан, баъзан эса Ватаннинг менга кўрсатган беҳисоб иноятларига, элу юрт ардоғига муносиб жавоб бера олаётганим йўқ, Ватан олдидаги фарзандлик бурчимни тўла ўтаёлмаяпман деб ўкиниб қўяман. Бу ўкинч мени кўп нарсалар тўғрисида ўйлашга ундайди. Ахир, бу беқиёс гўзал Ватан Аллоҳнинг эл қатори менга ҳам атаган буюк туҳфаси. Мендан аввал ўтган авлод-аждодларим уни жамики бетакрор жозибаси билан, туганмас хазиналари билан менга мерос қолдирган. Хўш, нима қилмоқ керак? Текин мерос экан деб унинг бойликларини бир чеккадан совураверишим керакми? Ахир, ётиб еса тоғ чидамас экан. Йўқ, орқа-олдимизга қарамай совуриш йўлини тутадиган бўлсак, бу гўзал ўлка уч-тўртта авлоднинг умри ўтмасданоқ одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куядиган дашту биёбонга айланадию, биз ҳаммамиз келажак авлодларнинг қарғишига учраймиз. Бахтимизга, ўтган авлод-аждодларимиз бизга Ватанни мерос қилибгина қолдирган эмаслар, балки бу Ватанни чин юракдан севишни, унга фидокорлик билан хизмат қилишни, унинг ҳуснига ҳусн, бойлигига бойлик қўшишни ҳам мерос қолдиришган. Ватанни севмоқ имондандир, деб таълим беришган улар. Демак, ҳар бир одам учун Ватанни севиш ҳам фарз, ҳам қарз.

Шу ўринда бир шоирнинг Ватан севгиси ҳақидаги атиги тўрт мисрада айтган бир гапи эсимга тушиб кетди: «Ватан» учун кимлар нималар қилмаган? Бировлар Ватан деб жон фидо қилган, бировлар ватан деб гап сотган…” Мен ҳеч кимни маломат қилмоқчи эмасман, бунинг учун менинг ҳаққим ҳам йўқ. Лекин, назаримда, шундай туюладики, биз кейинги вақтларда Ватанга муҳаббатимизни кўпроқ «гап сотиш» йўли билан ифодалашга берилиб кетганга ўхшаймиз. Назаримда, «тарбия», «ватанпарварлик тарбияси» деган нарсани ҳам бутунлай бир томонлама тушунамиз, шекилли. Қанча кўп гапирсак, гапларимиз қанча тум-тароқ, баландпарвоз бўлса, тарбиявий ишларимиз шунча яхшиланаётганга ўхшайди. Ҳолбуки, буларнинг бари билимимизнинг саёзлигидан, маданий савиямизнинг пастлигидан, қолаверса, гапираётган гапимизни ўзимиз қадрламаслигимиздан туғилади ва бу сий­қалик охир-пировардида, энг ноёб, энг инжа туйғуларимизни ҳам ўтмаслаштиради. Натижада, «Ватан севгиси»нинг қадри пасайиб, баҳоси тушиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Бир мисол келтираман: кейинги пайтларда анча-мунча одамлар телевизор орқали ёки матбуот саҳифаларида сира хижолат тортмай «мен фалон соҳада Ватан учун 30, 40 ёки 50 йил хизмат қилиб қўйганман» дея мақтанадиган бўлиб қолишди. Бироқ одам ўзи тўғрисида шунақа деганида қилган хизматларини писанда қилаётганга ўхшаб кетади. Албатта, бирор соҳада 30 йилми, 40 йилми ишлагани жуда яхши — бунинг учун фақат раҳмат айтиш ва пуллар билан рағбатлантириш керак. Лекин нима учун буни — бутун умр бўйи тирикчилигини ўтказиш учун маош олиб қилган ишини ўзининг ватанпарварлиги деб тақдим этиши керак?

Ватанни севиш ва, айниқса, бу севгини амалда намоён қилиш унчалик осон иш эмас. Бу одамдан жуда катта жасоратни, бардошни, чидамни талаб қилади. Қизиғи шундаки, Ватан ўз фарзандларидан ҳар ойда, ҳар ҳафтада, ҳар соат, ҳар сонияда жон фидо қилишни талаб қилмайди. Ватан йўлида содир бўладиган бундай фидокорлик энг юксак, энг олий фидокорлик бўлиб, у фавқулодда ҳолларда рўй беради. Лекин Ватан севгиси одамдан бир қарашда маҳобатли кўринмайдиган, инсоннинг оддий фаолиятидан кам фарқ қиладиган, аслида эса жуда машаққатли меҳнатдан иборат бўлган кундалик жасоратни талаб қилади. Бу ўринда бугунги одамларга жуда яхши ўрнак бўладиган яна бир тоифа чин ватанпарварлар авлоди ёдимга тушди.

1914-ми ёхуд 1915 йилгими — аниқ эсимда йўқ — жадид газеталаридан бирида кичкина ахборот эълон қилинган. Ундан маълум бўладики, жадидлар маърифат ишлари йўлида хайрия кечаси ўтказган эканлар ва кеча оқибатида маълум миқдорда пул тушган экан. Газетадаги ахборотда ана шу пул тийинма-тийин нималарга сарфлангани аниқ кўрсатилган. Бу ишларнинг барини жадидлар шовқин-суронсиз, бирон оғиз мақтанишсиз, писандсиз ва тамасиз амалга оширганлар. Ва ниҳоят, мана шу хизматлари учун шўролар замонида қамалиб, кўпчиликлари отиб юборилган ёхуд ўзга юртларга бадарға қилиниб, уруғлари қуритилган. Уларнинг бундай беминнат фидокорликлари биз учун мангу ибрат бўлиб қолмайдими? Бизнинг эса ҳамон топганимиз гап… гап… гап… Бири-биридан чиройли, бири-биридан пурвиқор, бири-биридан дабдабали ва бири-биридан пуч, мағизсиз гаплар, самимиятдан узоқ гаплар. Қўрқаманки, бу ҳавойи гаплар ҳатто бизнинг пича риёкорлигимизни ҳам ошкор қилиб қўяди.

Сезиб турибман — шу ўринда бир табиий савол туғилиши мумкин — мақолада Ватан севгиси оғизда эмас, амалда, ишда намоён бўлмоғи керак деган гап кўп айтиляпти. Хўш, бугунги оддий одам нима қилмоғи, Ватанга муҳаббатини қандай намоён этмоғи керак? Ахир, тарихда қиладиган улуғ жасоратларни ҳамма ҳам, ҳар куни қилавермайдику? Менимча, Ватан йўлида бир ишни қилишни истаган одам, аввало, тарихга кириш ҳақидаги ўйларини бир чеккага йиғиштириб қўймоғи керак; чунки бир шоир айтганидек, аввал ишни қойил қилмоқ керак, шон-шуҳратни эса кейин бўлишиб олинаверади. Ҳаёт эса ҳамма вақт жасорат кўрсатишга имкон беради — жасоратлар, фидокорликлар фақат фавқулодда одамларнинг маҳрига тушган эмас. Президентимиз такрор-такрор айтадиган бир ибора бор — «Савоб ишни ҳар ким қилмоғи, ҳар куни қилмоғи лозим». Фақат бир нарсани айтмоқ жоизки, савоб ишлар, шу жумладан, Ватан равнақи йўлидаги ишлар ҳеч қачон аввалдан тасдиқланган рўйхат бўйича, бировларнинг кўрсатмаси билан қилинмайди. Ҳар ким ўз ақл-заковати билан, ўз қалбининг амрига кўра қудрати етган даражада, имкони бор даражада Ватан, элу юрт йўлидаги ишларни қилади.

Ватанга муҳаббатингизни амалда намоён қилмоқ учун фалон қилинг, пистон қилинг деб кўрсатма беролмайман. Ҳаётнинг ўзида сиз қилишингиз мумкин бўлган юмушлар оёқ остидан чиқиб қолади. Ҳозир ўзи турган жойда ободончилик ишларига ёрдам бераётган, мактабларга, болалар боғчаларига кўмаклашаётган, ижодкорларнинг китобларини чоп эттиришга мададлашаётган, қўли қисқароқ оилаларга болаларнинг тўйларини ўтказиб бераётган ва яна қанчадан-қанча саховатпеша ишларни қилаётган одамлар ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди. Буларнинг бари элу юрт равнақи йўлида қилинаётган савоб ишлардир. Агар бордию, бунақа ишларга ҳам қурбингиз етмаса, ҳечқиси йўқ, ўкинманг — жилла бўлмаса, тўрт-беш туп дарахт экинг, ҳовлингиз атрофини обод қилинг, лоақал, эшигингиз тагига бир туп қирқоғайни экингки, ўтган-кетганлар яшнаган гулларни кўриб, ичларида «баракалла» дейишсин. Бундай ишлар ҳам юртимизнинг ҳуснига ҳусн, чиройига чирой қўшадику.

Одам ота-онасини танлаёлмаганидек, Ватанни ҳам танлаёлмайди. Албатта, Аллоҳ одамга Ватанни музликлардан ҳам, саҳролардан ҳам, чангалзорлардан ҳам ато этиши мумкин. Лекин сиз билан бизга Аллоҳ Ўзбекистон деб аталган, тупроғида олтин гуллайдиган, қишларида баҳор шивирлайдиган, тоғ деса тоғи бор, боғ деса боғи бор, ҳар тонгда булбуллар мадҳини ўқиб тамом қилолмайдиган бир юртни Ватан қилиб берган экан, бунинг учун ўзимизни БАХТЛИ деб билмоғимиз керак. Президентимиз айтганидай, шукроналар билан яшамоғимиз керак. Ватан бизга ато этилган улуғ неъмат экан, Ватанга муҳаббат ҳам ҳар биримизга берилган улуғ неъматдир.

Озод ШАРАФИДДИНОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони.

* «Маънавий камолот йўлларида» номли китобидан ўрин олган ушбу мақола жузъий қисқартиришлар билан ҳавола қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер