Халқ билан мулоқотда ишончли кўприк

14:30 24 Июнь 2023 Сиёсат
893 0

Фото: “Халқ сўзи”

Биз барпо этаётган ҳуқуқий демократик давлатда
сўз ва матбуот эркинлиги доимо Бош қомусимиз ва
қонунларимиз ҳамда Президент ҳимоясида бўлади.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Улуғ бобомиз Алишер Навоий ҳазратларининг “Агар огоҳсен сен — шоҳсен сен” деган ҳикмати ахборотга эга инсоннинг имкониятларини, куч-қудратини бадиий ифода этади.

Дарҳақиқат, муайян воқеа-ҳодиса ҳақида тўлиқ маълумотга эга киши вазиятга ҳаққоний баҳо бера олади, у адашмайди, алданмайди, тўғри йўлдан чалғимайди. Фақат ушбу ахборот реал, ҳаётий далилларга асосланган, чин ва ишончли бўлса!

Шу маънода, бугун ҳаётимизни оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилишнинг иложи йўқ. “Тўртинчи ҳокимият”, деб аниқ таъриф берилган ОАВ турли воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар бериб, жамоатчиликнинг онгига таъсир кўрсатади, маънавий-маърифий вазифаларни бажаради.

Журналистиканинг тадрижий ривожи далолат беришича, унинг тараққиётидаги асосий йўналишлардан бири инсоннинг мулоқотга бўлган талабини тўла қондириш, яъни унга ижтимоий аҳамиятга эга ахборотни етказишдан иборат бўлган.

Қулай ва тушунарли шакл

Қадим замонлардаёқ инсоннинг ўзи алоқа воситаси бўлган, яъни турли янгиликларни шомонлар, ровийлар ва башоратчилар тарқатишган. Хабарлар қоятошлар, пергамент ва тахтачаларда акс эттирилган.

Журналистиканинг илдизлари антик дунёга бориб тақалади. Ўша вақтда ёзув энди пайдо бўла бошлаган, алифбони эса фақат аристократлар, нуфузли давлат хизматчилари билишган холос. Турли-туман долзарб янгиликларни тўплаш ва тарқатиш билан шуғулланувчи дастлабки хизматлар ҳам вужудга келган. Хабарлар, асосан, жарчилар ва чопарлар ёрдамида одамларга етказилган.

Лекин аниқ ва ишончли ахборотни бир-бирига етказиш жараёнида мазмунан ўзгариб кетмаган хабарларни билиш истаги тўплам кўринишидаги қўлёзмалар пайдо бўлишига олиб келди.

Қадимги Римда чиққан “Acta Diurna Populi Romani”, “Acta Publica” ва “Acta Senatus” каби нашрларни, ўта жўн бўлса-да, замонавий ОАВнинг “илдизлари” дейиш мумкин. Эътибор берилса, ана шу ахборот манбаларининг номларида такрорланаётган биринчи сўз “Acta” — “ҳужжат” деб таржима қилинади. Кўриниб турибдики, қадимий “газеталар” давлат ҳужжати мақомида бўлган.

1440 йилда Иоганн Гуттенберг томонидан кўчма литерли босма дастгоҳ яратилди ва бу матбуот, журналистиканинг ривожланишига туртки бўлди. Ижтимоий институт сифатида пайдо бўлган матбуотнинг ватани сифатида ҳарбий Европа ҳудуди тан олинади.

Биринчи газета, деб Бельгиянинг “Niewe Tydingen” (“Барча янгиликлар”) нашрини айтиш мумкин, у тахминан 1605 йилдан эътиборан Антверпенда чиқа бошлаган. 1702 йил 11 мартдан эса Лондонда илк кундалик газета — “Daily Courant” (“Кундалик хабарнома”) чоп этила бошланди.

ХIХ аср оммавий босма нашрларнинг юзага келиши даври бўлди. Бу жараён АҚШ ва Европада деярли бир пайтда давом этди. Америкада эса илк бора турли аудиторияга мўлжалланган арзон, оммабоп газета — “pennypress” феномени юзага келди.

Нью-Йорк аҳолиси 218 минг кишига етган 1833 йилда эса энг йирик кундалик нашр ҳисобланувчи газетанинг атиги 4500 нафар обуначиси бўлган. Америкада ўртаҳол ишчининг маоши кунига 75 центни ташкил этган ўша даврда нашрнинг нархи 6 цент эди ва уни сотиб олишга ҳамманинг ҳам қурби етмасди. Ўша даврда газеталар қўл дастгоҳларида босилар ва бу дастгоҳ бир соатда бир неча юз нусхагина чиқара оларди, холос. Лекин кўп ўтмай вазият ўзгарди. “The Sun” газетасининг бир нусхаси бир пенсдан сотила бошланди. Буни болалар бажаришди: газета сотиш учун кўчага чиқарилган ёш болалар ўша давр учун ўзига хос “инновация” эди.

Тўрт долларга шундай одам ёллашдики, у суд жараёнларида қатнашар ҳамда полиция хабарлари тасмасини тайёрлар эди. Ҳа, бу — репортёрдан фойдаланиш бўйича биринчи тажриба эди. Тўрт ой ичида “The Sun” газетаси шаҳарда энг оммавий нашрга айланди.

Илк газеталар пайдо бўлиши билан одамлар улар орқали ахборот олишга эҳтиёж сеза бошлашди. Газеталар дастлабки оммавий ахборот воситаларига айланди, улар бутун дунёда одамлар учун асосий ахборот манбаи бўлди. Янги технологиялар, рақамли ахборот воситалари пайдо бўлишига қарамай, ҳозир ҳам кўп одамлар ҳамон газета ўқишни афзал билишади. Бу эса газетанинг бошқа, рақамли манбаларга қараганда ахборотни қулайроқ ва тушунарлироқ шаклда тақдим этиши билан боғлиқдир.

Жадид боболар орзуси

Мамлакатимизда ҳам матбуот дунё анъаналарига мос тарзда ривожланмоқда. Ҳар йили 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни сифатида нишонланади. Бу касб байрами матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг давлат суверенитети ғояларини тарғиб қилиш, демократик жамият қуриш, аҳолини Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги хизматларини эътироф этиш мақсадида, шунингдек, кўп сонли журналистлар, адабиётчилар, олимлар ва кенг жамоатчиликнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда таъсис этилган.

Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари кунининг таъсис этилиши алоҳида воқеа, яъни 1906 йил 27 июнда ўзбек тилидаги илк нашр — “Тараққий” газетасининг биринчи сони чиққан сана билан боғлиқ.

Бу газетага тошкентлик жадид боболаримиз асос солишган. Газетанинг шиори “Нажот: маслакда сабот, тўғриликда ижобат” эди. Нашр охирги сонигача ўзининг шиорига содиқ қолди. Ўз саҳифаларида ўша даврда Туркистон диёрида рўй берган ижтимоий-сиёсий жараёнлар ҳақиқат ва адолат тамойиллари асосида ёритилди. Маҳаллий аҳолига мустамлакачилик сиёсатининг моҳияти, миллий зулм, мустабидлик нима эканлиги, озодлик қанчалик буюк неъматлигини англатишга ҳаракат қилинди. Натижада газета тезда маҳаллий халқ орасида катта обрўга эга бўлди.

Саводхон кишилар газетани мустақил ўқишган бўлса, бошқалар уни чойхона ва бозорларда тинглашарди. У жуда тез оммалашиб, таъсирчан бўлиб кетди. Айниқса, жадидларнинг, ёзувчи ва шоирларнинг мақола ҳамда ҳикоялари босила бошлаганида ҳокимият ташвишга тушиб қолди. “Тараққий”нинг 19-сони чиққач у ёпилди, таҳририятнинг мулки эса мусодара қилинди. Бош муҳаррир ва бир қатор ходимлар қамоққа олинди.

Бундан юз йиллар аввал чоп этилган мазкур нашрнинг тарихи ҳам оммавий ахборот воситалари ходимларининг меҳнати жуда мураккаб ва масъулиятли эканини кўрсатади. Негаки, журналистларда энг кучли қурол — сўз бор. Улар халқ манфаатини фидойиларча ҳимоя қилади, эзгулик ва яратувчанлик элчилари бўлиб майдонга чиқади. Улар астойдил меҳнат, юксак эътиқод, касбига садоқат ва албатта, илҳом соҳибидир. Аммо илҳомнинг ўзи етарли эмас. Журналистика чинакамига “тўртинчи ҳокимият” бўлиши учун муайян шарт-шароитлар яратилмоғи лозим. Шундагина у чинакам кучга, қудратга айланади. Жадид боболаримиз орзу қилганидек, доим ўз маслагида собит туради, ҳақиқатни тўла рўёбга чиқаради.

Фото: “Халқ сўзи”

Ўзгаришларнинг яна бир ҳаётий ифодаси

Бугунги кунда юртимизда сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилувчи қонуний асослар шакллантирилган.

2016 йилдан бошлаб мазкур соҳада чинакамига бурилиш юз берди. Президент Шавкат Мирзиёев сиёсий иродаси ва қатъияти боис мамлакат дунёга очилди. Юртимизда халқ билан мулоқот қилиш, очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жамиятда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, сўз эркинлигини таъминлашга алоҳида урғу қаратилди. Бу борадаги ишларда оммавий ахборот воситалари ходимларига катта ишонч билдирилиб, давлат раҳбари уларни энг яқин кўмакчиси сифатида билишини эътироф этди.

Шу билан бирга, соҳа олдига энг муҳим вазифалар қўйилди. Давлатимиз раҳбари 2017 йилда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида таъкидлаганидек, халқ билан мулоқот, одамларнинг орзу-интилишлари, дарду ташвишлари билан яшаш давлат сиёсати даражасига кўтарилаётган бугунги кунда ҳар бир оммавий ахборот воситаси чинакам мулоқот майдончасига, эркин фикр минбарига айланган тақдирдагина биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга эриша оламиз...

Албатта, барчамиз яхши тушунамиз, бунинг учун оммавий ахборот воситалари вакилларидан нафақат профессионал билим ва малака, ҳаётий тажриба, ўз сўзи учун масъулият ҳисси, айни вақтда юксак гражданлик позицияси, маънавий жасорат ҳам талаб этилади. Бундай мақсадга эришиш учун оммавий ахборот воситаларига қонунчилик нуқтаи назаридан, моддий-техник, ўқув-услубий таъминот нуқтаи назаридан янада кенг имкониятлар яратиб беришимиз керак.

Замонавий миллий журналистика мактабини яратиш кўп жиҳатдан, аввало, юксак маънавий-интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, бугунги кун талабларига жавоб берадиган малакали кадрларни тарбиялаш билан чамбарчас боғлиқдир.  

Ўтган давр мобайнида ана шу талаб ва мезонлар ҳаётга дадил кўчмоқда. Сўз эркинлиги тўғрисидаги меъёрлар янгиланган Конституцияга киритилди, шунингдек, ОАВни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни, ахборот эркинлиги ва жамиятда фикрлар хилмахиллигини, ахборот маконида рақобат муҳитини шакллантиришни таъминлашга қаратилган қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Қисқа муддатда республикада оммавий ахборот воситаларини халқ билан мулоқот учун ишончли кўприкка айлантириш, замонавий ахборот хизматлари бозорини ривожлантириш, масс-медиа орасида соғлом рақобатни кучайтириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳада “Устоз — шогирд” анъанасини кучайтириш ва ходимларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Бугунги сўз эркинлиги, ҳар бир инсоннинг ўз фикрини ОАВ, интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар орқали дадил билдираётгани, мутасадди ташкилотларга ҳеч қандай тўсиқларсиз етказаётгани мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларнинг яна бир ҳаётий ифодаси, десак, айни ҳақиқат.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг сони 2016 йилдагига нисбатан деярли 30 фоизга ортди ва айни пайтда 2 мингга яқинни ташкил этмоқда. Хусусий ОАВ ҳам тобора муҳим ўрин эгалламоқда, бу эса — жамиятда фикрлар хилмахиллигини таъминлаш, туб ислоҳотларни рўёбга чиқариш, жойлардаги камчилик ва муаммоларни дадил кўтариб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Миллий ахборот маконида интернет-нашрлар сони кейинги олти йилда деярли икки бараварга ортиб, 677 тага етди. Натижада давлат ва нодавлат ташкилотларининг ахборот манбалари янада ортиб, аҳоли билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларга тезкор муносабат билдириш, турли мавзулар бўйича очиқ, холис ва танқидий фикр билан чиқишда катта имкониятлар пайдо бўлмоқда.

Нодавлат электрон ОАВ, газета ва журналлар, нашриёт ва босмахоналар сони кўпайиб бораётгани ҳам эътиборга лойиқ.

Ҳокимлик ва бошқарув органларининг жамоатчилик билан алоқасини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилмоқда. Жумладан, давлат органлари мунтазам равишда матбуот анжуманлари, брифинглар, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларга, миллий дастур ва стратегияларнинг рўёбига бағишланган очиқ мулоқотлар ўтказиб келмоқда.

Давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ахборот хизматлари минглаб расмий веб-сайтларини ва ижтимоий тармоқдаги каналларини очишган. Оммавий ахборот воситаларининг танқидий чиқишларига нисбатан тезкор жавоб бериш, вазирлик, идора ва ҳокимиятларнинг ахборот хизматлари томонидан фикр ва позициялар билдириш механизми йўлга қўйилди, бу ўзининг ижобий натижасини кўрсатяпти.

Давлатимиз раҳбари масс-медиа олдига янги долзарб вазифаларни қўйиб келмоқда — улар миқдор кўрсаткичларини сифат кўрсаткичларига айлантириш, миллий журналистикани янада юқори ривожланиш даражасига олиб чиқишга қаратилгандир. Шу мақсадлар йўлида тинмай меҳнат қилиш, илғор хорижий тажрибани, замонавий ахборот технологиялари ва таҳлилий услубларни ўрганиш, доимий изланишда бўлиш, миллий журналистикамизнинг янги авлодини тарбиялаш лозим.

Соҳа учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш ҳамиша диққат-эътиборда. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаолият юритмоқда, шунингдек, пойтахт ва вилоятлардаги қатор олий таълим масканларида журналист кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.

Аммо кўплаб ютуқларга қарамай ҳамон камчиликлар учраб турибди. Масалан, Президентимиз томонидан баъзи жойларда ОАВ ходимларига менсимай қараш, уларнинг ўз ваколати доирасида эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учраётгани ҳам тилга олинди. Шу муносабат билан мамлакат раҳбари қатъий таъкидладики, биз қураётган демократик давлатда сўз ва матбуот эркинлиги ҳамиша Конституция, қонунлар ва Президентнинг ҳимояси остида бўлади.

Оммавий ахборот воситалари ходимларининг ўз фаолиятини қонун доирасида эркин амалга оширишига тўсқинлик қилиш — бу демократик ислоҳотларимизга қарши ҳаракат, мамлакатимизнинг обрўсига путур етказиш сифатида баҳоланиши керак. Суд ва прокуратура органлари бизга мутлақо ярашмайдиган бундай салбий ҳолатлар бўйича қатъий чоралар кўриши лозим.

¤тиш даврининг мураккаблиги сабабли бир қатор босма нашрлар қийин молиявий шароитга тушиб қолди ва кейинги йилларда газета маҳсулотларини эгасига етказиб бериш ҳам жиддий муаммога айланди. Ҳатто пойтахтнинг ўзида кўп қаватли уйларнинг йўлагига кириб ҳайрон бўласан: илгари почтачилар даврий нашрлар ва хатларни солиб кетадиган почта яшиклари қаерда қолди? Улар қандайдир сеҳрли тарзда йўқ бўлди. Тўғрида, почта ходими бешинчи ва ундан юқори қаватга деярли кўтарилмайди. Ахир газетани баъзан, ҳатто эшик тирқишига қистириб кетишнинг ҳам иложи йўқ.

Маънавият ва маърифатни бозорга солиб бўлмайди. Шундай экан, оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуотни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масаласига бозорнинг шафқатсиз олди-сотди қонуниятлари асосида қараш уларнинг инқирозига сабаб бўлиши мумкин. Бу эса жамиятда катта маънавий бўшлиқларнинг юзага келишига замин яратади. Зеро, словениялик журналист ва ёзувчи Жарко Петан ёзганидек, “Келажакнинг буюклиги ҳақида сиёсатчилар, ўтмишнинг буюклиги ҳақида тарихчилар, бугуннинг буюклиги ҳақида эса журналистлар қайғуришлари керак”.

Далилларми ё ҳис-ҳаяжон?

Интернетнинг жадал ривожланиши журналистикада электрон нашрларнинг нуфузини оширди, улар энди жамиятда ўта муҳим ролни ўйнаяпти. Шу аснода электрон ОАВ босма нашрларни ҳам, телевидениени ҳам сиқиб чиқариши мумкин, деган фикрлар пайдо бўлди.

Аммо бу фикр ҳақиқатга яқин эмас. Телевидение пайдо бўлганида одамлар энди радио ҳам, босма нашрлар ҳам йўқ бўлади, дея бошлашди. Лекин бундай бўлгани йўқ. Кино ва театр ҳам йўқолади, дейишди. Бундай ҳам бўлмади. Бошқача айтганда, ахборот ташувчиларнинг янги авлоди илгари мавжуд бўлганларининг сафини тўлдириб боряпти, холос — ва бу эволюцион жараён. Интернет-медиа билан ҳам шундай вазият юзага келади. Босма матбуот ҳеч қачон йўқолмайди, ахир у — нафақат хабарлар тўплами, балки бутун бир анъанавий жараёнда.

Кўпинча, бутунжаҳон тармоғида бирор хабарни ўқир экансан, ўйланиб қоласан, киши: унда ёзилганлар ҳақиқатми, воқеа-ҳодисаларга берилаётган баҳо қанчалик тўғри? Айни шундай ёндашув сабаб улар келгусида анъанавий нашрларнинг вазифасини ўзига тортиб олади, деб ишониш қийин. Ахир баъзи интернет-медиа ахборот воситасини эмас, балки ҳис-туйғулар воситасини эслатадику?!

Энди анъанавий босма ОАВга келсак, улар, аввало, ишончлилиги билан ажралиб туради. Газета таҳририятидаги ходим ўзининг биринчи иш кунидаёқ шуни англайдики, у ҳар бир ёзган сўзи, ҳар бир айтган фикри учун жавобгар. Бунинг устига, кўпинча, далилларни бир нечта манба орқали текширади. Босма нашрда чиқадиган ҳар битта мақола бир неча босқичда таҳрирдан ўтади. Албатта, бу таҳрир давомида воқеани баён қилиш шакли, аниқлиги, оддий ва тушунарли бўлишига эътибор берилади. Керак бўлса, унинг устида қайта ишлаш учун муаллифга қайтарилади ҳам.

Алоҳида айтиш жоизки, газеталар анъанавий, аудитория учун одатдаги тушунарли форматга эга. Янгиликлар саҳифага жойлаштирилади. Уларни бошқа нарсага чалғимасдан ўқиб чиқиш ҳам осон. Бундан ташқари, газетада алоҳида бўлимлар, шунингдек, янгиликлар хроникаси, спорт ёки бизнесга бағишланган алоҳида устунлар мавжуд. Бу эса керакли ахборотни излаб топишни осонлаштиради.

Таҳририятларда меҳнатни, вазифаларни аниқ тақсимлаш, ходимларнинг илгариги авлодлари бошлаб берган хайрли анъаналар, ижодий мусобақа, яхши материал ёзишга интилиш каби хусусиятлар мавжудки, буларнинг барчаси босма нашрлар журналистларини доим изланишда бўлишга, салоҳиятини мунтазам бойитиб боришга, халқ ичида, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-армонлари билан яшашга ундайди. Газеталарнинг ҳамиша одамлар нигоҳида, эътибори марказида бўлишига хизмат қилади.

Бир неча сатр учун...

Давлатимиз раҳбари бир неча бор айтганидек: матбуот ходимлари халқимиз учун эркин, фаровон ҳаётни таъминлаш йўлида ўзини, ўз куч-қувватини аямайдиганларнинг биринчи қаторида бўлишга ҳаракат қилишади, шу боис ОАВ ходимларининг оғир ва масъулиятли меҳнатини муносиб баҳолаш учун давлатимиз барча имкониятларни сафарбар қилади.

Бир пайтлар бизнинг газетамизда ўзбек телевидениесининг таниқли сухандони Галина Мелникова ҳақида қизиқарли мақола чиққан эди. Унда келтирилишича, 60-йиллар охирида диктор “Ахборот” дастури олиб бораётган пайтда қаттиқ зилзила рўй берган. Ва Галина Виталевна бундоқ қараса... студияда унинг ёлғиз ўзи қолибди. Ўшанда Мелникова дастурни охирига етказган!..

Кўриниб турибдики, ҳақиқий журналист нафақат истеъдоди билан, балки меҳнатсеварлиги, садоқати ва илҳоми, балки жасорати билан ҳам ажралиб туради.

— Баъзан ҳаёт бизни ўтмишга қайтаради. Айрим воқеалар, айтилган сўзлар, севимли қўшиқлар эсга келади. Масалан, биз — журналистлар ҳақида: “Газетадаги бир неча сатр учун уч кечаю кундуз йўл юриш ва ухламаслик ҳам мумкин”, деб хотирлайди ҳамкасблари даврасида Г. Мелникова. — Бугунги кунда мухбирлар дунёнинг турли қитъаларига учадилар. Ўзбекистонда жуда кўп ижобий ўзгаришлар бўляпти. Ҳаёт ўзгарди. Ўзингни катта тезликка эга самолётда учгандай ҳис қиласан. Чунки қамраб олиш керак бўлган мавзулар шунчалик кўп ва ранг-баранг. Битта журналистик материални монтаж қилиш учун керак бўладиган янги, замонавий асбоб-ускуналар ҳам кўп. Мен ишлаган даврда журналистнинг ишини олдинги сафдаги жангчи фаолияти билан қиёслаш мумкин эди: тўғри, каскаси ва бронежилети йўқ, лекин асосийси — унинг хато қилишга ҳаққи йўқ. Бугунги кунда мен хурсандман. Негаки, матбуот ва телевидениеда нафақат мақтовли материаллар, балки танқидий лавҳалар ҳам бериляпти. Илгари бундай бўлмаган, энди эса вазиятни яхшилаш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш имкони бор. Мен журналистикани яна жарроҳликка ҳам ўхшатган бўлар эдим. Ҳар иккисига юксак касб маҳорати, билимдонлик, дадиллик ва одамларга муҳаббат каби хислатлар зарур.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник оммавий ахборот воситалари ҳақида шундай ижобий фикр билдирди:

— Бугунги кунда кўплаб журналистлар дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни ёритиш учун ўз ҳаётини ҳам гаровга қўяди. Мустақил ОАВ иши ҳозир ҳар қачонгидан ҳам муҳим, — деди дипломат.

Шу ерда Олий Мажлис Сенатининг Раиси Танзила Норбоеванинг ОАВ ходимлари ҳақида айтган фикрини ҳам келтириб ўтмасак бўлмайди:

— Сизлар энди қоғозда эмас, ҳаётда “тўртинчи ҳокимият”сизлар. Бугун сизлар мамлакат ривожига катта ҳисса қўшмоқдасиз. Сизнинг ҳар бир изоҳингиз, танқид ва таклифингизни биз, албатта, эътиборга оляпмиз. Ўзим кўп ахборот манбаларига ёзилганман, деярли барча шарҳларни ўқишга ҳаракат қиламан. Кейин уларни муҳокама қиламиз ва улар устида ишлаймиз. Ишонтириб айтаманки, ҳеч бир танқид ёки таклиф назаримиздан четда қолмайди.

...Кўпгина журналистлар билан суҳбатлашсангиз, улар ўзининг касбий фаолиятида босиб ўтган йўл шунчалик машаққатли бўлишини аввалига тасаввур қилмаганликларини айтишади. Биргина факт ва далилни олиш учун соатлаб изланиш, масала моҳиятини очиб бериш учун воқеалар марказида бўлиш, сўраб-суриштириш, одамлар руҳи, кайфиятини ҳис қилиш, ҳодисалар залварини юракдан ўтказиш, уларни қоғозга тушириш, айнан керакли сўзни танлаш учун ижодий тўлғанишлар — буларнинг ҳаммаси катта меҳнат эвазига эришилади.

Бизнингча, журналистика — деярли ҳар куни имтиҳон топширишни талаб қиладиган ягона ижод тури бўлса керак. Дейлик, ёзувчи битта асарни узоқ вақт давомида ёзиши мумкин. Рассом, мусиқачи ёки ҳайкалтарош ҳам шундай. Масалан, Леонардо да Винчи “Мона Лиза”ни бир неча йил давомида чизган. Журналистчи, айниқса, кундалик газетада ишлайдиган мухбир — уларда бундай имконият йўқ.

Қандай бўлмасин, деярли барча ҳамкасбларимиз тўғри йўлни танлашгани ҳақида бир хулосага келишган. Ахир улар ўз касбини ҳеч бир истисносиз яхши кўришади, у билан фахрланишади ва бусиз ҳаётини тасаввур ҳам қила олишмайди. Айнан ана шу, касбга бўлган муҳаббат журналистга илҳом бахш этади, унда ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилиш истагини уйғотади ва кучайтиради.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер