Кентукки штати Иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Кети Смит: биз Ўзбекистон билан ҳамкорликка тайёрмиз

15:32 30 Июнь 2022 Иқтисодиёт
862 0

АҚШ минтақалари билан амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Америка ишбилармон доира вакилларини мамлакатимизда бўлаётган жараёнларга жалб этиш доирасида Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов Кентукки штати Иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари Кети Смит билан учрашди.

Ўтказилган учрашув давомида Америка томони мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар, замонавий Ўзбекистоннинг устувор вазифалари, республикада хорижий бизнес вакилларининг иштирокини кенгайтириш, қулай шароитлар яратиш, иш ўринларини кўпайтириш, Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги савдо-саноат маркази сифатида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар олди.

Музокаралар чоғида мамлакатимиз ва Кентукки штати ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек, сув тақчил ҳудудларда самарали ирригация йўналишида АҚШ илғор тажрибасини ўрганиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

К. Смит Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, мамлакат аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилашга қаратилган юксак тараққиёт динамикаси Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашда қудратли кучга айланишини алоҳида таъкидлади.

Вазир ўринбосари, минтақанинг иқтисодий салоҳияти ҳақида гапирар экан, минтақада тупроқнинг юқори кальций миқдори туфайли асосий отчилик (ва кейинчалик пойга) майдонига айланганини айтиб ўтди. Шу билан бирга, ҳозирда Кентукки иқтисодиётида қишлоқ хўжалигидан ташқари, автомобиль ишлаб чиқариш, энергия ёқилғиси ишлаб чиқариш ва тиббиёт муассасаларида ҳам юқори натижаларга эришган, деб қўшимча қилди К.Смит.

Учрашув давомида таъкидланишича, Кентукки штати Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг асосий вазифаси иш ўринларини яратиш, сақлаб қолиш ва бизнес сармояларини рағбатлантириш, янги саноатларни жалб қилиш ва мавжуд компанияларнинг ўсиши ва кенгайишига ёрдам беришдан иборат. Шунингдек, ушбу идора тадбиркорлар, стартаплар ва кичик бизнес эгаларини қўллаб-қувватлайди ва ресурслар билан таъминлайди.

К.Смит сўзларига кўра, вазирлик Франкфорт шаҳридаги марказий офисидан ташқари, Европа ва Осиё мамлакатларида ўз ваколатхоналарига эга бўлиб, халқаро миқёсда ҳамкорлик қилиш имкониятлари устида доимо иш олиб боради. Шу ўринда, инвесторлар ва хорижий ишбилармонларни жалб қилиш мақсадида замонавий сайт ишга туширилганлигига урғу бериб, К.Смит мазкур ҳавола (https://ced.ky.gov/) орқали штат иқтисодий имкониятларига доир барча керакли маълумотларни олиш имконияти мавжудлигини айтиб ўтди.

Учрашув сўнгида, К.Смит мамлакатимиз билан алоқа ўрнатишга, Кентукки тажрибасини ўрганишга истак билдирган республика вакилларини кутиб олишга ҳамда штат ишбилармон доира вакилларини Ўзбекистон билан алоқаларини ўрнатишга ундашга тайёрлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 1792 йил 1 июнда Қўшма Штатларга қабул қилинган Кентукки ўзининг қулай қишлоқ хўжалиги шароитлари билан тарихан машҳур бўлиб, эчкичилик бўйича мамлакатда 5-ўрин, қорамоллар бўйича 8-ўрин, маккажўхори етиштириш бўйича 14-ўринда туради. Штат ялпи ички маҳсулоти 194 миллиард доллар, аҳолиси эса 4,5 миллион киши. Aвтомобилсозлик, энергетика ёқилғиси ва тиббиёт ҳам иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ҳисобланади. Кентукки йиғилган енгил ва юк машиналари сони бўйича AҚШ штатлари орасида 4-ўринда туради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?