Келгуси йилда асосий солиқ турлари бўйича ставкалар ўзгаришсиз қолдирилади

13:06 03 Декабрь 2024 Сиёсат
263 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқилишда ва «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 429-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари биринчи ўқишда жиҳатдан кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидагилар назарда тутиляпти.

Хусусан, келгуси йилда асосий солиқ турлари, жумладан фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, қўшилган қиймат солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ турлари бўйича ставкалар ўзгаришсиз қолдирилади.

Шунингдек, мобил алоқа хизматлари соҳасига инвестициялар миқдорини кўпайтириш, мобил алоқа ва интернет хизмати сифатини ошириш мақсадида мобил алоқа операторлари учун аксиз солиғи бекор қилинмоқда. Бундан ташқари, маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш, иш ўринларини легаллаштириш ҳамда солиқ бўйича Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар ваколатларини ошириш мақсадида уларга якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги ставкаларини фаолият тури ва жойлашган ҳудудига қараб белгилаш ваколати берилади.

Қонун лойиҳасига кўра, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ёллаган ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ўзлари учун белгиланган қатъий солиқнинг 50 фоизини тўлаш ҳуқуқини бериш ҳамда бозор ва савдо комплексларида фаолият юритаётган якка тадбиркорларнинг ёллаган ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини пасайтириш каби нормалар киритилмоқда.

Депутатлар томонидан бизнес учун солиқ ставкалари ўзгаришсиз сақлаб қолинаётгани мамлакатимизда инвестициявий муҳитга ижобий таъсир кўрсатиши, тадбиркорларнинг янада ривожланишига хизмат қилиши алоҳида эътироф этилди.

Муҳокамаларда халқ вакиллари маҳаллий Кенгашлар ваколатларини кенгайтириш бўйича ўз муносабатларини билдирди. Хусусан, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини маҳаллий кенгашлар томонидан белгилаш, сув солиғи ставкасига ҳамда норуда қурилиш материаллари учун қатъий белгиланган ставкаларга коэффициент қўллаш ва нашриёт-матбаа корхоналарини фойда солиғидан озод қилишга оид нормалар маъқулланди.

Шунингдек, Жаҳон савдо ташкилоти талабларига қонунчилигимизни уйғунлаштириш, атроф муҳитни асраш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш орқали солиқ базасини янада кенгайтиришга қаратилган чоралар қўллаб-қувватланди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши иқтисодиётда инвестициявий муҳитни яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида тенг шарт-шароитларни таъминлаш ҳамда бизнес юритишни енгиллаштиришга хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

«Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 429-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда консептуал жиҳатдан кўриб чиқилиши ҳам жуда эътибор марказида бўлди. Қайд этилганидек, республикамизда шаҳарлар тобора кенгайиб бориши натижасида туманлар ҳудудидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий чегараларига ўтиб бормоқда.

Бу эса ўз навбатида, шаҳарлар ва шаҳарчаларнинг маъмурий чегарасида жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонлари мавжуд корхоналар томонидан тўланадиган ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартибини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси билан, Солиқ кодексига шаҳарларнинг маъмурий чегараларида жойлашган туманларида қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғини 2 баравар кўп миқдорда тўлаш талабини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартириш киритиляпти.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шаҳар ва шаҳарларнинг маъмурий чегараларида жойлашган қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятини янада яхшилаш, уларга қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади. Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер