Келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади

Фото: Президент матбуот хизмати
Президентнинг ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқотида олий таълимдаги ислоҳотлардан асосий мақсад Ўзбекистонни минтақавий таълим ва илм-фан хабига айлантириш экани таъкидланди.
Масалан, ҳозирда 4 та олийгоҳ дунёдаги ТОП-мингталикка кирган. Яқин йилларда уларнинг сони 10 тага етказилади.
Шу билан бирга, олийгоҳларимизда хорижий ТОП-500 талик университетлар билан ахборот технологиялари, сунъий интеллект, агротехнология, тиббиёт, “яшил” энергетика каби устувор йўналишларда қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, чет элдаги ТОП-100 таликка кирган олийгоҳларнинг филиаллари очилади.
Бу мақсадларга эришиш учун келгуси йилда 10 дан зиёд халқаро ташкилотлар, 500 та нуфузли олийгоҳ ректорлари, 1 мингдан ортиқ халқаро экспертлар иштирокида Марказий Осиё халқаро таълим форуми ўтказилади.
Хорижлик талабалар сони 5 баробарга оширилиб, таълим экспорти 200 миллион долларга етказилади.
Давлат раҳбари педагогларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни илгари сурди:
• янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади;
• келгуси ўқув йилида давлат олийгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилади;
• ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади;
• келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади;
• фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинамиз. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади;
• бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади;
• дунёдаги ТОП-300 талик олийгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади;
• рейтингда 100 таликка кирган мактаб ва боғча, 20 таликдаги техникум, ТОП-10 та олийгоҳ педагогларига йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поездлар чипта нархларига 15-20 фоиз чегирма берилади.
«Икки Ренессанс давомида башариятга муаллимлик қилган халқимиз орасида устозларни эъзозлаш ва уларга эҳтиром кўрсатиш энг гўзал ва қадимий анъаналаримиздан бирига айланган.
Бугун Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш деган бағоят улуғ ва шарафли ишни бошлаган эканмиз, энг аввало, сиз – азиз устозлар ҳамда истеъдодли шогирдларингизга таянамиз.
Ишончим комил, сизлар билан бирга чин дилдан ҳаракат қилсак, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт мўъжизасини албатта ярата оламиз. Олдимизга қўйган юксак марраларга сизлар билан, эл-юртимиз билан бирга албатта етамиз!» деди давлатимиз раҳбари.
Президентимиз сўзининг якунида ўқитувчи ва мураббийларга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, ғоят масъулиятли ва шарафли фаолиятларида улкан ютуқлар, оилавий бахт-саодат тилади.
Тадбир давомида ўқитувчи ва талабалар, таълим ташкилотларининг раҳбарлари билан мулоқот қилиниб, уларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг