Каттақўрғон шаҳри ҳудуди кенгайтирилади

17:39 29 Июль 2025 Жамият
253 0

Архив фото

Қонунчилик палатасининг 29 июлдаги мажлисида «Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон ва Нуробод туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги Қонунчилик палатаси қарори лойиҳаси кўриб чиқилиб, қабул қилинди.

Таъкидланишича, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ҳудудини кенгайтириш орқали ўрта шаҳарлар тоифасидан катта шаҳарлар тоифасига ўтказилиши, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда аҳолининг ўсиб боришини инобатга олган ҳолда аҳолига қулай шароитлар яратиш, янги инфратузилма объектлари ҳамда кўп қаватли турар-жой комплекслари барпо этиш белгиланган.

Шундан келиб чиқиб Вазирлар Маҳкамасининг таклифига асосан, Каттақўрғон туманидан 1 945 гектар, Нуробод туманидан 971 гектар ер майдони Каттақўрғон шаҳри таркибига ҳамда Нуробод туманидан 600 гектар ер майдони Каттақўрғон тумани таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Ушбу чегаралар ўзгартирилиши натижасида янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилиб, қўшимча иш ўринлари яратилади. Хусусан,50 гектар майдонда «Ургут» эркин иқтисодий саноат зонаси филиали, шунингдек, 30 гектар майдонда 3 та кичик саноат зоналари ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ҳудудда 2030 йилга бориб саноат корхоналарининг сонини 332 тадан 500 тага етказиш, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни қарийб икки баробарга ўсишини таъминлаш режа қилинган. Аҳоли жон бошига эса саноат маҳсулотлари ҳажми1,5 баробарга ўсиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудда хизмат кўрсатиш соҳасида корхоналар сонини 981 тадан 1 285 тага етказиш ҳисобига жами хизматлар ҳажми 1,8 баробарга ўсиши, 2030 йилга бориб хизмат кўрсатиш соҳасида корхоналар сони 3 минг тага етказиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Каттақўрғон шаҳрида жами 71 млн. долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши, экспорт салоҳияти кенгайтирилиб 65 млн. долларга етказилиши ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот етиштириш бўйича қўшилган қиймат занжирини яратиш бўйича бажарилиши зарур бўлган вазифалар белгилангани ташаббускорлар томонидан айтиб ўтилди.

Бу ўзгаришлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, истиқболли режаларни белгилаш, аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудуд инфратузилмасини яратиш, шунингдек, янги ҳудудда белгиланган талаблар доирасида ижтимоий соҳа, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилишини ташкил этиш ҳамда шу орқали янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.

Мажлисда чегараларга ўзгаришлар киритиш масаласи тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, шунингдек, халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар, Каттақўрғон ва Нуробод туманлари Кенгашлари ҳамда вилоят Кенгашида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқулланганлиги қайд этилди.

Шунингдек, қарор лойиҳасида ҳудуднинг чегараларини ўзгартириш ва унда белгиланган вазифаларни тизимли бажариш мақсадида Ҳукуматга комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш юклатилди. Қарор лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?