Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда

12:10 05 Февраль 2026 Сиёсат
359 0

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бироқ амалдаги қонунчилик ҳужжатларида тадбиркорлик субъектларининг доимий равишда хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш мажбурияти ва масъулияти белгиланмаган.

Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигини таъминлаш тизими халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаслиги натижасида республикамизда озиқ-овқат маҳсулоти истеъмоли билан боғлиқ касалликлар, овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кузатилмоқда, бу эса, ўз навбатида, аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, соҳада назоратни кучайтириш ҳамда маҳсулот хавфсизлигининг умумий тамойилларини халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда белгилашга йўналтирилган қонунчиликни такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда.

Қонун билан озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари, ваколатли давлат органларининг соҳадаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштириш мақсадида Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги бўйича идоралараро кенгаш фаолияти йўлга қўйилиши назарда тутилмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигига доир санитария чоралари, қоида ва нормаларни ишлаб чиқиш ҳамда қўллаш тартиби санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш битими талаблари билан уйғунлаштирилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга, соҳада давлат назоратини кучайтиришга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ҳамда озиқ-овқат соҳасининг инвестициявий жозибадорлигини ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Акмал МУҲАММАДОВ, Юнус БЎРИЕВ

(«Халқ сўзи») олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?