Картинг бўйича Ўзбекистон Кубоги ғолиби маълум бўлди

14:11 14 Октябр 2025 Спорт
242 0

Картинг мусобақаси – бу шунчаки спорт эмас. Бу – ёш авлодни тезкор фикрлаш, техник саводхонлик ва масъулиятли қарор қабул қилиш салоҳияти билан тарбиялашда муҳим восита. Бундай тадбирлар “Ватанпарвар” ташкилотининг фаолиятида техник ва амалий спорт турларини оммалаштириш, ҳарбий-ватанпарварлик руҳини шакллантириш, ёшлар ўртасида фаол ҳаёт тарзини кенг тарғиб этишга хизмат қилади. Шу маънода шу йилнинг 10-12 октябрь кунлари Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги ўқув спорт техника клубига қарашли картадром яна бир бор юртдошларимизнинг диққат марказида бўлди. “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий Кенгаши ташаббуси билан картинг бўйича Ўзбекистон Очиқ Кубогининг финал босқичи ўтказилди.

Мусобақада нафақат юртимиз, балки бошқа давлатлар – Россия ва Тожикистондан келган ёш спортчилар ҳам иштирок этиши тадбирнинг нуфузи ва қамровини янада оширди. Микро, мини, супермини, ОК-жуниор, патриот, КФ ва КЗ синфларида 85 нафар спортчи ўз маҳоратларини намоён қилишди. Жаҳон стандартларига мос картадромдаги ҳар бир зафарли бурилиш, ҳар бир тезкор қарор фақат югуриш эмас, балки стратегик фикрлаш ва ирода синови эканини яққол кўрсатди.

– Рости, бу мусобақа учун биз бир неча ой давомида пухта тайёргарлик кўрдик. Ҳам инфратузилмани, ҳам спортчиларимизни тайёрлашга жиддий ёндашдик, — дейди мезбон ташкилот раиси Аҳмаджон Алохўжаев. – Ҳар бир бола қайси бурилишда қандай қарор қабул қилиши, қандай жиҳозда қай тарзда ҳаракатланиши – барчаси машғулотларда синовдан ўтди. Бу фақат ғалаба эмас – жамоавий меҳнат самараси.

Биринчи навбатда интизом. Спортчиларимизда ватанга муҳаббат, жавобгарлик ҳисси ва бир-бирига бўлган ишонч юқори. Ундан ташқари, “Ватанпарвар” ташкилоти қошида техник тўгараклар, машғулотлар ва ватанпарварлик дарслари мунтазам ўтказилади. Бу тарбия самараси.

Қувонарлиси – мусобақанинг якунида Ўзбекистон Кубоги Наманган вилояти жамоасига насиб этди. Улар нафақат тезликда, балки жамоавий ҳамжиҳатлик, интизом ва юксак тайёргарликда ҳам ўзини намоён этди. Иккинчи ўринни Тошкент шаҳри, учинчи ўринни эса Тошкент вилояти жамоалари эгаллади.

Тантанали тақдирлаш маросимида “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси ўринбосари, Республика техник ва амалий спорт турлари маркази директори А. Қурбаниязов, Наманган вилояти “Ватанпарвар” ташкилоти раиси А. Алохўжаев ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.

Улуғбек РЎЗИМАТОВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?