Карманаликлар қачон оқова сув тизимига эга бўлишади?
Қадим Кармана асос солинганидан бери оқова сув муаммоси аҳолини безовта қилиб келади.
— Айниқса, ёғингарчилик мавсумларида айрим кўчаларимиздан ойлаб кўлмаклар тортилмайди, — дейди шифокор Иброҳим Ҳошимов. — Аҳоли хонадонлари, ҳовлиларда ифлос бўлган сувларнику айтмасак ҳам бўлади. Афсуски, бу сувлар инфекция ўчоғи саналади.
Кармана аҳолисини йиллар давомида ташвишга солиб келган муаммони бартараф этиш мақсадида 2022 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Франция тараққиёт агентлиги иштирокида «Навоий вилояти Кармана туманида оқова сув тизимларини қуриш», шунингдек, «Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш» лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарийб олти йилга мўлжалланган ушбу ҳамкорлик лойиҳаси доирасида Карманада умумий қиймати 28,5 млн евро бўлган замонавий оқова сув тизимлари барпо этилмоқда. Лойиҳага кўра, суткасига 8 минг куб метр оқова сувни тозалаш қувватига эга иншоот, 4 та насос станцияси қурилади, 152 километрлик оқова тармоқлари тортилади. Натижада 50 минг нафар аҳолининг кўп йиллик муаммоси ўз ечимини топади.
Яқинда Франция тараққиёт агентлиги вакиллари Кармана тумани ҳокими қабулхонасида бўлиб, лойиҳанинг бориши, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан фикр алмашдилар.
Таъкидлаш жоизки, лойиҳанинг амалиётга жорий этилиши натижасида Карманада аҳоли ва тадбиркорлар учун оқова сув хизматларидан фойдаланиш даражаси кескин ошади. Бу эса ҳудуднинг санитария-эпидемиологик ва экологик ҳолатини яхшилаш билан бирга, қадимий шаҳарнинг сайёҳлик жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг