“Каркидон”да экотуристик масканлар ҳамда улкан гулзорлар бунёд этилмоқда
Айни кунларда Қува туманида жойлашган “Каркидон” сув омбори ҳудудида 280 гектар ер ўзлаштирилиб, замонавий экотуристик манзиллар барпо қилинмоқда.
Таъкидлаш жоизки, мазкур сув омбори 1964 йилда қурилган бўлиб, 180 миллион кубметр сув сақлаш қувватига эга. “Каркидон” ҳамиша тоза ҳаво эсадиган қир-адирлар ўртасида жойлашган. Шунинг учун ҳам Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан бу ерда туризмни жаҳон андозалари даражасида ривожлантиришга қаратилган 200 га яқин истиқболли лойиҳа ишлаб чиқилди.

Унга кўра, 400 ўринга мўлжалланган кўп қаватли меҳмонхона қурилади. Сув бўйларига оилавий дам олиш учун коттежлар бунёд этилади. Сув омборининг икки ёнидаги тепаликлар орасига дор йўли тортилиб, ҳаракатланувчи осма кабиналар қўйилади. Улар икки қирғоқни бир-бири билан боғлайди ва дам олувчиларда унутилмас таассурот қолдиради.
Шунингдек, унинг қирғоқларида чўмилиш ҳавзалари, сув аттракционлари, қуёш нурида тобланиш учун шароитлар яратилади. Болажонлар учун қумлик бурчаклари ташкил этилади.

Ўтган қисқа даврда ҳудуд бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 110 минг тупдан ортиқ дарахт экилди. Айни жараёнда япон сафораси, қайрағоч, шарқ туяси, арча каби 15 турдаги ҳудуд об-ҳавоси мўътадиллигини таъминлаш учун салқин берувчи, ўзидан кислород чиқарувчи манзарали дарахтлар экилишига эришилди.
— Шу кунларда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри тажрибаси асосида 10 гектар ерда улкан гулзор бунёд этиш ишлари жадал олиб борилмоқда, — дейди мутахассис Абдуллажон Назиров. — Шу мақсадда хитойлик мутахассислар билан ҳамкорликда дунёнинг турли ҳудудларидан келтирилган анвойи гул уруғлари экилиб, бир текис ундириб олинди.

Ўз навбатида, 15 гектар ерда Лотин Америкаси тажрибаси бўйича гуллар хиёбони, ўрмонзор ташкил этиляпти. Умуман олганда, қарийб 50 гектар майдонда ана шу каби гўзал ва бетакрор яшил хиёбонлар бунёд этилади. Бу борада суғориш ишларини бир маромда амалга ошириш учун сунъий сув ҳавзаси барпо этилиб, обиҳаёт манбаини 140 метр баландликкача кўтариб бериш имконияти яратилди.
Ҳозирги кунда хориждан келтирилган 3 минг тупдан зиёд манзарали дарахтларни экиш ишлари ҳам давом этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг