Ўзбекистон Президенти “С5+1” форматидаги шерикликни янада кенгайтиришга чақирди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президентининг расмий қароргоҳи – Вашингтон шаҳридаги Оқ уйда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “С5+1” форматидаги саммитида иштирок этди.
Президент Дональд Трамп раислигида ўтган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.
Давлатимиз раҳбари АҚШ етакчисига асос солинганидан буён ўтган 10 йилда минтақавий савдо, транспорт ва энергетика алоқаларини ривожлантиришнинг самарали механизмига айланган “С5+1” форматидаги саммит ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу саммит Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бериши таъкидланди.
“С5+1” формати доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида давлатимиз раҳбари қатор ташаббусларни илгари сурди.
Аввало, иштирокчи мамлакатларда навбати билан жойлаштириладиган доимий фаолият юритадиган Котибиятни таъсис этиш таклиф қилинди.
Давлат идоралари, компаниялар ва молия институтлари ўртасида тизимли мулоқотни таъминлаш мақсадида вазирлар даражасида Инвестициялар ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, “Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” жамғармасини ишга тушириш долзарб экани таъкидланди.
Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиёни Жанубий Кавказ ва Европа билан боғлайдиган йирик транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишда АҚШ билан фаол ишлашга тайёрлигини билдирди.
Муҳим минералларни қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, тайёр маҳсулотларни глобал етказиб бериш занжирларига киритиш учун Махсус қўмитани тузиш таклиф қилинди.
Минтақа қишлоқ хўжалигини Америка технологияларини жорий этган ҳолда модернизация қилиш мақсадида Минтақавий агротехнологик инновациялар шериклигини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Президенти АҚШнинг етакчи музейларида Марказий Осиё мамлакатларининг маданий меросига бағишланган қўшма кўргазмаларни ташкил этиш таклифи билан чиқди.
Давлатимиз раҳбари навбатдаги саммитни Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф қилди.
Тадбирда бошқа етакчилар ҳам сўзга чиқди.
Саммит якунида кўп томонлама ҳужжатлар қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг