Карантин даврида ходимнинг розилигисиз меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиладими?

11:56 23 Ноябрь 2020 Сиёсат
392 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида олиб борилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ниҳоятда қизғин кечди.

Хўш, Меҳнат кодекси лойиҳасини қабул қилиш учун зарурат борми? Мазкур ҳужжат қабул қилингач, қонунчиликда қандай ўзгаришлар бўлади?

Аввало, шуни айтиш керакки, 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодексида кўплаб ҳаволаки нормалар мавжуд, барча зарур масалалар аниқ тартибга солинмаган. Шу сабабли уни амалиётда қўллашда бир қатор муаммолар юзага келмоқда.

Шунингдек, ушбу ҳужжатда фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги турли хил шаклларининг фаол ривожланиши ҳисобга олинмагани, иш берувчиларни, хусусан, қўшимча одамларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган мослашувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун етарли шарт-шароитлар яратилмагани янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини қабул қилиш заруратини келтириб чиқарди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида эса мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий соҳа ва иқтисодиётни ривожлантириш, жумладан, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида мамлакатимиз меҳнат қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгиламоқда.

Аҳамиятли томони, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби нормаларни ҳам ўз ичига олади.

Яна бир муҳим жиҳат борки, бу ҳақда алоҳида тўхталишни ўринли, деб биламан. Чунки Кодекс лойиҳасида меҳнат шартномасини тузиш билан боғлиқ айрим муносабатлар такомиллаштирилмоқда. Хусусан, ишга қабул қилишга йўл қўйиладиган ёшга аниқлик киритилиб, ишга қабул қилишда дастлабки синов белгиланмайдиган шахс тоифалари кенгайтирилаётир.

Бундан ташқари, мамлакатда ёки минтақада фавқулодда ҳолат ёки карантин чоралари эълон қилинганда ходимнинг розилигисиз меҳнат шартномасига ўзгартириш киритиш шартлари, жумладан, мослашувчан қулай режимга ўтиш, тўлиқсиз иш вақти, масофадан туриб ишлаш кабилар белгиланмоқда. Бу эса ўз навбатида, пандемия даврида айрим корхона ва ташкилотларда юзага келган турли ҳолатларнинг қайта такрорланмаслигига, энг асосийси, бундай муаммоларга батамом барҳам беришга муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатларининг мувозанатини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳамкорликка жалб қилишда юқори самара беради. Айниқса, томонлар ўз меҳнатининг натижадорлигига қизиқишини ошириш, кичик бизнес ва якка тадбиркорлик соҳасига меҳнат қонунчилигини татбиқ қилишда бир қатор имкониятлар яратади.

Қаҳрамон ЭРГАШEВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?