Кандакор аёл кундани ҳам тилга киритмоқда

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Одатда қуриган дарахтни арралашади. Болта билан ёриб тарашага айлантиришади. Кейин ёқилғи сифатида ишлатилади. Бир қарашда қуриган дарахтнинг “пешанаси”га ёниб, кулга айланиш қисмати ёзилган. Аммо бухоролик кандакор уста, наққош Гулчеҳра Ҳамидова бошқача фикрда. У дарахт танасига бетакрор халқ амалий санъати намуналарини яратиш воситаси деб қарамоқда.
— Бунинг учун ёғоч керакли ўлчамда кесилади. Юзасига ишлов берилиб, силлиқлаштирилади, — дейди у. — Шундан сўнг мусаввирлик маҳоратингизни ишга соласиз. Кўриб турганингиздек, ёғоч юзасида мана бундай миниатюра асари яратиш, қадимий ёдгорликлар ёки она-табиат манзаралари тасвирини тушириш мумкин. Экологик тоза хом ашёда яратилган бундай совғабоп бадиий буюмлар сайёҳларга маъқул тушади, албатта. Улар меҳмонхона, ресторан, офисларда ўзига хос безак вазифасини ўтайди.
Гулчеҳра опа кўҳна Бухорода, кандакор уста Ҳамидовлар хонадонида туғилиб вояга етган. Бу сулола тарихи 200 йилдан кам эмас. Чунончи, Ўзбекистон халқ рассоми Салимжон Ҳамидов ўтган асрда Бухоро кандакорлик мактабининг забардаст вакили саналган. Гулчеҳра опанинг отаси Анвар ота ҳам 55 – 60 йилча кандакорлик қилган.
Сирасини айтганда, кандакор аёллар бармоқ билан санарли даражада оз. Бу ҳунар билан одатда, эркаклар шуғулланишади. Кандакорлар оиласида вояга етгани боис қаҳрамонимизда шу ҳунарга меҳру муҳаббат уйғонган.
— Биласиз, кандакорлик дейилганида мис, латун каби металл буюмларга ўйиб ёки бўртиқ қилиб нақш тушириш тушунилади, — дейди суҳбатдошимиз. — Отам биринчи устозим. Бу ҳунар сирларини пухта ўрганмоқни ният қилган киши яхшигина мусаввир бўлиши, композиция танлай олиши, нақшлар мазмун-моҳиятини идрок этиши, геометрияни, адабиётни, тарихни билиши керак. Отам бошланғич синфларда ўқиб юрган пайтимдаёқ мени Бухоро шаҳридаги “Абру баҳор” тасвирий санъат маркази раҳбари, Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси аъзоси Раҳим Ҳакимов ҳузурига олиб борган. Ўрта мактабни тугатгач, олий ўқув юртида бадиий графика йўналишида ўқидим.
Бухоро кандакорлик мактабининг бадиий буюмлари шаклининг соддалиги, нақшларининг нафислиги билан ажралиб туради. Бу мактаб боғидан гул термоққа шайланган, кандакорлик этагидан тутган одам нозик нақшлар билан тиллаша олиши зарур. Унда кўриш қобилияти кучли бўлмоғи даркор. Оддий мис ёки латундан санъат асари яратмоқ осонмас. Қўл меҳнати маҳсули саналган бундай буюмлар сабру тоқат, чидам, қалб ҳарорати, кўз нурини талаб қилади. Гулчеҳра опа буни чуқур ҳис этган ҳолда ишлайди.
Кандакорнинг фикрича, ҳунар сир-асрорини эгаллаган ёшлар ҳаётдаги энг чигал, мураккаб юмушга ҳам осонлик билан ечим топа олади. Муҳими, бола турмуш синовларига бардошли бўлиб вояга етади.
Гулчеҳра Ҳамидова айни пайтда Когон шаҳридаги 2 – сон мусиқа ва санъат мактабининг театр, тасвирий ва амалий санъат бўлими раҳбари вазифасида ишлаб, ўнлаб ёшларга мураббийлик қиляпти. Кўплаб шогирдлари шу ҳунар ортидан рўзғор тебратаяпти. Республикамизнинг олий ўқув юртларида таҳсил оляпти. Яқинда мамлакатимиз пойтахтида ўтказилган “Биз бахтли болалармиз” танловида шогирди Биллура Бозорова фахрли 2 – ўринни эгаллаб, халқаро миқёсдаги тадбирнинг Боку шаҳрида ташкил этиладиган якуний босқичи йўлланмасини қўлга киритди.
Айтмоқчи, Гулчеҳра опа нафақат кандакор, балки наққош, мусаввир, дизайнер ҳамдир. Уни миллий ва замонавий либослар тайёрлаш устаси сифатида ҳам билишади. Буларнинг барчаси иш фаолиятида жуда асқатмоқда.
— Ҳар бир болага унинг қизиқиши, психологиясидан келиб чиқиб муносабатда бўламиз, — дейди педагог. — Ундаги қобилиятни юзага чиқариш асосий вазифамиздир. Халқ амалий санъатини қадрлайдиган, ҳаётдаги аҳамиятини чуқур англайдиган ота-оналар фарзандларини ҳузуримизга бошлаб келади...
Ўчоққа эмас, ижодкорнинг қўлига тушган дарахт танаси бўлакларига келсак, Гулчеҳра опа уларни энг иқтидорли шогирдларига улашаяпти. Натижада ёш мусаввирлар устозлари кўмагида оддий тарашани тилга киритмоқда. Бадиий буюм ҳолига келгач, уларнинг бир туркуми кўргазмага қўйилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг