Канада ва Австралия Фаластин давлатини тан олди

Канада ва Австралия ҳукуматлари Фаластин давлатини тан олгани тўғрисидаги баёнотини эълон қилди.
Мазкур баёнотда айтилишича, ҳозирги Исроил ҳукумати Фаластин давлатининг ташкил этилишига йўл қўймаслик учун тизимли равишда иш олиб бормоқда. Ҳукумат халқаро ҳуқуққа зид равишда Ғарбий Соҳилда аҳоли пунктларини кенгайтириш бўйича тўхтовсиз сиёсат олиб бормоқда. Исроил ҳукуматининг Ғазо ҳудудидаги давомли ҳарбий операциялари минглаб тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган. Бундан ташқари, бир миллиондан ортиқ маҳаллий аҳоли вакиллари бошқа ҳудудларга кўчишга мажбур бўлган. Шунингдек, Исроил ҳукуматининг тизимли ҳужумлари халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда ҳалокатли очарчиликка ҳам сабаб бўлган.
«Шундай вазиятда Канада Фаластин давлатини тан олади. Ҳукуматимиз Фаластин ҳамда Исроил давлатлари учун тинч келажак яратишда ҳамкорлик таклиф қилади. Канада буни икки давлат ечими имкониятини сақлаб қолиш бўйича мувофиқлаштирилган халқаро саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида амалга оширмоқда. Бу эътироф Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида акс эттирилган ўз тақдирини ўзи белгилаш ва инсон ҳуқуқлари тамойилларига ва Канаданинг авлодлар учун изчил сиёсатига қатъий мос келади», — дейилади ҳукумат баёнотида.
Шунингдек, Австралия ҳукумати ҳам Фаластин давлатини тан олгани тўғрисида баёнот эълон қилди.
Ушбу баёнотда 2025 йилнинг 21 сентябрь кунидан бошлаб, Австралия Фаластинни мустақил ва суверен давлат сифатида расман тан олиши белгиланган.
«Австралиянинг Канада ва Буюк Британия билан бир қаторда Фаластинни тан олиши Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва 2023 йил 7 октябрдаги ваҳшийликларда гаровга олинганларни озод қилишдан бошлаб, икки давлат ечими учун янги суръат яратиш бўйича мувофиқлаштирилган халқаро саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир. Бугунги эътироф акти Австралия ва Фаластин халқлари учун доимо тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг ягона йўли бўлган икки давлат ечимига узоқ йиллик садоқатини акс эттиради», — дейилади баёнотда.
Шунингдек, эълон қилинган баёнотда Австралия ҳукумати халқаро ҳамкорлар билан бугунги эътироф актини мустаҳкамлаш ва Яқин Шарқни мустаҳкам тинчлик ва хавфсизликка яқинлаштиришга ёрдам бериш учун ишлашда давом этиши қўшимча қилинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг