Камбағалликдан фаровонлик сари

14:40 26 Сентябр 2024 Жамият
334 0

Фарҳод ЭСОНОВ/“Халқ сўзи”. Мамлакатимизда тўрт йил аввал аҳолининг муайян қисми камбағал экани қайд этилди. Бу шунчаки бундай қатлам мавжудлигини тан олиш бўлмади. Шу кундан эътиборан камбағал оилаларга кўмаклашишга киришилди. Камбағалликни қисқартириш бўйича амалий ҳаракат, молиявий ечим, ташкилий чоралар уйғунлаштирилгани эса ўз самарасини берди. Ўтган қисқа даврда кўп йиллар оғир вазиятда бўлган уч миллион нафардан зиёд одамларнинг иқтисодий имкониятлари яхшиланди.

Жорий йил 11 сентябрь куни Президентимиз раислигида маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, камбағал оилалар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланиши белгиланди. Барча даражадаги масъулларга тегишли вазифалар берилди.

— Вилоятимизда мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги 23,3 мингта оила 4 минг 700 дан ортиқ мутасаддига бириктирилди, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов. — “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига мувофиқ аҳолини қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича амалга оширилаётган вазифалар ижроси шахсан вилоят раҳбари назоратида.

Маълумки, 2021 йил ҳоким ёрдамчилари институти жорий этилган эди. Улар маҳаллаларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиб камбағалликдан чиқариш бўйича ишлади. Бу дастлабки босқич эди. Эндиги босқичда эса манзилли ишлаш бўйича галдаги вазифалар белгиланди.

Вилоятда нисбатан камбағаллик даражаси юқори бўлган Музработ тумани янги тизимни амалга оширишда намунали ҳудуд сифатида танлаб олинди. Камбағал оила сифатида қайд этилган хонадонларнинг ҳар бирига масъуллар бириктирилди.

Масалан, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳусниддин Мамадиевга Музработ туманидан камбағалликни қисқартириш учун 5 та оила бириктирилган. Дастлаб бошқарма бошлиғи ўзига бириктирилган оилаларда бўлди. “Хонадонбай” олиб борилган ўрганишлар давомида оилалар, асосан хотин-қизларнинг муаммолари тингланди. Бир нафар аёл ҳудуддаги 23-мактабга ишга жойлаштирилди, яна бири эса тикувчилик йўналишида иш бошлаши учун кўмаклашилди. Шунингдек, 1 та оила вакилининг даволаниши учун кўмаклашилмоқда, қолган 2 та оила вакиллари тадбиркорликка йўналтирилди.

Оғир ҳудуд тоифасидаги маҳаллалар инфратузилмаси яхшиланяпти, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида ички йўллар асфальтланмоқда. Турли ижтимоий объектлар барпо этиляпти. Кўмакка муҳтож оилаларга манзилли ижтимоий ёрдамлар кўлами кенгайтирилди. Туманда ҳар қандай ижтимоий ёрдам пировардида аҳоли бандлиги бирламчи масала сифатида қаралмоқда. Зеро, ишсизлик ҳар қандай оилани камбағалликка етаклайди.

Яқинда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалардан 10 нафар хотин-қизга субсидия асосида тикув машинкалари берилди. Шунингдек, тумандаги “Азиза-Озода” масъулияти чекланган жамияти томонидан ушбу аёллар билан меҳнат шартномалари тузилди ва тикувчилик цехига ишга қабул қилинди. Энди улар 1,5 — 2,8 миллион сўмгача ойлик маошли доимий иш ўрнига эга бўлишди.

Сурхондарёнинг иқлими деҳқончилик учун жуда қулай, маҳсулотлар эрта пишади. Шу боис вилоятда сўнгги беш йилда мева-сабзавот асосий экин майдонлари 2,5 баравар кўпайтирилди. Ўтган йил аҳоли учун яна 8 минг 500 гектар ажратилди. Деҳқонларга шароит яратиб, сув таъминотини яхшилаб, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини 2 бараварга оширилди. Экспорт ҳажми эса 250 миллион долларга етказилди.

Бу йил ҳам бу борадаги ишлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Аҳолига фойдаланиш учун ажратилаётган ер майдонлари кўплаб оилаларнинг фаровонлигини оширмоқда. Масалан, Музработ тумани шоли етиштиришда қулай ҳудуд саналади. Шоли эса даромадли экинлардан. Эҳтиёжманд оилаларнинг ишсиз ёшларига узоқ муддатга фойдаланиш учун шоли майдонлари ажратиляпти. Масалан, Буюк ипак йўли маҳалласидан Шаҳзод Шеродилов ҳам ўз ер майдонига эга бўлган ёшлардан.

— Шу кунгача ишсиз эдим, — дейди Ш.Шеродилов. — Баъзида хорижга мавсумий ишга ҳам бориб келардим. Энди бу ташвишларим ариди. Узоқ муддатга шоли етиштиришим учун менга ҳам ер ажратилди. Айни пайтда менга берилган майдондан 2,5 тонна шоли ҳосилини олишни мўлжаллаяпман. Шу ер ортидан оила аъзоларимизнинг ҳам бандлиги таъминланмоқда.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда бошланган навбатдаги босқичда Сурхондарё камбағаллик ва ишсизликдан мутлақо холи ҳудудга айланишига шубҳа йўқ. Барча даражадаги масъуллар ана шу йўлда янада жипслашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер