Кам-кўстимиздан ортганини жамғариб, ўғлимга уй қуриб бердим, машина сотиб олдим — Ҳолиқул Соибназаров
Иштихон туманида 46 минг нафардан ортиқ томорқа ер эгалари мавжуд бўлиб, уларнинг экин экиладиган очиқ майдонлари 7 минг 580 гектарни ташкил этади. Бугунги кунда 2024 йил ҳосили учун туманда 2679 гектарга яқин ерда тўқсонбости экинлар парваришланяпти.
Туманда ишбилармон деҳқонлар кўп. Биргина Дехқонобод маҳалласида 615 та хонадон бўлиб, 2024 йил ҳосили учун аҳоли томорқасининг 36 гектар майдонига тўқсонбости экинлар экилган. Тўрақул Ҳалимов маҳаллада 30 йилдан бери томорқасидан унумли фойдаланиб келаётган уста деҳқонлардан бири.
— Ҳар йили томорқамизнинг 10 сотихида тўқсонбости экин сифатида саримсоқпиёз ва исмалоқ етиштирамиз, — дейди Т.Ҳалимов. — Ўтган йили 8 сотих ерга экилган саримсоқпиёз ҳосили 1 тонна 300 килограмм бўлди ва ундан 30 миллион сўмга яқин даромад олдик. Кейинги йилларда саримсоқпиёзнинг ўзагини ҳам газак тайёрловчилар сотиб олиб кетишяпти. Авваллари уни чиқиндихонага чиқариб ташлардик. Томорқада бир қарич ер бўш турмайди. Эгат четларидан ҳам кўкатлар етиштириб фойдаланамиз. Меҳнатимиз орқасидан йилига томорқанинг ўзидан 100 миллион сўмдан ошириб даромад келяпти.
Туманнинг Каттақангли маҳалласида эса 841 та хонадон мавжуд бўлиб, аҳоли томорқасининг экин майдони 118 гектарни ташкил қилади. Маҳалланинг Диёр қишлоғида яшовчи Ҳолиқул Соибназаров ҳовлисидаги ер даромад манбаи ҳисобланади.
— Бор-йўғи 4 сотихлик томорқамиз бор, — дейди Ҳ.Соибназаров. — Бу ернинг 2 сотихида қулупнай етиштирамиз. Қулупнай кўчатлари орасига саримсоқпиёз парваришлаяпмиз. Ҳар иккала маҳсулот ҳам бир вақтда, май ойида йиғиштириб олинади. Ўтган йили қулупнай ва саримсоқпиёз ҳосилидан 60 миллион сўмга яқин даромад қилдик. Қолган 2 сотих ерда помидор, картошка ва бошқа сабзавот маҳсулотлари етиштирамиз. Ер қишда ҳам бекор турмайди. Томорқадан йилига 2-3 марта фойдаланишимизни ҳисобга олсак, шу озгина ердан 90 миллион сўмлик маҳсулотни бозорга чиқариш мумкин. Рўзғор асосан томорқадан топган даромадимиз эвазига тўкин. Кам-кўстимиздан ортганини жамғариб, ўғлимга уй қуриб бердим, машина сотиб олдим.
Меҳнат қилган одам роҳатини ҳам кўради, деганлари шу бўлса керак. Хуллас, астойдил меҳнат қилган кишини ер боқади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг