Каха Имнадзе: Марказий Осиё – мамлакатлар ва халқлар ўртасида дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатишда дунёнинг бошқа минтақалари учун намуна бўлмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Янги Ўзбекистон ва Янги Марказий Осиёнинг уйғониш даври ҳақида
Бугун Марказий Осиё минтақаси шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг кенг ҳудудига айланиб бормоқда. Минтақа давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари тараққиёт ва фаровонлик йўлидаги ташаббусларни бирлаштиришга хизмат қилди.
«Дунё» ахборот агентлиги БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе билан минтақанинг геосиёсий аҳамияти ва унда содир бўлаётган жараёнлар ҳақида суҳбатлашди.
– Жаноб Имнадзе, Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистоннинг ўзаро ҳамкорлик фаоллашуви ва давом этаётган интеграция жараёнларини ҳисобга олган ҳолда бугунги ривожланишини қандай баҳолайсиз?
– Аввало, Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, хусусан, «Дунё» ахборот агентлигига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, жумладан, мен раҳбарлик қилаётган БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази фаолиятига қизиқиш билдирганингиз учун ўз миннатдорлигимни билдираман.
Марказ 2007 йил декабрь ойида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ташаббуси билан минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда зиддиятларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилган. Марказнинг асосий мақсади ўзаро тушуниш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун нейтрал платформа яратиш орқали юзага келиши мумкин бўлган можароларнинг кучайишига йўл қўймаслик ва минтақа давлатлари ўртасида мулоқотни ривожлантиришдан иборат. Шу нуқтайи назардан, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ва Марказий Осиё давлатларининг тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган қўшма ташаббуслари тўғрисида жамоатчилик хабардорлигини оширишда оммавий ахборот воситаларининг муҳим ролини алоҳида таъкидлашни истар эдим.
Саволингизга жавоб сифатида шуни айтиш керакки, Марказий Осиё минтақа халқлари ўртасида дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатишда бошқа минтақалар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Бешта давлатнинг минтақавий ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлигининг бугунги тенденциялари Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг узоқни кўзлаб амалга ошираётган ислоҳотлари ва ўзаро ишончнинг ёрқин намунасидир.
БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ва БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари сифатида ушбу ижобий жадал ва ўсиб бораётган ишонч даражасини олқишлайман. Бу эса натижада минтақавий ҳамжиҳатлик ва интеграцияни, жумладан, зарур ҳолларда таркибий соҳада ҳам кенгайишига олиб келади, деб умид қиламан.
Ўзбекистон минтақадаги энг кўп аҳолига, катта табиий ресурсларга ва барча қўшни давлатлар билан умумий чегарага эга давлат сифатида Марказий Осиёда муҳим роль ўйнайди. 2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг БМТ Низоми, халқаро ҳуқуқ тамойилларига содиқлик, шунингдек, тинчлик, яхши қўшничилик ва минтақавий барқарорликни мустаҳкамлашга интилишга асосланган янги ташқи сиёсат йўналиши халқаро муносабатларни шакллантириш ва Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувлари ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, барқарор ривожланишга эришиш учун шарт-шароит яратиш каби ташаббуслари муҳим аҳамият касб этиб, ижобий натижалар бераётгани қувонарли.
БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази минтақадаги ижобий тенденцияларни олқишлайди ва сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш, БМТнинг Глобал терроризмга қарши кураш стратегияси, ёшлар масалалари бўйича мулоқотни ривожлантириш ва «Аёллар, тинчлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш» дастури кун тартибини амалга ошириш каби муҳим соҳаларда минтақавий масалаларни ҳал қилишнинг ўзаро мақбул ва узоқ муддатли механизмларини ишлаб чиқиш орқали ушбу жараёнларни қўллаб-қувватлашда давом этади.
БМТ Бош котиби жорий йилнинг июль ойида Марказий Осиёга ташрифи чоғида умумий масалаларга жамоавий ечим топишда минтақавий ҳамкорлик муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатлардаги ижобий ўзгаришлар ва ишонч даражаси ошиб бораётгани минтақавий интеграцияни янада чуқурлаштириш учун қулай шарт-шароит яратаётганини қайд этди.
Ушбу ташриф Марказий Осиёнинг замонавий геосиёсий ландшафтдаги стратегик аҳамиятини кўрсатади. Муштарак тарихий, маданий ва ўзаро тил меросига эга мамлакатларни бирлаштирган минтақа сув танқислиги, ерлар деградацияси, табиий офатлар, хавфсизлик ва боғлиқлик муаммоларига дуч келмоқда. Бугунги мураккаб геосиёсий шароитда шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва ушбу масалаларни ҳал этишда биргаликда ҳаракат қилиш муҳим аҳамиятга эга. Яна бир бор такрорлайман, бу каби масалаларга фақат ишонч, мулоқот ва ҳамкорлик орқали эришиш мумкин.
– Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида Ўзбекистоннинг БМТ билан ўзаро ҳамкорлиги ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
– Маълумки, Ўзбекистон БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши шафелигида Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) амалга ошириш бўйича Олий даражадаги сиёсий форумда икки марта, 2020 ва 2023 йилларда Ихтиёрий миллий ҳисоботини тақдим этган эди. Шу нуқтайи назардан, янгиланган Конституция қоидалари ва БРМга асосланган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини олқишлайман. Стратегияда инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш, «яшил» ривожланиш, коррупцияга қарши кураш ҳамда қонун устуворлигига алоҳида аҳамият берилган. Унда Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик «белбоғи»ни яратиш, трансчегаравий сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларини янада тинч йўл билан ҳал этиш, шунингдек, чегараларни делимитация ва демаркация қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Минтақавий даражада Ўзбекистон БМТ Минтақавий маркази фаолиятини фаол қўллаб-қувватлаб, профилактик дипломатия муҳимлигини ва Марказий Осиёдаги умумий масалаларни ҳал қилиш учун ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини тан олади. Ўзбекистон БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан таклиф этилаётган ташаббуслар ва мулоқот платформалари ишига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Минтақа давлатлари ўртасида хавфсизлик муаммоларига самарали жавоб бериш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва экологик вазиятни яхшилаш учун ўзаро мақбул ечимларни излаш, шунингдек, минтақа давлатларининг Афғонистон бўйича ёндашувларини мувофиқлаштиришда фаоллик кўрсатмоқда. Жорий йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази шафелигида Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўринбосарларининг навбатдаги йиллик йиғилиши бўлиб ўтади.
Ўзбекистон, шунингдек, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази доирасида бир қатор муҳим тадбирларни ташкил этди. 2022 йил март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда қабул қилинган БМТнинг Марказий Осиёда терроризмга қарши глобал стратегиясини амалга ошириш бўйича янгиланган Қўшма ҳаракатлар режасини рўёбга чиқариш доирасида мутахассислар, давлат идоралари вакиллари, фуқаролик жамияти, аёллар ва ёшлар учун маслаҳатлашувлар ҳамда ўқув семинарлари ўтказилди. Шу нуқтайи назардан, 2024 йил 14 май куни Ўзбекистонда Қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича минтақавий экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» кун тартибини илгари суриш ҳамда давлат бошқарувида аёлларнинг ролини кучайтиришга қаратилган етакчи хотин-қизларни бирлаштирган ноёб минтақавий платформа – Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқотини яратиш ва ривожлантиришда муҳим роль ўйнади. Ушбу платформанинг биринчи раиси сифатида Ўзбекистон унинг барча даражадаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг самарали воситаси эканлигини намоён этди.
Биз Ўзбекистоннинг профилактик дипломатия воситаларини илгари суриш ва қўллашда кўрсатаётган ёрдамини юксак қадрлаймиз. Шунингдек, Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг 2017, 2021 ва 2023 йилларда қабул қилинган «Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича БМТ минтақавий марказининг роли» резолюциясини изчил қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари Бош Ассамблеянинг 78-сессиясида БМТ Бош котибининг Келажак саммитини ўтказиш ташаббусини алоҳида қўллаб-қувватлади. Бу кўпчиликнинг фикрича, глобал ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг роли ва самарадорлигини кучайтириш кўп томонлама шериклик учун янги асос яратишга хизмат қилиши керак. Ўзбекистон БМТ ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш тарафдоридир.
– Яқин келажакда БМТ минтақада қандай янги дастур ва лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда? Муваффақиятли лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар ҳам биз учун муҳим.
– БМТнинг Минтақавий маркази ўзининг превентив ваколати доирасида минтақанинг барча давлатлари билан асосий йўналишлар бўйича фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш, музликларнинг эриши оқибатлари, гендер тенглиги, шунингдек, превентив дипломатияда ёшлар ва аёлларнинг ролини кучайтириш шулар жумласидандир. Марказий Осиёга ўз таъсирини кўрсатаётган қўшни Афғонистондаги вазиятнинг ривожланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бизнинг марказ минтақа давлатлари билан ҳамкорликда 2022-2025 йилларга мўлжалланган сув-энергетика, атроф-муҳит ва иқлим соҳаларида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Стратегияни амалга оширмоқда. Стратегия сув муаммолари бўйича умумий ечимларни ишлаб чиқиш ва Орол денгизи ҳавзасида сув ресурсларини бошқаришнинг ўзаро мақбул механизмларини яратиш учун кўп томонлама эксперт платформасини тақдим этади.
Марказ, шунингдек, низоларнинг олдини олиш ва ҳал қилиш билан шуғулланувчи миллий ва минтақавий институтларнинг салоҳиятини оширишга ёрдам беради. Ушбу қўллаб-қувватлаш маҳаллий тинчлик ва барқарорлик механизмлари самарадорлигини ошириш учун ўқитиш, техник ёрдам ва илғор тажриба алмашишни ўз ичига олади. Марказ минтақадаги потенциал можаро манбаларини тадқиқ қилиш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади, бу эрта белгиларни аниқлаш ва хавфларни камайтириш учун фаол чоралар кўришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, Марказ турли даражадаги ва манфаатдор томонлар, жумладан, етакчи аёллар ва ёшлар иштирокида мулоқот ҳамда превентив дипломатия имкониятларини кенгайтириш устида иш олиб боради. Масалан, Марказ «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик», «Ёшлар, тинчлик ва хавфсизлик» кун тартиби доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ташаббусларини амалга оширади, минтақавий аёллар платформаси – Марказий Осиё етакчи аёллар мулоқоти ва Марказий Осиё ҳамда Афғонистон ёшлари учун Превентив дипломатия академиясини қўллаб-қувватлайди.
Марказ, шунингдек, минтақанинг барча бешта давлатида БМТ жамоалари билан яқин ҳамкорлик қилиб, минтақада ва ундан ташқарида барқарор ривожланиш ва барқарор тинчлик ўртасидаги боғлиқликни таъминлайди. БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази фуқаролик жамияти институтлари, таҳлил марказлари ва халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан тенгсизлик ва атроф-муҳит деградацияси муаммоларини ҳал қилувчи ташаббусларни илгари суриш, янада барқарор ва фаровон минтақани яратишга ёрдам бериш учун ҳамкорлик қилади.
Хулоса ўрнида шуни айтишни истардимки, Ўзбекистон ўттиз икки йилдан ортиқ вақт давомида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тўлақонли аъзоси сифатида глобал ва минтақавий тинчлик ва хавфсизлик кун тартибида ишончли ҳамкор бўлиб келмоқда. Ҳозирги мураккаб халқаро муҳит ва глобал рақобат кучайиб бораётганига қарамай, мамлакат БМТнинг барча йўналишдаги муҳим ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва БМТ асосий тамойилларини ҳурмат қилган ҳолда умумий тил топиш ва келишмовчиликларни мулоқот ҳамда тинч йўл билан ҳал қилиш учун қўшнилари ва минтақавий шериклари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган.
Фурсатдан фойдаланиб, халқингизга мустаҳкам соғлиқ ва фаровонлик, мамлакат раҳбариятига эса кенг кўламли ислоҳотлар доирасида барча режалаштирилган мақсадлар муваффақиятли амалга оширилишига тилакдошман. Янги Марказий Осиёнинг қайта туғилиши даврида Янги Ўзбекистон ва унинг қўшниларига минтақавий интеграция йўлида илҳом ва битмас-туганмас куч-ғайрат тилайман.
БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ўзининг мандати ва превентив дипломатия воситаларига таянган ҳолда, минтақада тинчлик ва хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш учун холис платформа яратиб, ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга доимо тайёр.
«Дунё» АА
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг