Йўл ҳаракати қоидабузарликларнинг жарима баллари қачондан кучга киради?

13:39 10 Май 2025 Ҳужжатлар
591 0

Йўл ҳаракати қоидабузарликларини баҳолашда янги тизим жорий этилди. Ҳукуматнинг 2025 йил 6 майдаги 296-сонли қарори билан «Йўл ҳаракати қоидабузарликларни жарима баллари асосида баҳолаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Унга кўра, транспорт воситасини бошқариш пайтида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик ҳолатлари энди жарима баллари орқали баҳоланади. Шунингдек, балларни ҳисоблаш, улар бўйича мурожаат қилиш ва кўриб чиқиш тартиби аниқ белгиланди.

Низомга асосан, жарима баллари фақат Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённомаларга кўра қабул қилинган қарорлар асосида ҳисобланади.

Бундан ташқари, ҳар бир ҳайдовчи қоидабузарликни биринчи марта содир этган кундан кейинги бир йил давомида тўплаган жарима баллари амалда бўлади. Агар бу муддат ичида баллар 12 тага етмаса, кейинги давр учун улар инобатга олинмайди.

Жарима баллари тизими автоматлаштирилган «E-jarimaball» модули орқали ҳисобланади. Бу тизим инсон омилисиз, яъни тўлиқ автомат тарзда ишлайди. Ҳайдовчилар исталган пайтда ўз баллари ҳақидаги маълумотларни мазкур модуль орқали билишлари мумкин. Агар ҳайдовчи томонидан содир этилган қоидабузарликлар баллар йиғиндиси 8 тага етса, унга СМС орқали огоҳлантирув юборилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган деб суд томонидан тан олинган ҳолатларда, жарима баллари айнан қоидабузарлик содир этилган кундан ҳисобланади. Бу эса ҳайдовчининг масъулиятини аниқлашда ҳуқуқий аниқликни таъминлайди.

Мазкур қарор 2025 йил 1 июндан бошлаб амалиётга жорий этилади. Шу тариқа, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни рағбатлантириш ва ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширишга қаратилган янги тизим иш бошлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?