Йилнинг энг яхши нотариуслари аниқланди

17:51 06 Декабрь 2024 Жамият
595 0

Ўзбекистон Нотариал палатасида ҳар йили Бош Қомусимиз қабул қилинган кун арафасида ўтказилиши анъанага айланган “Йилнинг энг яхши нотариуси” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу танлов нотариуслар ва палата ходимларининг касбий маданияти ва билимини ошириш, байрам арафасида фаол ва билимли нотариус ва ходимларни рағбатлантириш мақсадида ўтказиб келинмоқда.

Танлов иштирокчилари — нотариуслар томонидан якуний босқичнинг 1-шартига кўра танлов ҳайъатига уларнинг фаолияти ҳақидаги 3 дақиқали видеороликлар тақдим этилди. Иккинчи шарти Конституция ҳамда нотариат соҳасига оид савол-жавоблар бўлиб, нотариусларнинг жавоб беришда ҳозиржавоблиги, жавобларнинг қисқа ва лўнда эканлигига эътибор қаратилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, нотариуслар ушбу танловга катта тайёргарлик, кўтаринки руҳ билан иштирок этдилар. Адлия вазирлигининг Нотариат, адвокатура ва медиация бошқармаси бошлиғи Маъсум Ҳатамов, Юристлар малакасини ошириш маркази ўқитувчиси Севархон Марипова, Палата раҳбарияти ва масъул ходимларидан иборат ҳакамлар ҳайъати танловнинг холис ва шаффоф олиб борилишига эътибор қаратдилар.

Танлов иштирокчилари орасида энг билимли ва ҳозиржавоб иштирокчи, деб топилган Зангиота туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ўткиржон Мухторов биринчи ўринни қўлга киритди.

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Алишер Аҳмаджонов иккинчи, Хоразм вилояти Шовот туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Нодира Тоирова учинчи ўринга муносиб деб топилдилар. Танловнинг биринчи ва иккинчи ўрин соҳибларига чет элга малака оширишга йўлланма, учинчи ўрин эгасига қимматбаҳо совға тантанали равишда топширилди.

Ғолибларни тақдирлаш маросимида Палата раиси Дилшод Ашуров фаол ва қонун доирасида фаолият юритаётган нотариусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонун ва нормаларга риоя этган ҳолда аҳолига юксак савияда ҳуқуқий хизмат кўрсатаётган соҳа ходимларини рағбатлантириб борилишини алоҳида таъкидлади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси келаси йилнинг январь ойида 5 ёшга тўлади. Бугунги кунда Палатага аъзо бўлган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар сони 1200 нафарга етди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?